19-МАВЗУ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ 1-казус Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига 2019 йилнинг 21 декабрь куни бўлиб ўтган сайловлардан сўнг қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири тасдиқланди ва Вазирлар Маҳкамаси таркибини шакллантирилди. Янги шакллантирилган Вазирлар Маҳкамасининг биринчи мажлисида Бош вазир томонидан Бош вазир ўринбосарлари ўртасидаги вазифаларнинг қайтадан тақсимоти амалга оширилди. Вазифалар тақсимотига мувофиқ, Бош вазир ўринбосарларига ўзлари раҳбарлик қилаётган комплексдаги ишларнинг аҳволи учун шахсан жавобгарлик маъсулияти юклатилди ҳамда ушбу тақсимот Вазирлар Маҳкамасининг мажлис баёни билан расмийлаштирилди. Бироқ ушбу баён Ўзбекистон Республикаси Президентига келишиш учун тақдим этилганида, ушбу масалага давлат бошлиғи томонидан эътироз билдирилди. Асос сифатида Бош вазир ўринбосарлари ўртасида вазифаларнинг тақсимоти Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилиши лозимлиги алоҳида кўрсатилди.
Вазиятга ҳуқуқий баҳо беринг.
2-казус 2020 йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бўлиб ўтган навбатдаги сессиясида Андижон вилоятининг Асака шаҳрини Асака туманига бирлаштириш ҳақида қарор қабул қилди.
Мазкур қабул қилинган қарор Асака шаҳрини Асака туманига бирлаштирилиши кейинчалик мазкур ҳудудни маъмурий жиҳатдан бошқаришда муайян бир қийинчиликларни келтириб чиқира бошлади. Туман ҳокими томонидан шаҳарнинг инфратузилмаси, аҳоли сони ва ер майдони шаҳар ташкил этишга етарли эканини асос сифатида олиб, шаҳарни қайтадан ташкил этишни сўраб, Вазирлар Маҳкамасига илтимоснома билан мурожаат қилиш лозим эканлигини айтиб туман маҳаллий кенгаши қарорини чиқарган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига мурожаат қилади. Мазкур хоким томонидан қилинган мурожаати Вазирлар Маҳкамаси томонидан рад этилди.
Вазиятга ҳуқуқий баҳо беринг. 3-казус Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 94-моддасига кўра Ўзбекистон Республикасининг Президенти Конституцияга ва қонунларга асосланиб ҳамда уларни ижро этиш юзасидан республиканинг бутун ҳудудида мажбурий кучга эга бўлган фармонлар, қарорлар ва фармойишлар чиқаради. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 98-моддасида эса Вазирлар Маҳкамаси конституциявий нормалар доирасида ва амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудидаги барча органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар ва фармойишлар чиқариши белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида” янги таҳрирдаги Қонуннинг
5-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тури сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, Қарорлари ва Фармойишлари санаб ўтилгани ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг фақат қарорлари келтириб ўтилган. Вазирлар Маҳкамасининг фармойишлари эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тури сифатида келтирилмаган.
Вазиятга ҳуқуқий баҳо беринг.