[
ОКОЗ:
1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.11.00.00 Мажбуриятларнинг алоҳида турлари / 03.11.17.00 Ҳисоб-китоблар (шунингдек, 07.21.03.00га қаранг) / 03.11.17.01 Умумий қоидалар. Дебиторлик ва кредиторлик қарздорлик;
2.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.21.00.00 Банк фаолияти / 07.21.03.00 Ҳисоб-китоблар ва касса операциялари (шунингдек, 03.11.17.00, 07.21.04.00 ларга қаранг)]
[
ТСЗ:
1.Молия / Пул тизими. Ҳисоб-китоблар;
2.Молия / Банклар ва бошқа кредит муассасалари. Кредитлар]
PDF-файлидаги расмий манба
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИНИНГ
Қарори
ХЎЖАЛИК ЮРИТУВЧИ СУБЪЕКТЛАРНИНГ БАНК ҲИСОБВАРАҚЛАРИДАН ПУЛ МАБЛАҒЛАРИНИ ҲИСОБДАН ЧИҚАРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ ЙЎРИҚНОМАНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 15 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2342]
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 2-сонга илова), Солиқ кодекси (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 52 (I)-сон), Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 247-модда), «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 5-6-сон, 54-модда), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 9 августдаги ПФ-1504-сон «Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 8-сон, 103-модда), 1998 йил 4 февралдаги ПФ-1923-сон «Ҳисоб-китоб механизмини такомиллаштириш ҳамда республика бюджети ва маҳаллий бюджетларга тўловлар тушишини рағбатлантириш чоралари тўғрисида»ги ва 2002 йил 30 мартдаги ПФ-3047-сон «Пул массаси ўсишини чеклаш ва молиявий интизомига риоя этиш масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 3-сон, 51-модда) фармонларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси қарор қиладилар:
1. Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги йўриқнома иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Молия вазирлиги томонидан 1999 йил 22 январда 104-в, 21-сон ва Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 30 январда 615-сон билан тасдиқланган «Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги йўриқнома» (рўйхат рақами 615, 1999 йил 30 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 1999 йил, 1-сон);
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 3 мартда 104-в-1, 21-сон ва 615-1-сон билан тасдиқланган «Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги йўриқномага 1-сон қўшимча» (рўйхат рақами 615-1, 1999 йил 3 март);
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан 1999 йил 21 апрелда 104-в-2-сон, Молия вазирлиги томонидан 1999 йил 20 апрелда 12-02-29/794-сон ва Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 4 майда 615-2-сон билан тасдиқланган «Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги йўриқномага 2-сон қўшимча» (рўйхат рақами 615-2, 1999 йил 4 май);
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан 1999 йил 27 сентябрда 104-в-3-сон, Молия вазирлиги томонидан 1999 йил 22 сентябрда 21-3-сон ва Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 5 январда 615-3-сон билан тасдиқланган «Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги йўриқномага 3-сон ўзгартириш ва қўшимча» (рўйхат рақами 615-3, 2000 йил 5 январь);
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Молия вазирлиги томонидан 2000 йил 6 январда 104-в-4, 4-сон ва Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 1 мартда 615-4-сон билан тасдиқланган «Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги йўриқномага 4-сон ўзгартиришлар» (рўйхат рақами 615-4, 2000 йил 1 март).
3. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Марказий банк раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ
Тошкент ш.,
2011 йил 12 декабрь,
35/4-сон
Молия вазири Р. АЗИМОВ
Тошкент ш.,
2011 йил 12 декабрь,
82-сон
Давлат солиқ қўмитаси раиси Б. ПАРПИЕВ
Тошкент ш.,
2011 йил 12 декабрь,
2011-41-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасининг 2011 йил 12 декабрдаги 35/4, 82, 2011-41-сон қарорига
ИЛОВА
Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги
ЙЎРИҚНОМА
Олдинги таҳрирга қаранг.
Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси, Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги ва «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 9 августдаги ПФ-1504-сон «Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 1998 йил 4 февралдаги ПФ-1923-сон «Ҳисоб-китоб механизмини такомиллаштириш ҳамда Республика бюджети ва маҳаллий бюджетларга тўловлар тушишини рағбатлантириш чоралари тўғрисида»ги ва 2002 йил 30 мартдаги ПФ-3047-сон «Пул массаси ўсишини чеклаш ва молиявий интизомига риоя этилиши юзасидан жавобгарликни ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонларига мувофиқ хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан (кейинги ўринларда ҳисобварақ деб юритилади) пул маблағлари уларга қўйилган талабларни қондириш учун етарли бўлмаганда, маблағларни ҳисобдан чиқариш тартибини белгилайди.
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2018 йил 19 апрелдаги 321-В-8, 82, 2018-40-сонли қарори (рўйхат рақами 2342-8, 25.05.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.05.2018 й., 10/18/2342-8/1276-сон)
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Йўриқнома талаблари:
тугатилаётган хўжалик юритувчи субъектнинг тугатиш ҳисобварақларига;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда хатланган ҳисобварақларга ҳамда суд, давлат ижрочилари ёки бошқа ваколатли органлар томонидан фойдаланишга оид чекловлар ўрнатилган ҳисобварақларга ёки ушбу ҳисобварақлар бўйича хатланган пул маблағларига;
(1-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
бюджет маблағларини олувчиларнинг кредиторлик қарзларини тўлаш учун уларнинг ҳисобварақларига маблағ ажратиш режалари доирасида молия ва солиқ органлари томонидан ишлаб чиқилган ҳамда Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда тасдиқланган схемаларда кўрсатилган ҳисобварақларга;
(1-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2018 йил 19 апрелдаги 321-В-8, 82, 2018-40-сонли қарори (рўйхат рақами 2342-8, 25.05.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.05.2018 й., 10/18/2342-8/1276-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
хўжалик юритувчи субъектларнинг ушбу Йўриқноманинг 1-иловасида келтирилган ҳисобварақларига нисбатан қўлланилмайди.
(1-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2012 йил 28 июлдаги 22/2, 57, 2012-24-сонли қарори (рўйхат рақами. 2342-1, 14.09.2012 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 38-сон, 438-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Хўжалик юритувчи субъектнинг асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағида (кейинги ўринларда асосий ҳисобварақ деб юритилади) етарли миқдорда пул маблағлари бўлганда, маблағларни ҳисобдан чиқариш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда мижознинг фармойишига ва бошқа пул-ҳисоб-китоб ҳужжатларининг келиб тушиши тартибида амалга оширилади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
3. Хўжалик юритувчи субъектнинг асосий ҳисобварағида маблағ унга қўйилган талабларни қондириш учун етарли бўлмаган ҳолда, пул-ҳисоб-китоб ҳужжатлари 2-сон картотекага кирим қилинади. 2-сон картотека хўжалик юритувчи субъектнинг фақат асосий ҳисобварағи очилган банкда шакллантирилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Хўжалик юритувчи субъектнинг асосий ҳисобварағига давлат ижрочилари томонидан солиқ қарзи бўйича инкассо топшириқномалари қўйилган тақдирда, шу қарздорлик миқдорида олдин давлат солиқ хизмати органлари томонидан қўйилган инкассо топшириқномалари ижросиз қолдирилади. Давлат ижрочилари томонидан банкларга давлат солиқ хизмати органларининг ижросиз қолдириладиган инкассо топшириқномалари рақами, санаси, суммаси тўғрисидаги маълумотлар тақдим қилинади.
(3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2017 йил 27 июндаги 321-В-6, 91, 2017-32-сонли қарори (рўйхат рақами. 2342-6, 05.07.2017 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 27-сон, 629-модда)
Банклар шу куннинг ўзида давлат солиқ хизмати органларига ижросиз қолдириладиган инкассо топшириқномалари тўғрисида электрон хабар беради. Давлат солиқ хизмати органлари шу куннинг ўзида ушбу хабарнома асосида ижросиз қолдириладиган инкассо топшириқномаларини банклардан чақириб олади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Банклар томонидан давлат ижрочиларининг инкассо топшириқномаларининг тўланмаган суммаси ижрога қабул қилинади.
(3-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2017 йил 27 июндаги 321-В-6, 91, 2017-32-сонли қарори (рўйхат рақами. 2342-6, 05.07.2017 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 27-сон, 629-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ижрога қабул қилинган инкассо топшириқномаларининг давлат ижрочиларига қайтариладиган нусхасининг орқа томонига қабул қилинган сумма кўрсатилиб, банк масъул ижрочи ходими томонидан имзо чекилиб, штамп босилади.
(3-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2017 йил 27 июндаги 321-В-6, 91, 2017-32-сонли қарори (рўйхат рақами. 2342-6, 05.07.2017 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 27-сон, 629-модда)
4. Хўжалик юритувчи субъектнинг асосий ҳисобварағидаги маблағлар унга қўйилган талабларни қондириш учун етарли бўлмаганда, асосий ҳисобвараққа хизмат кўрсатувчи банк 2-сон картотека пайдо бўлганлиги тўғрисида 3-сўровноманинг «тақиқ» файлини «2» белгиси билан шакллантириб, Банк депозиторлари миллий ахборотлар базасига дастурий равишда юборади. Ушбу маълумотлар Банк депозиторлари миллий ахборотлар базаси орқали барча бошқа ҳисобварақлар очган банкларга узатилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Мазкур маълумотлар Банк депозиторларининг миллий ахборотлар базаси орқали Давлат солиқ қўмитасига ахборот тариқасида узатилиб борилади.
(4-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2012 йил 28 июлдаги 22/2, 57, 2012-24-сонли қарори (рўйхат рақами. 2342-1, 14.09.2012 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 38-сон, 438-модда)
Ҳисобварақ очган банклар ушбу маълумотномани амалиёт куни давомида олганда, шу амалиёт кунидан кечикмаган ҳолда, маълумотномани амалиёт кунидан кейин олганда эса кейинги амалиёт кунида мазкур мижознинг асосий ҳисобварағига қўйилган талабларни қондириш учун хўжалик юритувчи субъектнинг бошқа ҳисобварақларидаги пул маблағларини унинг асосий ҳисобварағига мемориал ордер асосида ўтказиб беришлари шарт.
Хўжалик юритувчи субъектнинг асосий ҳисобварағида 2-сон картотека пайдо бўлгандан сўнг, унинг бошқа барча иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари очилган банклар томонидан пул-ҳисоб-китоб ҳужжатларини қабул қилиш ва асосий ҳисобварағига бўлган тўловлардан ташқари бошқа тўловларни амалга ошириш тақиқланади.
Хўжалик юритувчи субъектнинг бошқа ҳисобварағидан тўловлар асосий ҳисобварағи очилган банкдан унинг 2-сон картотекаси мавжуд эмаслиги тўғрисидаги файл маълумот дастурий равишда олингандан сўнг амалга оширилади.
5. Хўжалик юритувчи субъектнинг асосий ҳисобварағи очилган банкда 2-сон картотека мавжуд бўлган ҳолларда тўловлар қуйидаги навбатда амалга оширилади:
а) навбатдан ташқари, ҳисобварақ эгасининг аризасига кўра бевосита ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) фаолияти билан боғлиқ бўлган кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжлари учун тўловлар ўтган ой давомида унинг фақат асосий ҳисобварағига келиб тушган жами тушумларнинг 5 фоизи миқдоригача, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхатга асосан ўта муҳим объектларни қўриқловчи бўлинмалар хизматидан фойдаланувчи ҳисобварақ эгалари учун эса 6 фоиз миқдоригача амалга оширилади.
