Асосий Қонунимизда ҳеч қандай мафкуранинг давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмаслиги ва ижтимоий-сиёсий ҳаёт сиёсий институтларнинг ранг-баранглиги, мафкура ва фикрларнинг хилма-хиллигига асосланиши белгилаб берилди. Айни пайтда барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги шароитида хусусий мулкнинг устуворлиги конституциявий асосда мустаҳкамлаб қўйилди.
ИСЛОМ КАРИМОВ.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши
Ўзбекистон Республикасининг янги Конституциясини ишлаб чиқиш ғояси Олий Кенгашнинг 1990 йил 20 июнда бўлиб ўтган 2- сессиясида илгари сурилган.
Сессияда Президент И.А.Каримов раислигида 64 кишидан иборат Конституция лойиҳасини тайёрлаш бўйича комиссия тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
1992 йил баҳорида Конституция лойиҳасининг 149 та моддадан иборат янги варианти ишланди ва у 1992 йил 26 сентабрда умумхалқ муҳокамаси учун матбуотда эълон қилинди.
Қарийб икки ой давом этган умумхалқ муҳокамасидан сўнг билдирилган таклиф ва мулоҳазалар умумлаштирилди ва лойиҳа ушбу таклиф ва мулоҳазалар асосида қайта тузатилиб, 1992 йил 21 ноябрда муҳокамани давом эттириш учун 2-маротаба матбуотда эълон қилинди.
1992 йил 8 декабрда 12- чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг тўққизинчи сессиясида 6 бўлим, 26 боб, 128 моддадан иборат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти
Ўзбекистон Республикасининг Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди (89-модда).
Ўзбекистон Республикасининг Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан етти йил муддатга сайланади. Президентни сайлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонуни билан белгиланади (90-модда).
Президент ўз вазифасини бажариб турган даврда бошқа ҳақ тўланадиган лавозимни эгаллаши, вакиллик органининг депутати бўлиши, тадбиркорлик фаолияти Билан шуғулланиши мумкин эмас (91-модда).
Президентнинг шахси дахлсиздир ва қонун билан муҳофаза этилади.
Президент Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси йиғилишида қуйидаги қасамёдни қабул қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришган ҳисобланади (92-модда).