2-савол баёни: Жамият ҳаётида диний мутаассиблик ва экстремизмнинг келиб чиқишига кўп ҳолатларда қўрқув, саводсизлик ва ишончсизлик асос бўлади. Жамиятда қабул қилинган ва фаолият кўрсатаётган қонун - қоидаларга мос келмайдиган ва уларга зид бўлган ғоялар «экстремистик» ҳисобланади. Диннинг қандайдир бир йўналишини бузган ҳолда талқин этиб, сиёсий мақсадни кўзловчи ҳаракат диний экстремизмга олиб келади.
1. Экстремизм – лотинча extremus – ўта, кескин деган маънони билдириб, жамиятдаги ижтимоий – сиёсий хусусиятга эга бўлган муаммоларни ҳал этишда ўта кескин чора-тадбирлар, фикр ва қарашларни ёқловчи назария ва амалиётни ўзида ифодалайди. Экстремизм мазмунига кўра – диний ва дунёвий бўлиши ёки намоён бўлиш шаклига кўра – ҳудудий, минтақавий ва ҳалқаро шаклларда бўлиши мумкин. Экстремистларнинг қарашлари жуда чуқур илдизларга эга бўлиб, улар ҳеч қачон чегара билмаган ёки дин, миллат, бирон бир мамлакат ҳудудини тан олмаган. Тарихий тараққиёт жараёнида диний экстремизм барча динлар доирасида ривожланган. Диний экстремизм ислом оламида ҳам кенг тарқалган бўлиб, унинг вакиллари ўзаро низолар, ихтилофлар келтириб чиқариб, қон тўкиш, зўрлик билан исломий давлат “халифалик”ни барпо этишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўядилар. Экстремистик тузилмалар қандай кўринишда бўлишидан қатъий назар, уларнинг асосий мақсади жангарилик йўли билан ҳокимиятни қўлга олишдан иборатдир. Улар сиёсий ҳокимиятни қўлга киритиш орқали жамиятни тўла ислом шариати қонун-қоидалари асосида қайта ташкил қилиш ва бошқариш зарур деб ҳисоблайдилар. Ислом динига асосланган ҳолда экстремизмни тарғиб қилувчи гуруҳлар ҳозирги даврда кўпгина ислом давлатларидаги мусулмон жамоалари жоҳилия (ислом келиб чиқишидан аввалги араблардаги маънавий бузилиш даври) даврида яшаяпди деб ҳисоблайдилар. Улар ўзларини «ҳақиқий» мусулмон деб ҳисоблаб, ўзлари барпо қиладиган «исломий тартибни» кескинлик ва жангарилик йўли билан, агрессив ҳаракат воситасида барпо қилишга ҳаракат қиладилар. Ислом экстремизми ғояларини жамият ҳаётига татбиқ қилишдан асосий мақсад диний қадриятларни қайтадан тиклаш эмас, балки ана шу ғоялардан фақат восита ва ниқоб сифатида фойдаланиб жамиятда беқарорлик, диний ва миллатлараро низоларни келтириб чиқаришдан иборатдир. Диний экстремистик гуруҳлар иқтисодиётни турли йўллар билан (диверсия қилиб) издан чиқаришга, иқтисодий инқирозни келтириб чиқариш орқали ҳукуматни кучсизлантириб обруйини тўкишга ҳаракат қиладилар. Улар турли оммавий ахборот воситалари орқали «мамлакатда фуқароларнинг виждон эркинлиги борасидаги ҳуқуқлари бузилмоқда, диний эътиқод поймол этилмоқда» деган даъволар билан чиқиб, одамларда конституцион ҳукуматга қарши ишончсизлик ва норозиликни келтириб чиқаришга интиладилар. Диний экстремистик гуруҳлар мамлакатда диний адоватни кучайтириб, вазиятни беқарорлаштиришни ўз олдиларига мақсад қилиб қўядилар. Ислом экстремизми вакиллари ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида ислом таълимотини ўз манфаатлари йўлида бузиб талқин қиладилар.
Демак, диний экстремизм келиб чиқишининг биринчи ва асосийси сабаби бу – мутаассиб фикр ва қарашларнинг пайдо бўлишидир. Мутаассиблик диний экстремизм ва терроризмга замин тайёрлайди. Иккинчи сабаби дунёвий ва диний билимларнинг саёзлиги, соф диний тушунчаларнинг асл мазмунини билмаслик ҳам диний экстремистик ғояларнинг тарқалишига сабаб бўлади.
2. Диний экстремистик ташкилотларнинг кўпчилиги ўз номини муқаддас ислом дини билан боғлашга уринадилар. “Ислом” сўзининг луғавий маъноларидан бири “тинчлик” бўлиб, у ҳеч қачон ўзига эътиқод қилувчиларни бузғунчиликка, қотилликка, зўравонликка ундамаган. ва ундамайди ҳам. Замонавий террорчилар эса бузғунчилик ва қотиллик, одамларни даҳшатга солишни ўзларининг маслакларига айлантириб олганлар.
