1–МАЪРУЗА КИРИШ. ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТЛАР СЕМИНАРИ ФАНИНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ
Режа:
Асосий тушунчалар. Илмий тадқиқотлар семинари фанини ўқитишнинг мақсад ва вазифалари, унинг бошқа фанлар билан алоқаси.
Ривожланган демократик давлатни барпо этишда фан ва илмий ижодиётнинг роли ва тутган ўрни.
Ўзбекистон Республикасида фаннинг ташкилий таркиби ва бошқарув тизими.
Илмий тадқиқотларни молиялаштиришнинг асосий шакл ва усуллари.
Ўзбекистоннинг ҳалқаро илмий–техник алоқалари.
Таянч сўз ва иборалар: Фан, илмий ижодиёт, методика, методология, тадқиқот, тадқиқот объекти, илмий мавзу, фанни молиялаштириш, танлов, грант, лойиҳа, ҳалқаро алоқалар, илмий анжуман, илмий–техник ҳамкорлик.
1.1. Асосий тушунчалар. Илмий тадқиқотлар семинари фанини ўқитишнинг мақсад ва вазифалари, унинг бошқа фанлар билан алоқаси
Фан–инсон рационал фаолиятининг бизни ўраб турган олам ҳақидаги объектив ҳақиқий билимларни ишлаб чиқишга бағишланган алоҳида соҳасидир. Ушбу соҳа бундай ижодиётни таъминловчи, муттассил тараққий этиб борувчи билимлар тизимини, инсонларнинг ва муассасаларнинг илмий ижодиётини ўз ичига олади. Фан ва техниканинг ўзаро тақозо этувчи ривожланиш жараёни инсонга моддий ва маънавий эхтиёжини қондириш учун зарур бўлган неъматларни олиши учун ўраб турувчи муҳитга таъсир этиш имконини беради. Лекин, ушбу таъсир атроф муҳитга ҳозирда ҳам, келажакда ҳам, зарар етказмаслиги керак.
Илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга–ишлаб–чиқаришга жорий этиш меҳнат унумдорлигини ошириш, маҳсулот таннарҳини камайтириш, унинг сифатини яхшилаш, рақобатбардошлигини таъминлаш, эксплуатация кўрсаткичларини ошириш шаклларида намоён бўлади.
Фан–илмий–техник прогресснинг пойдеворидир.
Илмий ютуқлар олий мактаб тараққиётида ҳам катта рол ўйнайди ва бевосита таъсир кўрсатади. Фаннинг ривожланиши талабалар билимига, уларнинг ижодий тараққиётига, фаолияти соҳаларидаги ўқув ва кўникмаларига юқори талаблар қўяди. Мутахассислардан янги, мураккаб масалаларни қўйиш ва ҳал этишни талаб қилинади.
“Илмий тадқиқотларсеминари” фанини ўқитишдан мақсад–бўлажак магистрларга тадқиқотчилик кўникмаларини сингдириш, олинган билимларни илмий факт ва муаммоларни таҳлил қилиш, баҳолаш ва мустаҳкамлаш, ўз мутахассислиги соҳасидаги илмий ахборотлар оқимидаги йўналишларни ажрата билиш ва уларни етказа олиш маҳорати ва кўникмаларини ҳосил қилишдан иборатдир.
Ушбу фанни ўрганиш натижасида бўлажак магистрлар қуйидаги вазифаларни уддалай олиши кўзда тутилади:
Илмий тадқиқот ишларининг асосий тушунчалари, тадқиқот усуллари, билим ва ижоднинг яхлит ечимларига қўйиладиган замонавий талаблар, ҳисоблаш техникаси ёрдамида бажариладиган тажриба–тадқиқотлар илмий кузатишларнинг янги методологияси эканлиги, фан ва техникадаги мавжуд ахборот тизимлари ҳақида етарли тасавурларга эга бўлиши;
Тадқиқот объектининг моделини, тадқиқот натижаларига ишлов бериш усулларини, исботлаш ва рад қилиш йўлларини билиши ва фойдалана олиши;
Изланувчи тадқиқотлар ўтказиш, масаланинг ҳолатига шарҳ бериш ва тадқиқ этиш, илмий ечимлар бўйича хулосалар ва тавсияларни ифодалаш, иш режаларини тузиш, илмий адабий манбааларни излаб топиш, уларни ўрганиш ва керакли материалларни ажратиш, илмий–тадқиқотлар натижаларини расмийлаштириш ва амалга жорий этиш тажрибаларига эга бўлиши.
Do'stlaringiz bilan baham: |