Кўриш қобилияти бузилган ўқувчиларни коррекцион ўқитиш. Кўриш қобилияти бузилиши турлари, уларнинг сабаб ва оқибатлари. Кўриш қобилияти бузилган болаларни ўқитиш ва тарбиялаш хусусиятлари билан тифлопедагогика шуғулланади (юнонча «typhlos» – кўр) – коррекцион педагогика (дефектология)нинг муҳим соҳаси. Кўриш - кўриш анализатори ёрдамида борлиқни сезиш ва қабул қилишдир. Мия кўриш орқали ташқи дунё ҳақидаги маълумотларни олади. Боланинг кўриш қобилияти бузилганда уни ривожлантириш, ўқитиш ва тарбиялаш жараёнларида жиддий қийинчиликлар юзага келади. Болаларда кўриш қобилияти бузилишининг сабаблари турлича бўлиб, улар наслий касалликлар, ҳомила она қоринида ривожланаётганда кўриш органлари патологиясининг юзага келиши, ҳомиладорлик пайтида онанинг токеплазмоз, қизамиқ ва бошқа оғир касалликлар билан оғриши ва ҳоказо омиллардан иборат бўлиши мумкин. Кўриш қобилиятининг бузилиши туғма ёки орттирилган бўлади. Туғма кўр бўлишҳомиланинг зарарланиши сабабли юзага келади. Кўриш нуқсонларининг юзага келишида наслийлик ҳам кўзга ташланади. Орттирилган кўрлик одатда кўриш органлари – тўр пардаси, шоҳ парда ёки марказий нерв тизимининг касалланиши (менингит, мия шиши, менингоэнцифалит), организмнинг умумий касалланишидан кейинги асоратлари (кор, грипп, скорлатина), шунингдек, мия ёки кўзнинг жароҳатли шикастланиши (боши яраланиши, шикастланиши) оқибатида бўлиши мумкин. Кўриш қобилиятининг бузилган болалар қуйидаги гуруҳларга ажратилади: Кўр туғилганлар. Эрта кўр бўлиб қолганлар. Уч ёшидан кейинги кўр бўлиб қолганлар
Кўриш қобилияти бузилган болаларни оммавий, умумий ўрта таълим мактабларида коррекцион ўқитиш ва тарбиялаш. Кўриш қобилияти бузилган болаларни ўқитиш ва тарбиялаш масалалари билан тифлопедагогика (юнонча «typhlos» – кўр) – коррекцион педагогика (дефектология)нинг яна бир соҳаси шуғулланади. Кўриш қобилияти бузилган болалар билан иш олиб бораётган ўқитувчи коррекцион ишларнинг ўзига хос жиҳатларини билиши зарур. Рефракцияси аномалияли болалар тузатувчи кўзойнак тақишлари керак. Лекин кўзойнак тақишда болалар педагогнинг уларга диққат билан муносабатда бўлишларига муҳтожлик сезадилар. Мактабда ва уйда ўқув ишларини бажаришда санитар-гигиеник талабларга амал қилиш лозим. Кўришида нуқсони бўлган бола учун иш ўрни тўғри ва етарлича ёритилган бўлиши керак. Бундай бола дераза ёнидаги биринчи ёки иккинчи қаторга ўтказилиши керак. Яқинни кўрадиган бола ҳам доскага яқинроқ биринчи ёки иккинчи партага ўтказилиши зарур. Узоқни кўрадиган бола эса, аксинча, доскадан узоқроққа охирги партага ўтказилиши талаб этилади. Ўқитувчи ўқувчининг доска, жадвал ва харитадаги ўқув материалларини қабул қилиши ва тушунишини назорат қилиб бориши керак. Аномал рефлексияли болаларда кўзи чарчаши кўп кузатилади. Шунинг учун дарс пайтида уларга кўриш ишларини бошқа турдаги ишлар уйғунлаштириб бериши зарур. Аномал рефлексияли бола 10-15 минут давомида интенсив кўриш ишларини бажаргандан кейин бир неча минут узоққа (доска ёки деразага) қараши керак, бу кўриш чарчоғининг бартараф этилишига ёрдам беради. Кўриш қобилияти анча оғир бўлган – кўр ва ёмон кўрадиган болаларни ўқитиш махсус таълим муассасаларида амалга оширилади. Баъзан кўриш қобилияти оғир бузилган болалар оммавий умумий ўрта таълим мактабларига қабул қилинадилар. Бундай вазиятда аномал болалар учун махсус шароитларни яратиш зарурияти юзага келади.