15-mavzu: Mantiqiy fikrlash va mazmunli ifodalashning yurist faoliyatidagi roli
Rеja
1. Мантиқий фикрлашнинг омиллари, талаб ва мезонлари.
2. Мантиқий фикрлашни ривожлантириш усуллари.
3. Юрист фаолиятида мантиқий фикрлашнинг роли.
4. Фикрни мантиқий ифода этиш усуллари ва талаблари.
5. Юридик фаолиятда дедуктив, индуктив ва аналогия бўйича хулоса чиқаришнинг аҳамияти.
6. Юридик аргументация. Юридик асослашнинг юрист фаолиятидаги роли.
1. Мантиқий фикрлашнинг омиллари, талаб ва мезонлари.
Глобаллашув ва ахборотлар кўлами ниҳоятда кенгайиб бораётган ҳозирги даврда ахборот босимининг кучлилиги ҳар биримиздан мазкур ахборотлардан ҳимояланишни, уларни тўғридан-тўғри қабул қилмасдан, танқидий ва креатив ёндашув асосида кўриб чиқишни ва мантиқий фикрлаш орқали муҳим ва фойдали бўлган маълумотларни ажратиб олишни талаб этади. Бу эса мантиқий фикрлаш жараёнида кечади.
Мантиқ – нафақат фикрлаш қобилияти, балки изчил ва тўғри мулоҳаза юритиш ҳамдир. Яъни инсонларнинг кундалик фаолиятида, муносабатларида тартибли, аниқ, асосли яъни мантиқий ўйлай олиши тушунилади.
Инсон тафаккури мантиқ қонунларидан қатъий назар ўзи мантиқий қонунларга бўйсунган равишда мавжуд бўлади. Кўпчилик имло қоидаларини билмаган ҳолда тўғри гапирганлари каби мантиқ қонунларини билмай ҳам тўғри фикрлайдилар. Лекин бундан мантиқнинг амалий аҳамияти йўқ деган хулоса келиб чиқмайди. Бу каби қараш тарафдорлари Гегелнинг “Ҳар ким физиология қонунларини билмай ҳам овқатни тўғри ҳазм қилганидек, мантиқ қонунларини билмай тўғри фикрлашлари мумкин[1]лиги тўғрисидаги фикрини келтиришади.
Фикрлаш – шахс билиш фаолияти жараёни бўлиб, воқеликни бевосита ва умумлашган ҳолда акс эттириш билан характерланади. Фикрлаш фанлараро тадқиқотларни, комплекс фанларни ўзида мужассамлаштиради. Фикрлаш инсонга ҳақиқат ҳодисалари ўртасидаги алоқаларни топиш имконини беради, лекин аниқланган боғлиқлик ҳақиқатдан вазиятнинг тўлиқ ҳолатини акс эттириши учун у объектив, тўғри ёки бошқача айтганда, мантиққа таянган, мантиқ қонунларига мос бўлиши керак.
Мантиқий фикрлаш – фикрлашнинг олий поғоналаридан бири бўлиб, изчиллик, кетма-кетлик асосида фикрларнинг боғланишини билдиради ва шахс ижодий фаоллигининг муҳим қиррасини ўзида акс эттиради.
Демак, мантиқий фикрлаш – инсон томонидан кўриб, эшитиб, билиб, ҳис қилиб ва англаб олинган борлиқ, воқелик ёки таассуротларнинг бошқалар учун ҳам тушунарли тарзда тафаккур этилишини англатади.
Мантиқийлик – тафаккурнинг ёзма ва оғзаки нутқда фикрлаш қонунларига амал қилиш жараёнидир. Бу жараёнда айният, зиддият, инкорни инкор ҳамда етарли асос қонунлари ўзаро уйғун ҳолда намоён бўлади. Айният қонуни ҳар бир нарса-ҳодисанинг айнан ўзига тенглигини, фикрда, сўзлашув ва матнларда такрор сўзларни тўғри қўллашни билдиради (А-Адир). Зиддият қонуни бир вақтнинг ўзида ҳар бир воқеа-ҳодисани зидди бўлмаслигини тақозо этади (А ҳам В, ҳам В эмас бўла олмайди). Учинчиси истисно қонуни эса муайян шароитда воқеа-ҳодисалар айнан ўша ҳолатда бўлиши ёки бўлмаслигини англатади (“А В ёки В эмасдир”). Етарли асос қонунига келсак, ҳар бир нарса-ҳодисанинг реал асоси бўлгани каби, уларнинг инъикоси бўлган фикримиз ҳам асосланишини таъкидлайди (Агар В мавжуд бўлса, унинг асоси сифатида А ҳам мавжуд).
Мантиқий фикрлашни ривожлантириш мезонлари:
* Тафаккурнинг мустақиллиги;
* Ўқув материалини ўзлаштиришнинг тезлиги ва мустаҳкамлиги;
* Стандарт бўлмаган вазифаларни ҳал қилишда зеҳн (фикрлашнинг) тезлиги;
* Ўрганиб чиқилаётган ҳуқуқий вазият мазмунига чуқур кириб бориш (муҳим бўлган назарияни муҳим бўлмаган назариядан ажрата билиш);
* Фикрлашдаги танқидийлик.
Мантиқий фикрлашнинг ривожланганлик даражасини белгиловчи мезонлар:
* Мантиқий фикрлашга нисбатан мотивацияни қарор топганлиги;
* Мантиқий фикрлаш қобилиятларининг шаклланганлиги;
* Мантиқий фикрлаш кўникмаларининг ривожланганлиги;
* Амалий мантиқий фикрлаш жараёнини ташкил этиш;
* Ихтисослашган (педагогик) мантиқий фикрлашнинг ривожланганлиги.
Бугунги кунда тадқиқотчилар томонидан ҳар бир самарадорлик даражасининг хусусиятидан келиб чиқиб, қуйидаги мезонлар ажратиб кўрсатилмоқда:
юқори даража – мантиқий фикрлашга йўналганлик, мослашувчанлик, фикрлашнинг равонлиги, рационализаторлик кўникмасининг мавжудлиги, мантиқий фикрлаш қобилиятларини ривожланганлик сифатларининг шаклланганлиги, сифат масалаларини ечиш малакасининг шаклланганлиги;
ўрта даража – мантиқий фикрлашга нисбатан онгли муносабатнинг таркиб топганлиги, мантиқий фикрлашга оид назарий билимларнинг ўзлаштирилганлиги, активлик, ташаббускорлик, яратувчанлик кўникмаларининг шаклланганлиги;
паст даража – фикрлашга мойилликнинг йўқлиги, пассив иштирокнинг мавжудлиги, ўз-ўзини ривожлантиришга бўлган иштиёқнинг пастлиги.
Мантиқий фикрлашнинг асосий талаблари:
Биргина инсон тафаккури бутун инсоният тафаккурининг ривожланиши билан воситачилик қилади. Фикрлаш – бу “коинотнинг инсон оламидаги кичик бир кўриниши”дир. У ўзига хос бир муҳитда шаклланади, бу ерда бошқаларнинг ижтимоий тажрибасини ўзлаштириш ҳамда улар билан доимий алоқада бўлиш талаб этилади.
Умумлаштириш орқали атрофимиздаги олам, унинг муҳим хусусиятлари, нарса ва ҳодисалар, шунингдек улар ўртасидаги муносабатлар тўғрисидаги умумий билимларга эга бўлиб борамиз. Объектни битта хусусияти (энг оддий умумлаштириш) ёки кўплаб хусусиятлари (умумлаштириш) асосида умумлаштириш мумкин. Масалан, “китоб” тушунчасини унинг саҳифаси, муқоваси, ранги, номи каби бир қатор белги ва хусусиятларига таянган ҳолда умумлаштириш амалга оширилади.
Мантиқий фикрлаш ҳар доим муаммони ҳал қилиш билан боғлиқ ва у инсон томонидан маълум бир ихтиёрий ҳаракатлар билан бирга келади. Муаммоли вазиятнинг йўқлиги фикрлаш жараёнини стереотипга асосланган хатти-ҳаракатларга яқинлаштиради. Фикрлаш ҳар доим мақсадга йўналтирилган бўлади. Масалан, сиз магистратурада ўқишни давом эттиримоқчисиз. Бунинг учун мутахассислик фанлари билан бир қаторда инглиз тилини яхши ўзлаштиришингиз талаб этилади. Яъни, ақлий ечим топилади. Мана шу жараёнда иродангизга таяниб, бу ишни мукаммал даражада амалга оширишингиз керак. Чунки иродасиз қилинган ҳаракатлар, жуда камдан-кам ҳоллардагина мақсадга олиб келади. Фикрлаш – бу ҳаракат қилиш демакдир.
Эслаб қолинг! Мантиқий фикрлаш ҳаракат билан чамбарчас боғлиқ. У орқали инсон ҳақиқатни англайди, унга амал қилади, дунёни тушунади, уни ўзгартиради. Ҳаракат фикрлашнинг асосий шаклидир.
Ҳуқуқшуноснинг нутқи, илмий-педагогик, раҳбарлик фаолияти мантиқий фикрлашга асосланиши керак. Шундагина фаолиятнинг барча соҳаларида мантиқий кетма-кетлик, изчиллик ва муайян самарага эришиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |