1010-модда. Боқувчиси вафот этган тақдирда кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш миқдори Боқувчиси вафот этганлиги муносабати билан зарарни ундириш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга зарар марҳумнинг ушбу Кодекс 1007-моддаси қоидалари бўйича аниқланган иш ҳақи (даромади)нинг марҳум ҳаёт вақтида улар ўз таъминоти учун олган ёки олиш ҳуқуқига эга бўлган улуши миқдорида қопланади. Бу шахсларга зарарни қоплашни аниқлашда марҳумнинг даромадлари таркибига иш ҳақи (даромад) билан бир қаторда у ҳаёт вақтида олган пенсия, умрбод таъминот ва бошқа шунга ўхшаш тўловлар киритилади.
Зарарнинг ўрнини қоплаш миқдорини аниқлашда боқувчиси вафот этганлиги муносабати билан шахсларга тайинланган пенсия, шунингдек боқувчисининг вафотидан олдин ҳам, вафотидан кейин ҳам тайинланган бошқа турдаги пенсиялар ҳамда иш ҳақи (даромад), стипендия қоплаш ҳисобига киритилмайди.
Боқувчиси вафот этганлиги муносабати билан зарарни ундириш ҳуқуқига эга бўлганларнинг ҳар бирига белгиланган қоплаш миқдори кейинчалик қайтадан ҳисоблаб чиқилмайди, қуйидаги ҳоллар бундан мустасно:
боқувчининг вафотидан кейин фарзанд туғилиши;
вафот этган боқувчининг болалари, неваралари, ака-укалари ва опа-сингилларини парваришлашда банд бўлган шахсларга ҳақ тўлашни тайинлаш ёки уни тўхтатиш.
Қонун ҳужжатларида ёки шартномада қоплаш миқдорини кўпайтириш назарда тутилиши мумкин.
6.
7. 45-модда. Процессда биргаликда иштирок этиш Даъво бир нечта даъвогар томонидан биргаликда ёки бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилиши (процессда биргаликда иштирок этиш) мумкин. Процессда биргаликда иштирок этишга алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича ҳам йўл қўйилади.
Процессда биргаликда иштирок этишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади, агар:
низо предмети бир нечта даъвогарнинг ёки жавобгарнинг умумий ҳуқуқлари ёки мажбуриятлари бўлса;
бир нечта даъвогарнинг ёки жавобгарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари битта асосга эга бўлса;
низо предмети бир турдаги ҳуқуқ ва мажбуриятлардан иборат бўлса.
Даъвогарлар ва жавобгарлардан ҳар бири бошқа тарафга нисбатан процессда мустақил равишда иштирок этади. Учинчи шахслар ҳам процессда биргаликда иштирок этишлари мумкин.
Процессда биргаликда иштирок этувчилар ишни олиб боришни шерик иштирокчилардан бирига топшириши мумкин.
Суд низолашилаётган ҳуқуқий муносабатнинг хусусиятини инобатга олган ҳолда ишга жалб этилмаган шерик жавобгарни ишда иштирок этиш учун ўз ташаббусига ёки тарафларнинг илтимосномасига кўра жалб қилишга ҳақли.
Бошқа шерик жавобгар ишда иштирок этиш учун жалб қилинганда ишни кўриш бошидан бошланади.