Персоналга эхтиёжни прогноз қилиш. Келажакда персоналга эхтиёжни хисоблаш режалаштирилган ишлаб чиқариш дастури хамда кадрлар миқдор таркибидаги ўзгаришлар (масалан, кадрлар қўнимсизлиги кўрсаткичлари асосида) прогнозидан келиб чиққан холда амалга оширилади. Айни пайтда, бунда иш вақтининг кутилаётган ўзгаришларини эътиборга олиш мақсадга мувофиқдир.
Персоналга эхтиёж таклиф ва талаб башоратларини таққослаш хамда келажакда иш кучига тақчилликни ёки унинг етишмаслигини аниқлаш йўли билан башорат қилинади. 5.5- жадвалда 5 йил муддатга талаб ва таклиф башоратларининг таққосланиши кўрсатилган. Бу ёлланиши керак бўлган ишчилар сонини аниқлаш имконини беради.
Башоратнинг биринчи йили мехнатнинг йиллик бюджети вазифасини ўтаб, хар йили (агар талаб тез ўзгарадиган бўлса янада эртароқ) унга аниқлик киритиб туриш мумкин бўлади. Айрим холларда персоналга эхтиёжни узоқ муддатга (масалан, 5 йилга) башорат қилиш мумкин эмас. Баъзида эса ташкилот 1 ёки 2 йилдан кўпроқ муддатдаги ўзгаришларни мўлжаллай олмаслиги сабабли узоқ муддатли башоратга эхтиёж хам бўлмайди.
Талаб ва таклиф прогнозларини солиштириш қанча миқдорда персонални ишга ёллаш (ёки нечта ишчи кучи эхтиёждан ортиқлигини) кераклигини аниқлаш имконини беради. Бу маълумотлар мехнат бўйича режани ишлаб чиқишга асос бўлади, ўқитиш хажми ва дастурларига, қисқартирилиши керак бўлган штатларга аниқлик киритади.
Талаб ва таклиф прогнозлари бўйича катта хажмдаги маълумотларни тахлил этиш, келажакда ташкилотдаги ишларнинг ахволи қандай бўлиши тўғрисидаги тахминларни бахолаш учун инсон ресурсларини моделлаштиришдан фойдаланиш тавсия этилади.
Моделлаш — реал вазиятнинг тасвиридир. Инсон ресурслари умумий прогнозларини тайёрлаш жараёнида моделлаш усулларидан фойдаланиш кадрлар қўнимсизлигининг даражасини англаш, башорат қилиш ва ўлчашга ёрдам беради, шунингдек, хизматда ўсишни бахолашга дастак бўлади. Агар ташкилот компьютерлашган ахборот тизимига эга бўлса, мавжуд маълумотлар банкидаги ахборотлардан катта хажмдаги маълумотларни тез ва чуқур тахлил этиш учун қўлланиш мумкин.
Персонал бўйича компьютерлашган ахборот тизимидан фойдаланиш учун махсус „Microprospect", „IMS-Monitor", „IMS-WASP", „IMS-CAMPLAN" моделларидан фойдаланиш тавсия этилади. Улардан қўллашда қуйидагиларга эътибор бериш лозим:
1. Ушбу моделдан нима учун фойдаланилмоқда, ундан қандай натижалар кутилмоқда, унда қайси прогнозларни аниқлаш керак?
2. Экстраполяция учун маълумотлар базасини яратиш мақсадида имконият бор жойларда маълумотлар муваққат қаторидан фойдаланиш, яъни трендларни тахлил этиш.
3. Ишчи кучи тизими тўғрисидаги тахминларни шакллантиришда „Сиз жорий амалиётни давом эттирадиган бўлсангиз нима рўй беради?" саволини қўйинг, сўнг „Бозор шароитларида, янги технологияларни қўллашда юз бериши мумкин бўлган ўзгаришларни кўриб чиқинг" топширигини беринг.
4. Маълумотлар базасини қисмларга бўлиш кўпроқ аниқлик киритиш эхтимоли бўлса хам жуда кичик рақамларни қўллаш ёлғон натижаларни келтириб чиқариши мумкин.
5. Кадрлар қўнимсизлиги тўғрисидаги маълумотлар бўйича тахминларнинг тўғрилигига ишонч хосил қилиш учун уларни бошқа компанияларнинг худди шундай маълумотлари билан таққослаб кўринг.
6. Биринчи навбатда, моделдан маълумотлар чиқараётганда энг асосий натижаларни, айниқса ишчи кучи таркибидаги ўзгаришлар, фавқулодда катта ва кичик оқимларни излаб топинг.
Do'stlaringiz bilan baham: |