Халқаро савдо. Халқаро алоқалар, аввало, халқаро савдо тариқасида бошланиб, жаҳон бозорининг шаклланишига олиб келди. Жаҳон бозори эса, ўз навбатида, умумжаҳон хўжалигининг таркиб топишига олиб келди.
Халқаро савдо мамлакатлар ўртасида юз берадиган савдо-сотиқ муносабатлари бўлиб, улар товарларни четга чиқариш (экспорт) ва четдан олиб келиш (импорт)ни ўз ичига олади.
Халқаро савдо асосини халқаро меҳнат тақсимоти ва унинг чуқурлашуви, мамлакатларнинг у ёки бу товарнинг ишлаб чиқаришда тутган қиёсий устунлиги белгилайди.
Жаҳон бозори давлатларни ташқи иқтисодий сиёсатига ҳам катта таъсир кўрсатади. Унда фақат умумийгина эмас миллий манфаатлар ҳам ўз ифодасини топади.
Жаҳон бозорида кейинги йилларда содир бўлган ўзгаришлар қаторида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
1. Жаҳон бозорида узоқ вақт АҚШ гегемонлик қилган бўлса, энди борган сари АҚШ ўзининг илгариги салоҳиятини йўқотиб бормоқда. Бир вақтлар АҚШ жаҳон экспортининг 1/3 қисмини ташкил этган бўлса, 80- йилларда 1/8 тушди. Ҳозирги пайтда 1/10 атрофида. Борган сари, бу борада Япониянинг ҳиссаси АҚШ га яқинлашиб бормоқда.
2. Сингапур, Жанубий Корея, Бразилия, Аргентина каби янги индустриал мамлакатларнинг жаҳон экспортидаги ҳиссаси ортиб бормоқда.
3. ФТР натижасида халқаро савдонинг товар таркиби ўзгармоқда. Мураккаб технологик маҳсулотлар экспорти электротехника, электр ускуналари, транспорт воситалари ҳиссаси ортиб боряпти.
4. Айрим саноат тармоқлари, жумладан, кимё саноати ниҳоятда ихтисослашиб бормоқда. Натижада, йирик экспортёрлар, ўз навбатида, йирик импортёрлар ҳам бўлади.
5. Кўпгина мамлакатлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириб, ўзини-ўзи таъминлаганлиги сабабли, жаҳон бозори товар обороти таркибида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳиссаси камайиб бормоқда.
6. Ривожланаётган мамлакатлар экспортининг товар структурасида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Илгари, асосан хом ашё, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинган бўлса, 60-йиллардан бошлаб саноат маҳсулотлари, айниқса, енгил саноат маҳсулотларининг ҳиссаси ўсиб бормоқда.
7. Жаҳон экспортида борган сари хизмат кўрсатиш улуши ортиб бормоқда.
Халқаро иқтисодий алоқаларни амалга оширишда транспорт хизмати кўрсатишнинг аҳамияти беқиёс.
Транспорт хизмати кўрсатиш — бу янги йўллар, транспорт, комплекс сервис хизмати кўрсатишнинг ривожланишигина эмас, балки халқаро интеграция занжирининг муҳим ҳалқасидир. Шунинг учун халқаро миқёсда бу соҳага аҳамият кучаймоқда. Республикамизда ҳам чет эл давлатлари билан ҳаво, темир йўл, автомобиль йўллари орқали алоқаларни кучайтиришни кўзда тутган ҳолда, янги-янги йўл қурилишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон БМТнинг «Транзит юк ташишда ҳамкорликни ривожлантириш орқали савдони кенгайтириш» дастурини рўёбга чиқаришда иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Пекинни Истанбул билан боғлайдиган “Трансосиё” магистралининг таркибий қисми бўлган “Тажан-Сарахс-Машҳад” темир йўлини қуришда фаол қатнашди. Ҳозирги пайтда «Трасека» лойиҳасини амалга оширишда фаол қатнашаяпти.
«Таъсис» дастури доирасида Европа Иттифоқининг техникавий ёрдамини амалга ошириш орқали «Трасека» лойиҳасини рўёбга чиқариш Ўзбекистонни коммуникация ва транспорт билан таъминлашдаги қийинчиликларни бартараф этишда ғоят истиқболли аҳамиятга эга. Бу лойиҳа Марказий Осиё мамлакатлари, Озарбайжон, Грузия ҳудуди орқали Қора денгиз бандаргоҳларига олиб чиқадиган “Транскавказ” магистралини вужудга келтиришни назарда тутади.
Ўзбекистон темир йўл қурилишида иштирок қилиш билан бирга, Хитой ва Покистонга олиб борувчи “Тошкент - Андижон - Ўш - Эргаштом – Кашғар” автомобиль йўли қурилишида муҳим роль ўйнамоқда. Шу билан бирга, “Бухоро-Сарахс-Машҳад-Теҳрон” ва “Термиз - Ҳирот - Кандахор – Карачи” автомобиль йўлларини қуриш, қайта таъмирлашда ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Кейинги пайтда жаҳонда товар савдосини борган сари хизмат кўрсатишнинг турли шакллари билан боғлиқ ҳолда олиб бориш кенг ёйилмоқда. Айниқса, «Интернет» орқали савдо-сотиқ олиб бориш кенгайиб бормоқда.
Халқаро савдо ўз доирасини фан-техника ютуқларини айирбошлаш, ҳамда интеллектуал товарлар, ахборот айирбошлаш билан бойитди.
Do'stlaringiz bilan baham: |