2-сон картотека пайдо бўлганда, ҳисобварақ эгаси томонидан ариза кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжлар миқдорига боғлиқ ҳисоб-китоб билан бирга шу ойнинг кейинги декадаси биринчи санасига, жорий ойнинг учинчи декадаси ва кейинчалик эса кейинги ойнинг учинчи санасигача банкка тақдим қилинади. Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда, бевосита ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) билан боғлиқ бўлган, ўта муҳим объектларни қўриқловчи бўлинмалар хизмати бўйича харажатларни ҳам ҳисобга олган ҳолда зарурий харажатлар рўйхатини аниқлайди.
Ҳисобварақ эгаси кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжлар учун маблағлар ҳисоб-китобини ва аризани банкка тақдим этган куннинг эртасидан бошлаб жорий ой давомида ушбу тўловларни тўлиқ ёки бўлиб-бўлиб амалга ошириши мумкин. Кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжлар учун маблағлар лимитининг ишлатилмаган қисми жорий ойнинг охирги кунигача ишлатилиши мумкин ва кейинги ойга ишлатиш учун ўтказилмайди.
Кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжлар учун тўловлар ҳисобварақ эгасининг тўлов топшириқномалари бўйича амалга оширилади. Бунда тўлов топшириқномаларининг «тўлов мақсади» графасида «кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжлар суммаси ҳисобига», деб ёзилган бўлиши шарт.
Банклар кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжлар учун сарфланадиган маблағлар лимитининг тўғри ҳисобланганлиги (аниқлашини) ва унга риоя қилинишини назорат қилади.
Кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжлар учун сарфланадиган маблағлар лимити нотўғри ҳисобланганлиги аниқланган тақдирда, улар бўйича тақдим этилган ариза ва тўлов ҳужжатлари банк томонидан ижро учун қабул қилинмайди;
б) биринчи навбатда, мутаносиб равишда бюджетга, бюджетдан ташқари фондларга тўловларни ҳамда иш ҳақи тўлаш учун пул маблағлари берилишини назарда тутувчи тўлов (ижрочи) ҳужжатлари бўйича, алиментларни ундиришга доир талабларни қондириш учун ҳисобварағидан пул маблағларини ўтказиш ёки пулни беришни назарда тутувчи ижрочи ҳужжатлар бўйича, муаллифлик шартномаларига биноан мукофотларни тўлаш бўйича, шунингдек ҳаёти ва саломатлигига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича, бюджетга тўловлар бўйича ҳамда меҳнатга оид ва унга тенглаштирилган ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган тўловлар бўйича хўжалик субъектларининг мажбуриятлари тенг даражада бажарилишини таъминловчи ижрочи ҳужжатлар бўйича пул ўчирилади;
в) иккинчи навбатда, навбатдан ташқари ва биринчи навбатдаги тўловлар амалга оширилгандан кейин асосий ҳисобварақдан қуйидаги мажбуриятларнинг календарь навбати тартибида бажарилиши таъминланади:
мазкур банднинг «б» кичик бандида назарда тутилмаган бошқа ижро ҳужжатлари бўйича инкассо топшириқномалари юзасидан тўловлар;
банклар томонидан хўжалик юритувчи субъектларга Ҳукумат кафолати остида берилган муддатли ва муддатида қайтарилмаган кредитларни (уларнинг фоизларини ҳам) қайтариш учун қўйилган мижознинг талабномалари бўйича тўловлар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан берилган бюджет ссудаси, кредит линияси ва улар бўйича ҳисобланган фоизлар;
Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ресурслари ҳисобидан берилган кредитлар бўйича қарзлар ва улар бўйича тўловлар;
(5-банднинг «в» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2019 йил 23 декабрдаги 321-В-10, 115 ва 2019-63-сонли қарорига (рўйхат рақами 2342-10, 17.01.2020 й.) асосан тўртинчи ва бешинчи хатбошилар билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.01.2020 й., 10/20/2342-10/0064-сон)
г) учинчи навбатда, ушбу хўжалик юритувчи субъектнинг асосий ҳисобварағига қўйилган бошқа пул талаблари юзасидан тўловларни амалга ошириш бўйича тўлов ҳужжатларининг келиб тушиш санасига қараб календарь навбатида ҳисобдан чиқарилади.
