Автомобилларнинг юриш қисми
Режа:
1.Раманинг вазифаси, тузилиши ва турлари;
2.Кузовлар;
3.Кўприкларнинг вазифаси, турлари ва конструкцияси;
4.Осмаларнинг вазифаси ва конструкцияси турлари;
5.Эластик тузилмаларнинг турлари ва ишлаши;
6.Номустақил османинг конструктив хусусиятлари;
7.Амортизаторларнинг тузилиши ва ишлаш услуби.
Таянч сÿзлар:
Рама, агрегат, механизм, кузов, ланжеронлар, икки поғонали мувозий, умуртқали Х-симон, нарвонсимон, кÿприклар, етакчи, бошқарилувчи, аралаш, икки қисмга ажралувчи, осмалар, номустақил, мустақил, эластик тузилмалар, варақ рессор,спиралсимон пружина, торсион, амортизатор,
1.Раманинг вазифаси, тузилиши ва турлари
Атомобилнинг юриш қисми унинг араваси ҳисобланади. Юриш қисмининг асоси рама бўлиб, унга автомобилнинг барча агрегатлари бикр қилиб ўрнатилган. Юк автомобилларида рама кўтариб юрувчи вазифани ўтаб, унга таъсир этувчи ҳамма кучларни қабул қилади.
Демак, автомобилда барча агрегат, механизм ва кузовни бикр қилиб ўрнатишга ва кўтариб юришга мўлжалланган қурилмага рама деб юритилади. Рамага таъсир этувчи кучлар двигателдан ғилдиракларга узатилаётган моментлар ва йўлдан берилаётган ҳар турли кучлар бўлиб, бу кучлар автомобилга ортилган юкнинг вазни, унинг юриш шароити ҳамда тезлигига кўра ўзгариб туради. Шунинг учун рама етарлича мустаҳкам ва бутун агрегатларни жойлаштиришга қулай бўлиши лозим. Раманинг умумий тузилишини ЗИЛ-130 автомобили мисолида тавсиф этамиз (14.1-расм). Рама кўндаланг балкалар бириктирилган иккита бўйлама балка (лонжерондан) иборат. Раманинг асоси иккита бўйлама жойлашган балкадан таркиб топган бўлиб, уларни лонжерон деб юритилади. Лонжерон 7 лар асосан шваллерсимон шаклга эга бўлиб, юкланиш кўпроқ тушадиган жойи кенгроқ қилиб ишланган. Улар кўндаланг балкалар 3, 14, 17, 20, 27 ёрдамида ҳар жойидан кетма-кет бирлаштирилиб, бикр тўрт бурчак шаклни ташкил қилади. Кўндаланг балкаларнинг кесими қуйи, швеллер ва қўштавр шаклида бўлиши мумкин. Лонжерон ва кўндаланг балкалар асосан пўлатдан қиздириб туриб босим билан ишлаш йўли билан, яъни штамплаш усули билан тайёрланади. Улар бир-бири билан парчин михлар ёрдамида бириктирилган, бу эса раманинг етарлича пухталиги таъминлайди. Олдинги кўндаланг балка 3га чеклагич 4 ва шатакка олинувчи илмоқлар 2, орқа, кўндаланг балка 22га эса шатакка олувчи илмоқ 24 бириктирилган. Шатакка олиш қурилмаси цилиндрсимон корпусдан тузилган бўлиб, унинг иккала учида таянч шайбаси бор эластик пружина 25 эркин қўйилган. Эластик пружина орқали, шатакка олиш илмоғи 24нинг ўзаги ўтган.
Тортиш кучини автомобилдан тиркама (прицеп) га узатишда тиркаманинг автомобиль устига чиқиб кетишидан ҳам гайка билан қотирилган қайишқоқ резина асрайди.
Юк автомобилларининг юк кўтариш қобилиятига ва двигателларнинг жойлашув тартибига қараб раманинг тузилиши турлича бўлиши мумкин. Ундан ташқари автомобилнинг турига қараб (енгил, юк автомобиллари, автобуслар) рамага бўлган талаб тубдан ўзгаради. Шу сабабли рама лонжеронларининг ўрнатилиш ҳолати ва шакли турлича бўлиши мумкин. Масалан, лонжеронлар бир-бирига мувозий (параллел), лонжеронларнинг бир томондан оралиғи торайган, лонжеонлари эгилган шаклдаги, икки поғонали мувозий, умуртқали Х-симон, нарвонсимон, Х-симон шаклдаги кўндаланг тўсинли ва умуртқасимон шаклдаги ва бошқа турли кўринишда жойлашган бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |