Асосий таянч тушунчалар:
Ишлаб чиқариш омиллари – ишлаб чиқариш жараёнида бевосита қўлланилувчи барча ресурслар.
Ишчи кучи – инсоннинг меҳнат қилишга бўлган ақлий ва жисмоний қобилиятларининг йиғиндиси.
Меҳнат қуроллари – инсон унинг ёрдамида табиатга, меҳнат предметларига таъсир қиладиган воситалар.
Меҳнат предметлари – бевосита меҳнат таъсир қиладиган, яъни маҳсулот тайёрланадиган нарсалар.
Ишлаб чиқариш жараёни – кишилик жамиятининг амал қилиши ва ривожланиши учун зарур бўлган моддий ва маънавий неъматларни яратишга қаратилган мақсадга мувофиқ фаолият.
Ижтимоий такрор ишлаб чиқариш – жамият миқёсида ишлаб чиқариш жараёнларининг мунтазам равишда янгиланиб ва такроран амалга оширилиб туриши.
Оддий такрор ишлаб чиқариш – ишлаб чиқариш миқёсларининг ўзгармаган ҳолда такрорланиши.
Кенгайтирилган такрор ишлаб чиқариш – ишлаб чиқариш миқёсларини мунтазам равишда ошириб боришга асосланган ҳолдаги такрорланиши.
Ишлаб чиқаришнинг умумий натижаси – мамлакат бўйича яратилган миллий маҳсулотнинг йил давомидаги йиғиндиси.
Ишлаб чиқаришнинг пировард натижаси – ишлаб чиқариш соҳасидаги ўз ҳаракатини тугатган, жамият аъзоларининг эҳтиёжларини ё бевосита (истеъмол фонди орқали), ёки билвосита, яъни ишлаб чиқаришни кенгайтириш (жамғариш фонди) орқали қондиришга тайёр маҳсулот.
Соф маҳсулот – яратилган маҳсулотдан истеъмол қилинган ишлаб чиқариш воситалари қиймати чегириб ташлангандан қолган қисми.
Зарурий маҳсулот – ишчи ва хизматчилар иш вақтининг бир қисми бўлган зарурий иш вақтида зарурий меҳнат билан яратилган, ишчи кучини нормал ҳолатда сақлаш ва қайта тиклаш учун зарур бўлган маҳсулот.
Қўшимча маҳсулот – соф маҳсулотнинг зарурий маҳсулотдан ортиқча қисми, яъни қўшимча иш вақтида қўшимча меҳнат билан яратилган маҳсулот.
Қўшимча маҳсулот массаси – йил давомида олинган қўшимча маҳсулотлар йиғиндиси.
Қўшимча маҳсулот нормаси – қўшимча маҳсулот массасининг зарурий маҳсулотга нисбати.
Ишлаб чиқариш функцияси – ишлаб чиқариш омиллари билан унинг самараси ўртасидаги боғлиқлик.
Умумий маҳсулот – жалб қилинган барча ишлаб чиқариш омилларидан фойдаланиш эвазига олинган маҳсулотнинг мутлақ ҳажми.
Ўртача маҳсулот – жалб қилинган барча ишлаб чиқариш омилларининг бир бирлигига тўғри келадиган маҳсулот ҳажми.
Сўнгги қўшилган маҳсулот – энг сўнгги қўшилган омил (капитал ёки ишчи кучи) эвазига ўсган маҳсулот ҳажми.
Меҳнат унумдорлиги – ишчи кучининг вақт бирлиги мобайнида маҳсулот яратиш қобилияти.
Do'stlaringiz bilan baham: |