Коррекцион-педагогиканинг пайдо бўлиши, ташкил топиши ва ривожланиши. Ривожланишида нуқсонлар бўлган болалар билан олиб бориладиган коррекцион-педагогик фаолият бой тарихий тажрибаларга эга. Аномал (юнонча anomalos - нотўғри) болаларга жисмоний ёки психик нуқсонлари умумий ривожланишини бузилишига олиб келадиган болалар киради. Ижтимоий жамият тараққиёти тарихи аномал болаларга бўлган муносабатларнинг узоқ вақт давомида эволюцион тарзда шаклланиб келганлигини кўрсатади. Антик даврда қадимги Спартада бир неча юз йилликлар давомида соғлом тана, куч, чидамлилик юқори ўринга қўйилиб, ривожланишида нуқсони бўлган болалар йўқ қилинарди. Мазкур даврда янги туғилган чақалоқларни қабила бошлиқларига олиб келардилар, улар болаларни синчиклаб кўриб агарда ижтимоий талабларга жавоб бера олсалар, улар ота-оналарига тарбиялаш учун қайтарилар эди. Агарда болада бирорта нуқсон топилса уни қабила бошлиқлари Тайгет жарлигига ташлаб юборар эдилар (эрамиздан аввалги IV-V асрлар). Европада ўрта асрларда боланинг ривожланишидаги ҳар қандай нуқсон қора, ёвуз кучларнинг намоён бўлиши сифатида эътироф этилиб, психик касалликлари бўлган кишилар инквизиция гулханида ёндирилганлар. Уйғониш давридан бошлаб ХIХ асрнинг ўрталаригача Европа дефектология фани ва амалиётида боланинг ақлий ривожланишидаги нуқсонлар муаммоси борасидаги қарашларнинг эволюцион характерини англаш мумкин. Руҳий касалларга нисбатан инсонпарварлик ёндашуви илк бор француз шифокори, психиатори Филипп Пинел(1745-1826 йиллар) томонидан илгари сурилган. У руҳий касалликларни классифкациялаган (турларга ажратган). Ривожланишида нуқсонлар бўлган болаларга нисбатан педагогик ёндашув ХVIII аср охирлари – ХIХ аср бошларида юзага келади. Ақли заиф болаларни махсус усуллар ёрдамида ўқитиш ва тарбиялаш ғоясини Иоган Генрих Песталоцци(1746-1827 йиллар) асослаган бўлсада, бироқ, ўз даврида бу фикр қўллаб-қувватланмади. И.Г.Песталоцци “ақли заифлар” билан ишлаш тамойилининг моҳиятини асослаб берди: боланинг имкони етган билимларни бериш, дидактик материаллардан фойдаланишда ақлий ва жисмоний тарбия уйғунлигига эришиш, таълимни ишлаб чиқариш меҳнати билан боғлиқ ҳолда ташкил этиш. Ақли заиф болаларни ўқитиш ва тарбиялашга нисбатан тиббий-педагогик ёндашув асосчиси француз психиатори Жан Итар (1775-1838 йиллар) ҳисобланади. У ақли заифлиги мураккаб бўлган болага таълим ва тарбия беришга уринди. Гарчи кутилган натижага эриша олмасада, бундай тоифа болаларни сезги ва моторика органларини машқ қилдириш ёрдамида ривожлантириш йўлини кўрсатиб берди.