14-мавзу: Янгиланаётган Ўзбекистон: миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари
Дунёда икки юз элликдан ортиқ давлат, минглаб халқ ва элат бор. Улар орасида Ўзбекистон дея аталмиш гўзал ва бетакрор мамлакатнинг ўз ўрни ва нуфузи, ўзига хос тараққиёт йўли борлиги қалбимизга ифтихор бағишлайди. Шу боис ҳам Мустақиллик биз учун бениҳоя қадрлидир. Қадрли нарса эса осонликча қўлга киритилмаслигини барчамиз яхши биламиз.
Ватанимиз тарихи бир неча минг йиллар билан бўйлашади. Бу диёр жаҳон тамаддунининг тамал тошини қўйган, илм-фани, санъати, маданияти, улкан маданий-маънавий мероси, олиму фузалолари билан донг таратган. Шу боис яқин ўтмишда қарийб бир аср давомидаги мустамлака даври, унгача ҳам ҳақ-ҳуқуқлари поймол этиб келинган халқимиз руҳини ҳеч қандай куч сўндиролмаган. Шу нуқтаи назардан ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани, 1990-1991 йилларда Наврўз байрами қайта тиклангани, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари байрам кунлари деб эълон қилингани халқимизнинг асрий орзу ва армонлари рўёбга чиқиши, миллий қадриятларимиз тикланиши йўлидаги дастлабки йирик қадамлар бўлди.
Миллий давлатчилигимизни барпо этиш йўлидаги залворли қадам сифатида Мустақилликнинг дастлабки йилларида дастлаб унинг кафолати бўлмиш Конституция қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш бош вазифа этиб белгиланиб, мамлакат сиёсий ҳаётида кўппартиявийлик муҳити қарор топди, нодавлат тузилмалар, жамоат ташкилотлари ва ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолияти такомиллаштирилди, суд-ҳуқуқ тизимида, оммавий ахборот воситалари, маънавий-маърифий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Дарҳақиқат, мамлакатимиз тарихида ўчмас саҳифа очган буюк истиқлол туфайли Ўзбекистон ўтган давр мобайнида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаб, миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил илгарилаб бормоқда. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи бу ўзгаришларни янада теранроқ англашимиз, идрок этишимизда муҳим аҳамият касб этди. Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир сўзлари халқимиз қалбида ифтихор туйғуларини янада жўш урдирди. Шубҳасиз, бундан руҳланган халқимиз давлатимизнинг ҳар қарич ерида юксалиш даври бўлиши учун азму қарор қилмоқдалар.
Муҳтарам Юртбошимиз нутқида таъкидлаганидек, Миллий юксалиш деганда, биз мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва турмуш сифатини ҳар томонлама юқори босқичга кўтаришни тушунамиз. Илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳаларида бўлаётган катта ўзгаришлар ҳаётимизда муҳим воқеликка айланмоқда.
Юртимизда ижтимоий ривожланиш бўйича ўзига хос тизим шаклланмоқда. Бу борада 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширилаётгани, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус” каби дастурлар аҳолини янгича фикрлаш ва ишлашга сафарбар этишда муҳим роль ўйнамоқда. Бунинг натижасида, ҳатто мамлакатнинг энг чекка ҳудудлари, марказлардан олисда жойлашган қишлоқларнинг ҳам меъморий қиёфаси тубдан янгиланиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалтирилмоқда.
Соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт, илм-фан, айниқса, таълим-тарбия соҳаларида бўлаётган улкан ўзгаришларнинг барчамиз гувоҳи бўлиб турибмиз.
Шу ўринда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда умумтаълим мактабларида 11 йиллик тизим тикланганини, мактаб таълимини ривожлантириш масаласи буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Айниқса, бугунги кунда мамлакатимизда олий таълим соҳаси ҳам жадал ривожланмоқда. Сўнгги уч йилда 35 та янги олий ўқув юрти ташкил қилингани, уларнинг умумий сони 112 тага етгани, эътиборлиси, буларнинг 13 таси нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари экани соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ёрқин исботидир.
Эртанги келажагимиз бўлмиш ёшлар келгусида ана шу улуғвор ишларнинг муносиб давомчиларидир. Шу нуқтаи назардан, янги ўқув йилининг илк – “Мустақиллик” дарсларида истиқлол йилларида, айниқса, кейинги уч йилда амалга оширилган ислоҳотлар, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган устувор ғоя, Президентимиз нутқи мазмун-моҳияти хусусида ўқувчи-ёшларга кенг тушунчалар берилди, уларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Қувонарлиси, ёшлар Юртбошимиз нутқининг ҳар бир сатрида ҳаёт борлигини, ҳар бир сўзида Ўзбекистонимизнинг юксак тараққиётига қаратилган аниқ мақсад борлигини теран англаб етди.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, бундан кейин ҳам биз педагоглар маънавият ва маърифат ишини ватанпарварлик иши, виждон иши, деб биламиз. “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган устувор ғоя асосий дастуриламалимиздир. Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, виждони, маънавияти бор инсон Ватанни албатта яхши кўради. Виждон, маънавият дегани – халққа, Ватанга чин юракдан хизмат қилиш деганидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |