Эстетик эҳтиёж – эзгуликка, гўзаликка интилишдир. Бу эҳтиёж меҳнат, санъат, ахлоқий муносабатлардаги гўзалликни тақозо этади. Инсоннинг жамики фаолият қирралари борлиққа эстетик муносабати орқали намоён бўлади.
Эстетика ўз моҳиятига кўра, дин, фан, ахлоқ, ҳуқуқ тамойилларидан фарқ қилувчи ўзига хос қонунлар асосида ривожланиб, унда ўтмиш маданий мероси, ҳозирги кун тажрибаси, келажак башоратлари уйғунлашган ҳолда намоён бўлади. Фан воқеа-ҳодисаларнинг қонуниятларини воқеликка мувофиқ келадиган тушунчалар ва қоидалар орқали очиб берса, эстетика воқеа-ҳодисаларни хаёл, тўқима образлар воситасида ифодалайди. Улардаги тимсоллар ҳам ўз тузилишига кўра бир-биридан фарқ қилади. Масалан, мусаввирлик, ҳайкалтарошлик, театр, бадиий адабиёт, кино санъатида воқеа-ҳодисалар бевосита тасвирланади: мусиқа, рақс, амалий-кўргазмали санъат, меъморчиликда санъаткорнинг воқеа-ҳодисалар ва нарсалардан туғилган ғоявий-ҳиссий ҳолати ифодаланади. Бу жиҳатдан эстетика санъатга яқин туради.
Санъат ибрат ҳисси – руҳий тарбия қуроли бўлиб, унинг воситасида воқеликдаги гўзаллик ва хунукликни, улуғворлик ва пасткашликни, фожиалилик ва кулгилиликни англаймиз. Шундай санъат инсонда қувонч ва кулги, йиғи ва қайғу, нафрат ва ғазаб қўзғайди, инсон фаолиятининг муҳим тури сифатида одамларни нафосат ва гўзаллик руҳида тарбиялайди, воқеликка эстетик муносабат эса санъаткорлар яратган асарларда, меҳнатда, турмушда, ахлоқий муносабатларда акс этиб, бадиий асосларда ифодаланади.
Гўзаллик беҳисоб шакл ва кўринишларга эга. Гўзаллик барча нарсаларда, ҳодисаларда намоён бўлади. Аввало у қувонч ва шодлик ҳис-туйғусидир. Биз табиатдаги, меҳнатдаги, одамлар ахлоқидаги гўзалликларни беғараз севамиз. Севган, орзу қилган одамни, нарсани кўрганда қандай хурсанд бўлсак, гўзалликни кўрганда ҳам шундай қувонамиз.
Гўзаллик санъатда алоҳида қимматга эга. Санъат инсон муносабатлари гўзаллигини – фидойилик, олижаноблик, эзгулик, яхшилик, адолат, жасорат, ватанпарварлик каби тушунча шаклидаги ҳолатларни бадиий ифодалаш орқали акс эттиради. Айни маҳалда санъат ижтимоий ёвузликларни, разиллик ва мунофиқлик, пасткашлик ва риё, тубанлик ва ёлғончилик каби хунук ҳодисалар воситасида ҳам инсоннинг туйғуларига таъсир этиб, уни тарбиялайди. Санъатда гўзаллик, кўпинча фожиа, улуғворлик, кулгу орқали қарор топади. Фожиавийлик, улуғворлик ва кулгулилик тушунчалари санъатда алоҳида қимматга эга.
Мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар – Ўзбекистоннинг ўз мустақиллигини эълон қилиши, тарихий хотира, анъана ва қадриятларнинг тикланиши муносабати билан ижтимоий фанлар, жумладан, эстетика Фан олдида янги вазифалар пайдо бўлди.
Инсоннинг эстетик фаоллиги жараёнида табиат ва жамият қадриятлари муносабатлари тизимидаги эстетик хусусиятлар (гўзаллик ва хунуклик, улуғворлик ва пасткашликни, фожиалилик ва кулгилилик) қонуниятлари намоён бўлади. Инсоннинг эстетик фаоллиги сифати ва даражаси эса эстетик қадриятлар Билан эстетик амалиёт ўрталаридаги узвий алоқадорлик маданиятнинг барча соҳаларидаги бадиий ва эстетик ўзаро боғликлик мезонлари билан ўлчанади.
Эстетиканинг иккинчи таркибий қисми бўлган инсон бадиий фаолияти жараёнларининг бошланишидан то охиригача яхлит бирликда мушоҳада этиб ўрганиш, унинг фаолияти бошқа турлари қаторида тизимли ва амал қилиш хусусиятларини англаб, бадиий ижод, унинг самараси бўлган санъат асарлари билан уларни одамлар идрок қилишининг узвий боғлиқлигини илғаб олиш, бадиий фаолият аниқ шакллари (турлари, кўринишлари, услублари)ни яратувчи қонунларни ўрганиш жамият бадиий тараққиёти хусусиятларини, санъат равнақининг истиқболларини кўра билиш қобилиятининг вужудга келиши жараёнларини тадқиқ этиш эстетика фанининг энг мухим мавзуси ҳисобланади.
Эстетика фани ва ўқув дарси воқеликни эстетик мушоҳада қилиш ва бадиий ижод жараёнларининг узвий мутаносиблигини намоён қилади ва ифодалайди. Бошқача қилиб айтганда, эстетика – бу нафосат олами, санъат ва бадиий ижод жараёнлари қонуниятларини ҳис-туйғу, сезиш, идрок қилиш воситалари орқали ўрганадиган ва ўргатадиган фандир.
Эстетика фани инсоният томонидан борлиқни эстетик ўзгартириш моҳияти ва қонуниятларини ўрганади, десак тўғрироқ бўлади. Борлиқни эстетик ўзлаштириш эса санъатнинг асосий мазмунини ташкил этади. Шу боис эстетика фани санъатнинг асосий-услубий методологик замини бўлиб хизмат қилади.
Эстетика фани фалсафий билимлар тизимида ўзига хос ўрин эгаллайди. У, энг аввало фалсафий бўлиб, унинг назарий ва услубий асосларини фалсафий тафаккур назарияси ва тарихи ташкил қилади. Масалан, воқеликни эстетик ва бадиий ўзлаштириш жараёнларини ўргатишда холислик, тарихий ёндошиш, билиш жараёнида амалий тажрибанинг аҳамияти каби услубий асосни қўллаш ижобий самараларга олиб келиши мумкин.
Эстетика фани мазмунан социология – кенг ижтимсоий билимлар доираси билан алоқадордир. Эстетика социология фани билан 3 таркибий қисм орқали боғланади: биринчидан, ижтимоий воқеа ва ҳодисалар ҳамда жараёнларнинг услубий асоси ҳисобланган умумсоциология назарияси эстетиканинг ҳам илмий-назарий асоси бўлиб хизмат қилади; иккинчидан, социология ижтимоий воқеа-ҳодисаларнинг хусусий, алоҳида, нисбий мустақил соҳалари (сиёсат, давлатлар, миллатлар, санъат турлари ва кўринишлари)ни қамраб олган ҳолда эстетика ва бадиий ижод жараёнларининг айрим жабҳалари билан узвий боғлиқликда намоён бўлади; учинчидан, аниқ социологик тадқиқотлар орқали олинадиган дастлабки ижтимоий ахборотлар (маълумот-билимлар) эстетик ва бадиий фаолият жараёнларини ҳам қамраб олади.
Эстетика умумсоциологик назарияга таянган ҳолда ўзининг ғоявий-мафкуравий, ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий йўналишлари ва мақсадларини шакллантиради. Социология санъат билан жамият ўртасидаги алоқаларини тадқиқ этади. Лекин санъат социологияси эстетиканинг социологик муаммолари билан тўла қўшилиб кетмайди. Чунки, санъат социологияси билан эстетиканинг социологик муаммолар ўртасида катта фарқ бор. Эстетика нафақат санъат, балки воқеликни эстетик ўзлаштиришнинг барча шаклларига таалуқли бўлган социологик масалалар ечими билан ҳам шуғулланади. Яна бир фарқ шуки, эстетик мўлжал ҳамиша санъатнинг хусусиятларимни очишга қаратилган бўлади. Санъат социологиясининг асосий вазифаси эса умумсоциологик қонунларининг санъат соҳасида амал қилишидир.
Эстетика фани руҳиятшунослик (психология) фани билан чамбарчас боғлиқдир. Бу яқинликнинг асоси шундаки, воқеликка эстетик муносабатнинг барча томонлари эстетик дид ёки эстетик ҳис-туйғу, бадиий ижод ёки бадиий идрок қилиш жараёнларининг ҳаммаси руҳият мезони билан ўлчанади. Чунки, эстетика у ёки бу даражада инсонинг руҳий, ҳис-туйғу холатини ифодалайди.
Руҳиятшунослик фани эстетик муносабатларнинг барча томонларини, жумладан, бадиий ижод ва идрок жараёнларини амалий ва назарий жиҳатдаг тадқиқ этади. Айни маҳалда эстетика фани инсон руҳий ҳаётининг энг мураккаб ва нозик томонларини қамраб олади. Эстетиканинг таркибий қисмларини руҳиятшунослик фанининг эришган ютуқлари ва хулосаларидан кенг фойдаланмасдан туриб тасаввур этиб бўлмайди.
Эстетика санъатшунослик билим соҳалари учун бошланғич назарий ва услубий асос бўлиб хизмат қилади. Эстетикасиз санъатшунослик бўлолмайди, яъни у айрим воқеа-ҳодисалар шарҳи билан шуғулланишга мажбур бўлиб қолади. Шуни эътиборга олиш керакки, эстетика хусусий санъатшунослик умумий қонуниятлари, энг аввало, нафосат табиати ва эстетик тимсол қонуниятларини ўзида намоён қилади.
Эстетиканинг амалиёт учун аҳамияти нимада? У воқеликка қандай таъсир ўтказади? Эстетика ижтимоий бунёдкорлик жабҳасида қай тарзда иштирок этади. Бу саволларга жавоб бериш ҳам эстетика фани мавзусидир. Эстетик назария санъат ва бадиий ижод жараёнига, бадиий маданиятнинг барча соҳаларига амалий жиҳатдан кучли таъсир ўтказади.
Эстетик назарияга суяниб иш кўриш – бадиий жараёнларга самарали таъсир ўтказиш санъатнинг эркин ривожланишини таъминлаш гаровидир.
Эстетик назария жамият ҳаётининг барча жабҳаларига кириб боради ва уларнинг маънавий бойитади, ижтимоий-маънавий ишлаб чиқаришнинг муҳим омили сифатида одамлар эстетик маданиятини шакллантиради. У бошқа фан соҳалари каби бевосита ишлаб чиқаришда қатнашади. Айни маҳалда у жамият эстетик онгнинг таркибий қисмига айланади, жамият умумий тараққиётига муносиб ҳисса қўшади.
Do'stlaringiz bilan baham: |