3. Қуръони каримда бегуноҳ одамларнинг жонига қасд қилиш қораланиб, “Нисо” сурасининг 93-оятида,“Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай”, дейилган.
Ҳадисларда ҳам бу масалада тегишли кўплаб маълумотлар келтирилган бўлиб, Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда, “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Аллоҳ таолонинг наздида бир мусулмон кишининг ноҳақ қатл этилишидан кўра, ёруғ дунёнинг барбод бўлиб кетиши енгилроқдир”, дедилар”, деган фикр келтирилган.
4. Бугунги кунда дунёда кўплаб экстремистик ва террорчилик ташкилотлари мавжуд бўлиб, уларнинг маълум бир қисми ислом дини ниқоби остида фаолият юритишга ҳаракат қилиб, “ҳалифалик”, “жиҳод”, “шаҳидлик”, каби тушунчаларни илгари сурмоқдалар.
5. Инсонни ўз жонига қасд қилиши билан боғлик бўлган камикадзе деган сўз бўлиб, камикадзе япон тилида “илоҳий шамол” деган маънони билдиради. Ҳозирги пайтда баъзилар камикадзени ўзини-ўзи ўлдиришга тайёр террористларга нисбатан қўллашга ҳаракат қилмоқдалар. Камикадзе иккинчи жаҳон уруши даврида япон учувчилари томонидан Ватан озодлиги йўлида ўз жонини қурбон қилишни ифодаласа, экстремист-террорчилар ўзини-ўзи ўлдириш билан кўплаб бегуноҳ одамларнинг ҳаётига зомин бўлмоқдалар.
Динга ишонадиган, унинг талабларини мунтазам бажариб юрадиган кишилар диндорлар дейилади. Ҳозирги даврда диндорлар динга амал қилиши, диннинг назарий ва амалий, ҳуқуқий қоидаларини, аҳлоқ-одобларини билиш даражаларига қараб уч гуруҳга ажратилади.
1. Биринчи гуруҳга мансуб диндорлар - уламолар, руҳонийлар, диний ташкилотлардаги дин пешволари, диний таълим-тарбия муассасаларида ишлаб турган муаллим ҳамда мударрислар, диний китоблар, журналлар, газеталар нашриётида ишлаётган ходимларнинг юқори қатламидаги кишилар киритилади. Мазкур гуруҳдаги диндорлар дин бўйича назарий ва амалий, илмий тажрибаларга эга бўлиб, улар диннинг тарихини, ақидаларини, маросимларини, ҳуқуқий ва аҳлоқий меъёрларини яхши билишдан ташқари уларни тушунтириб бера оладилар, шарҳлайдилар, тарғиб-ташвиқот қиладилар, диний ишларни уюштирадилар ва раҳбарлик қиладилар.
2. Диндорларнинг иккинчи гуруҳига мансуб диндорлар диннинг назарий томонларини яхши билмайдиган, аммо диний маросимларни фаол бажарадиган, диний ишларга бош-қош бўладиган, уларни тарғиб этадиган, диний дастурлардан, диний жиҳатдан манъ этилган ёки рухсат қилинган тартиб қоидалардан яхшигина хабардор, динга ихлоси баланд бўлган диндорлардир.
3. Учинчи гуруҳдаги диндорлар динга ишонадиган, диний қоидаларни бошқалардан эшитган ёки диний маросимларни анъанавий одат сифатида бажарадиган, динга ҳам, илм-фанга ҳам ишониб юрадиган, диний ишларда унча фаол бўлмаган, диний эътиқоди ҳали пишиб етилмаган диндорлардир.
Биринчи гуруҳга мансуб диндорлар диндорларнинг умумий сонига нисбатан жуда озчиликни ташкил этадилар. Иккинчи гуруҳга мансуб диндорлар биринчи гуруҳлардагига нисбатан анча кўп миқдорни ташкил этадилар. Учинчи гуруҳдаги диндорлар энг кўпчилик диндорлардир.
Диндорлик - ўз дунёқарашида, иймон-эътиқодида, психологиясида, турмуш тарзида, аҳлоқ-одобида, кундалик ҳаёт кечиришида, оилада, меҳнат жамоаларида, жамотчилик орасида, маиший турмушда, ўзининг барча хатти-ҳаракатларида тўла равишда диний талаблар, тартиб-қоидаларга амал қилишни англатади. Жамиятнинг ҳарактери, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий шарт-шароитлар, маданият даражасига қараб диндорлик айрим даврларда юқори ёки паст даражада бўлиши мумкин.
Мустақилликдан кейин Ўзбекистонда исломга ихлос кучайди, минглаб янги масжидлар, ўнлаб мадрасалар, юзлаб диний мактаблар очилди, диний маросимчилик фаоллашди, диний адабиёт кўпайди, мусулмон давлатларининг халқаро обрўси ошди, ўзаро алоқалари кучайди. Дин, диндорлар ва диндорликка катта эътибор қаратила бошланди.
Do'stlaringiz bilan baham: |