Тижорат банклари актив операциялари иқтисодий моҳиятига кўра:
-касса операциялари;
-ссуда операциялари (кредитлаш);
-инвестиция ва фонд операциялари;
-валюта операциялари ва кафолатлар бериш;
-банк фаолиятини амалга ошириш учун харажатлар (асосий воситалар, транспорт ва б.) билан боғлиқ операциялардан иборат.
Банклар касса операциялари орқали мижозларга нақд пулларни бериш ва улардан нақд пулларни қабул қилиш билан боғлиқ ишларни амалга оширади.
Ссуда операциялари орқали банклар мамлакатдаги фаолият юритаётган мулкий шаклидан қатъий назар барча хўжалик субъектларига тегишли кердитларни беради. Маълумки, банк кредитлари бир йилгача – қисқа муддатли, бир йил ва ундан кўп даврга – узоқ муддатли кредитларга бўлинади.
Инвестиция операцияларида банклар ҳўжалик юритувчи субъектлар ва давлатнинг қимматли қоғозларига молиявий маблағларни жойлаштиради. Албатта ушбу операциялар банклар учун маълум даражадаги рискли операциялар ҳисобланиб, банкларнинг фойдасини шакллантиришга хизмат қилади.
Банкларнинг валюта операциялари бевосита хорижий мамлакатлар миллий валютасини олди – сотдиси билан боғлиқ операциялар ҳисобланиб, миллий валютанинг хорижий валюталарга нисбатан курсини ўзгариши ҳисобига фойда ёки зарар кўриши мумкин.
Банклар йирик ва юқори даражадаги тўлов қобилиятига эга молиявий муассаса сифатида компания, корпорация ва бошқаларга учинчи шахс сифатида кафолатлар бериши мумкин. Албатта, берилган кафолатлар эвазига банклар маълум даражадаги фойдани олишни режалаштиради.
Бозор иқтисодиёти шароитида тижорат банклари мижозларнинг молиявий хизматларга бўлган эҳтиёжларини қондириш ва фойда манбасини ошириш мақсадида қатор ноаънанавий операцияларни бажаради. Бундай операциялар сирасига факторинг, кредит – ижара (лизинг), контокоррент (овердрафт), форфейтинг, траст каби операцияларни киритиш мумкин.
Факторинг операцияларида банклар товар сотиб олувчининг қарз ҳужжатларини сотиб олади, унда асосан учта томон иштирок этади.
Биринчиси, фактор – воситачи, банкнинг факторинг операцияларини бажарувчи бўлими. Одатда, ривожланган мамлакатлар тажрибасида факторинг операцияларини амалга оширишга ихтисослашган факторинг компаниялари ташкил этиш амалиёти ҳам мавжуд.
Иккинчиси, мижоз (товар сотувчи ёки хизмат кўрсатувчи), фактор – воситачи билан контракт тузувчи саноат ёки савдо фирмаси.
Учинчиси, товар сотиб олувчи.
Иқтисодий нуқтаи назардан, кредит – ижара (лизинг) мураккаб савдо – молия – кредит операцияларининг бир шакли ҳисобланади. Кредит – ижаранинг асосий хусусиятлари сифатида лизинг муддати давомида ижарага берилган воситаларга нисбатан эгалик ҳуқуқини сақлаб қолишдир. Унинг асосий шаклларидан бири машина ва жиҳозларни ижарага бериш, асосий усулларидан бири инвестицияларни молиялаштириш ва таъминотни фаоллаштириш ҳисобланади.
Кредит – ижара (лизинг) операциясида одатда уч томон иштирок этади:
ишлаб чиқарувчи (товар сотувчи), бўлажак лизинг берувчига тегишли машина ва жиҳозларни сотувчи юридик шахс;
лизинг берувчи, товар сотувчидан машина ва жиҳозларни сотиб олувчи, мулкнинг эгаси сифатида лизинг шартномасига асосан маълум муддатга ва тўлов эвазига машина ва жиҳозларни лизинг олувчига берувчи. Одатда, лизинг берувчи сифатида етарли даражада молиявий маблағга эга бўлган банклар, ихтисослашган лизинг компаниялари, корхоналар майдонга чиқади;
лизинг олувчи, лизинг шартномасига маълум муддат ва тўловга асосан машина ва жиҳозларни олувчи шахс.
Банкларнинг ноаъанавий операцияларидан бири контокоррент операциялар ҳисобланади. Контокоррент (овердарфт) операцияларда мижозларнинг банклардаги талаб қилиб олингунча сақланадиган депозит ҳисобварақлари бўйича маълум миқдорда дебет қолдиқ (овердрафт) қолишига рухсат берилади. Албатта, бу иқтисодий жараён банк ва мижоз ўртасида тегишли шартнома асосида расмийлаштирилади, контокоррент шартномасига биноан мижознинг талаб қилиб олингунча сақланадиган депозит ҳисобварақларида маблағлар мавжуд бўлмаган ҳолда, унга тўловларни амалга ошириш учун тегишли суммани дебет қолдиғи ҳисобидан ўтказилишига йўл қўйилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |