Вагонларни ортишда белгиланган муддатлардан зиёд тўхтаб туриши ва ортишга тозаланмаган вагонларни олиб кириб берилганлиги учун жарималарни ҳисоблаш
Лаборатория ишини бажаришдан мақсад:Талабаларга вагонларни ортишда белгиланган муддатлардан зиёд тўхтаб туриши ва ортишга тозаланмаган вагонларни олиб кириб бериш учун жарималарни ҳисоблашни ўргатиш ва кўникмаларини шакллантириш.
Станцияларда ва темир йўл шохобча йўлларида юк жўнатувчиларнинг воситаларида ортишга олиб кириб берилган вагонларни белгиланган муддатлардан зиёд тўхтаб туриши учун мулкий жавобгарликнинг миқдори Уставнинг 132-бандида баён этилган.
Мулкий жавобгарликнинг миқдори вагонни турига, тўхтаб туриш вақтига ва вагон кимнинг тасарруфида эканлигига боғлиқ. Жарима миқдори сўмларда эмас балки бозор иқтисодиётининг ўзига хослигини инобатга олган ҳолда энг кам иш ҳақидан келиб чиқиб белгиланган.
Оддий вагонларнинг – ёпиқ ва ярим очиқ вагонларнинг, платформаларнинг белгиланган муддатдан зиёд тўхтаб туриши учун ҳар бир вагондан соатига қуйидаги миқдорларда жарималар ундирилади:
- тўхтаб туриш 1 дан 6 соатгача бўлганида – ҳар бир вагон соатига 0,05 энг кам иш ҳақимиқдорида;
- тўхтаб туриш 7 дан 12 соатгача бўлганида – ҳар бир вагон соатига 0,1 энг кам иш ҳақи миқдорида;
- тўхтаб туриш 13 дан 18 соатгача бўлганида – ҳар бир вагон соатига 0,15 энг кам иш ҳақимиқдорида;
- тўхтаб туриш 18 соатдан зиёд бўлганида – ҳар бир вагон соатига 0,25 энг кам иш ҳақи миқдорида.
15 минутгача бўлган тўхтаб туриш ҳисобга олинмайди, 15 минут ва ундан ортиқ тўхтаб туриш тўлиқ соатга қабул қилинади. Цистерналарни, цемент ташувчиларни, транспортерларни, бункерли ярим очиқ вагонларни ва бошқа махсус вагонларни (рефрижераторлардан ташқари) тўхтаб туришига жарима миқдори 2 маротабага, рефрижератор вагонларни тўхтаб туришига 3 маротабага оширилади. Ташкилотларнинг ва жисмоний шахсларнинг тасарруфидаги ёки улар ижарага олган вагонлар темир йўлининг йўлларида тўхтаб туришига жарима 50 фоиз миқдорида ундирилади. №1 Тариф қўлланмаси [8] нинг II қисмида жарималарни тезликда аниқлаш имкониятини берувчи ҳисоб жадвали келтирилган.
Темир йўл станциясининг бошлиғи юк жўнатувчининг воситаларида ортишга бўш вагонларни олиб кириб бериш вақти ҳақида юк жўнатувчини бўш вагонларни олиб кириб беришдан 2 соатдан кеч қолмай хабар бериши шарт (Уставнинг 57-банди). Хабар бериш тартибини станция бошлиғи белгилайди (телефон, телеграф, почта алоқаси ва бошқалар). Юк жўнатувчи хабар бериш усулларидан бирини танлаб олади ва бу ҳақида станция бошлиғига маълум қилиб қўяади. Телефон орқали хабар бериш тартиби белгиланганида, юк жўнатувчи хабарни қабул қилиш учун масъул шахсни тайинлаши керак ва уни фамиляси ва телефон номерини станция бошлиғига билдириб қўйиши шарт. Агар юк ортиш, туширишга олиб кириб берилган вагонлар ҳисобидан таъминланса, ортишга вагонларни олиб кириб бериш вақти ҳақида хабар бериш талаб этилмайди. Вагонларни ортишга олиб кириб бериш вақти ҳақида хабарларни ёзиб бориш учун станцияда ГУ-2 шаклдаги вагонларни ортишга ёки туширишга олиб кириб бериш вақти ҳақида хабар бериш Китоби юритилади(юкларни ташиш Қоидаларининг 3-бўлими, 32-§). Ортиш учун бўш вагонларни олиб кириб бериш, хабардаги муддатдан сўнг 2 соатдан ортиққа кечикса, станция юк жўнатувчига янгитдан келгуси олиб кириб бериш вақти ҳақида хабар бериши керак (юкларни ташиш Қоидаларининг 3-бўлими, 33-§).