Коррупциявий жиноятларнинг иқтисодий сабабларига қуйидагиларни киритиш мумкин:
биринчидан, иқтисодий беқарорлик. Бу аввало инфляцияда намоён бўлади, яъни пул маблағларининг қадрсизланиши туфайли давлат ва маҳаллий давлат органлари хизматчиларининг ҳар қандай даромад манбаларини излашларига сабаб бўлади;
иккинчидан, жуда юқори даромадга эга бўлганлар табақасининг шаклланиши, уларнинг эркин маблағлари мансабдор шахсларни сотиб олиш учун ишлатилади;
учинчидан, самарали бозор рақобатининг йўқлиги асоссиз равишда жуда кўп даромад олиш имконини беради;
тўртинчидан, давлат мансабдор шахслари ва хизматчилари маошининг камлиги.
Коррупция жиноятчилигининг сиёсий сабаблари ва шароитлари:
а) аҳоли аксарият қисмининг ҳокимиятдан, мулкни бошқаришдан,қонун ижодкорлиги ва уни қўллаш амалиётидан четда эканлиги;
б) жиноий гуруҳлар вакилларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига кириб қолганлиги;
в) марказий ва маҳаллий органлар хизматчилари сонининг асоссиз равишда ҳаддан ташқари кўплиги.
Коррупциявий жиноятчиликнинг ташкилий хусусиятдаги сабаблари ва уларга имкон бераётган шарт-шароитлар:
а) коррупцияга қарши курашга қаратилган ҳуқуқий нормаларни кўлами амалиётнинг нисбатан янгилиги;
б) коррупциявий ҳуқуқбузарликнинг мaъмурий ва жиноят статистикасининг тўла ва объектив эмаслиги;
в) республика, вилоятлар миқёсида регистрлар, яъни давлат хизмати ёки маҳаллий давлат органларида ишлаши тaъқиқланган шахслар рўйхатини юритувчи ташкилотларнинг йўқлиги;
г) коррупциявий жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги мутахассисларни тайёрлашда ўқув-методик тaъминот даражасининг пастлиги;
д) непотизм қариндош уруғ, қуда андаларнинг хизмат бўйича бир-бирини қўллаб қувватлаши умумий ва адолатни, тартибни бузиб қариндошлари ва яқинларига даромадли ва фойдали мансабларни тақдим этиш.
Коррупция мавзуси унинг моҳияти ва ривожланиши ҳамда сабаб ва шарт-шароитлари иқтисод, ҳуқуқшунослик, фалсафа, психология, педагогика каби фанларнинг тарихий ва доимий ҳамда мунозарали ва долзарб мавзуларидан бири ҳисобланади.
Коррупция жинояти нафақат хуфёна, балки коррупцияга доир муносабатларга киришган томонларнинг ўзаро келишувига биноан очиқ тарзда ҳам содир этилиши мумкин. Аксарият ҳолларда у тегишли ҳокимият органларига шикоят берилишига сабаб бўлмайди, чунки ғайриқонуний келишувдан ҳар иккала томон ҳам наф кўради. Ҳаттоки, жабрланувчилар пора сўраган мансабдорлар устидан ҳам камдан-кам ҳолда шикоят қилади. Чунки, одамлар коррупцияга карши кураш жараёнини самара беришига унчалик ишонмайди. Бу ҳолатга доир миллий ва хорижий тажриба билан боғлиқ бўлган муайян объектив ва субъектив сабаблар мавжуддир. Коррупция ҳаракатлари одатда давлат фаолиятининг мутахассис бўлмаган кишилар тушуниши анча қийин бўлган ўзига хос турларида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам коррупция ўта мослашувчан жиноятдир. У вазиятга қараб тинимсиз ўзгариб туради ва такомиллашиб боради. Шу боис бу ҳодиса ҳақида тўлиқ, мукаммал ёки ҳеч бўлмаса қандайдир узуқ-юлуқ мaълумотлар олиш ҳам қийин масалалардан бири ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |