2- МАВЗУ:
АРГУМЕНТЛАШ ВА
ИШОНЧ-ЭЪТИҚОДНИНГ ШАКЛЛАНИШИ
РЕЖА:
1. Аргументлаш ва мулоқот.
2. Ишонч, эътиқод тушунчаларининг моҳияти ва уларни шакллантириш воситалари.
3. Ижтимоий фаолият сифатида аргументлашнинг ўзига хослиги.
4. Аргументлашнинг рационал характери.
Мулоқот – камида икки киши иштирок этадиган вербал жараён бўлиб, улардан бири сўзловчи (адресант), бошқаси тингловчи (адресат)дир. Мулоқот амалга ошиши учун томонларнинг бир тилда сўзлашишлари ва танланган мавзуга (мулоқот предмети) доир фикрга эга бўлишлари зарур. Мулоқот суҳбат, диалог(савол-жавоб), баҳс, мунозара кўринишида амалга ошади.
1. Мулоқотда ишонч. Мулоқот иштирокчилари суҳбат жараёнида ҳар бир гапини ўйлаб гапириши, ўз айтганлари учун маъсулиятни хис этиши зарур. Суҳбатдошларнинг бир-бирига ишончи ва ўз сўзига маъсулият хис этиши мулоқотнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
2. Мулоқотда ўзаро ҳурмат. Оилада ёки жамиятда содир бўладиган келишмовчилик, жанжаллар кўпинча қўпол сўз ёки ёмон муомала туфайли содир бўлади.
3. Мулоқотда нутқ. Мулоқот жараёнида мурожаат қилувчилар ва жавоб берувчиларнинг ҳатти-ҳаракатларини белгиловчи принципларнинг мажмуи – мулоқот тарзи деб аталади. Мулоқот тарзи коммуникатив вазиятларда субъектнинг ҳатти-ҳаракатларини белгилайди.
4. Мулоқотда ижобий фикрлаш. Суҳбатдошларнинг бир-бирларини ҳурмат қилишлари гўзал хулқ, бағрикенглик, инсонийлик, адолатлилик фазилатларига эга бўлишлари билан бирга, ижобий фикрлашлари ҳам муҳимдир.
5. Мулоқотда фикрларнинг асосланганлиги. Фикр-мулоҳазаларни асослаш, далиллаш мураккаб мантиқий жараён бўлиб, унда бир ёки ундан ортиқ ўзаро боғланган муҳокамалар системасидан фойдаланилади.
Ишонтириш, ишониш, ишонч, эътиқод тушунчалари бир-бири билан боғлиқ. Ишонч ишонишнинг натижасидир. Ишонтириш бирон бир фикрнинг тўғри ёки нотўғри эканлигини муваффақиятли далиллаш бўлиб, унинг натижасида ишониш туйғуси пайдо бўлади.
Ишонтиришда қуйидаги таъсир воситалари қўлланади:
1. Ахборот бериш.
2. Рағбатлантириш.
3. Тушунтириш.
4. Асослаш, исботлаш.
5. Рад этиш.
6. Муҳокама қилиш.
Ижтимоий фаолият сифатида аргуменлашдан мақсад кимнидир нимагадир ишонтиришдир. Бирон бир фикрга, қараш, ғояга ишонтириш бошқа, шу нарсани мажбурлаб қабул қилдириш бошқа. Инсон бирон бир фикр, ғоя, қарашни ўз ҳохиши билан, иҳтиёрий равишда қабул қилса, уларнинг чинлиги, тўғрилиги, фойдали эканлигига ишонади. Аксинча мажбуран қабул қилса, унда ишонч пайдо бўлмайди ва имкон бўлиши билан уни рад этади.
Қандай холатда ишонтиришга эҳтиёж туғилади?
Суҳбатдошлардан бирининг нуқтаи назари бошқасиникидан фарқ қилса ва уни шу нуқтаи назарни қабул қилдиришга эҳтиёж бўлса.
Аргументлаш тил воситасида таъсир қилиш бўлиб, бирон-бир фикрни маъқуллаш ёки рад этиш учун далиллар, аргументларни ўз ичига қамраб олади. У аввало инсон онгига қаратилган бўлиб, инсон ўйлаб, бу фикрни қабул қилиши ёки рад этиши мумкин. Аргументлашга қуйидагилар хос:
аргументлаш ҳамма вақт тил воситасида амалга оширилади;
аргументлашнинг вазифаси кимнингдир эътиқодини, ишончини кучайтириш ёки сусайтиришга йўналтирилган фаолиятдир;
аргументлаш ижтимоий фаолиятдир, чунки у фақат инсонга ва инсонларга қаратилган бўлиб, бошқа томоннинг келтирган далилларига ўзининг фаол муносабатини билдиришни - диалогни назарда тутади;
аргументлаш реципиентларнинг ақлий фаоллигини, яъни аргументларни ўйлаб қабул қилиши ёки қарши чиқишини назарда тутади.
Do'stlaringiz bilan baham: |