6. Хўжалик юритувчи субъектнинг миллий валютадаги ҳисобварақларидаги маблағлар қўйилган талабларни қондириш учун етарли бўлмаса, хизмат кўрсатувчи банк давлат солиқ хизмати органларининг тақдимномаси асосида мазкур хўжалик юритувчи субъектнинг чет эл валютасидаги ҳисобварағида мавжуд бўлган маблағнинг ушбу талабларни қондириш учун етарли бўлган миқдоридаги қисмини кейинги иш кунидан кечикмаган ҳолда Республика валюта биржасига сотиш учун буюртманома киритади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Хизмат кўрсатувчи банк томонидан чет эл валютасини сотишдан олинган маблағлар хўжалик юритувчи субъектнинг асосий ҳисобварағига кирим қилинади ва ушбу Йўриқномада белгиланган тартибда мазкур ҳисобвараққа тақдим этилган талабларни қондириш учун йўналтирилади.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2017 йил 23 сентябрдаги 321-В-7, 138, 2017-51-сонли (рўйхат рақами 2342-7, 29.09.2017 й.) қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 2017 й.)
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Хўжалик юритувчи субъектларнинг «20400 — Жамғарма депозитлар», «20600 — Муддатли депозитлар» ҳисобварақларидаги маблағлар, шунингдек «22602 — Мижозларнинг аккредитивлари бўйича депозитлари» ва «22606 — Мижозларнинг импорт билан боғлиқ тратта ва/ёки траст ҳужжатлари билан кафолатланган аккредитивлар бўйича депозитлари» ҳисобварақларидаги маблағлар қолдиқлари ушбу Йўриқноманинг 5-бандида кўрсатиб ўтилган талабларни қондириш учун депозит ва аккредитив шартномаларида кўрсатилган муддат тугагандан кейин банклар томонидан тегишли ҳисобвараққа кирим қилинади.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2018 йил 19 апрелдаги 321-В-8, 82, 2018-40-сонли қарори (рўйхат рақами 2342-8, 25.05.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.05.2018 й., 10/18/2342-8/1276-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. Асосий ҳисобварақда унга қўйилган талабларни қондириш учун маблағлар етарли бўлмаган ҳолда хўжалик юритувчи субъектларнинг «20400 — Жамғарма депозитлар», «20600 — Муддатли депозитлар», «22602 — Мижозларнинг аккредитивлари бўйича депозитлари» ва «22606 — Мижозларнинг импорт билан боғлиқ тратта ва/ёки траст ҳужжатлари билан кафолатланган аккредитивлар бўйича депозитлари» ҳисобварақлари бўйича шартномалар муддатини узайтириш ҳамда янги шартномалар тузиш тақиқланади.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2018 йил 19 апрелдаги 321-В-8, 82, 2018-40-сонли қарори (рўйхат рақами 2342-8, 25.05.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.05.2018 й., 10/18/2342-8/1276-сон)
II. Пул маблағлари етарли бўлмаган ҳолда пул-ҳисоб- китоб ҳужжатлари бўйича мутаносиб равишда ҳисобдан чиқариш
10. Кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжлар учун маблағлар лимити аниқлангандан ва захира қилинганидан кейин хўжалик юритувчи субъектнинг асосий ҳисобварағидан пул маблағларини мутаносиб равишда ҳисобдан чиқариш мазкур Йўриқноманинг 5-банди «б» кичик бандида назарда тутилган навбат асосида амалга оширилади.
11. Мутаносиб равишда ҳисобдан чиқаришни амалга ошириш учун асос бўлиб қуйидаги ҳужжатлар хизмат қилади:
тўловчининг бюджет ва давлат мақсадли жамғармаларига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлари бўйича тўлов топшириқномалари;
давлат солиқ хизмати органларининг бюджет ва давлат мақсадли жамғармаларига муддатида тўланмаган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш борасидаги инкассо топшириқномалари;
божхона хизмати органлари томонидан муддатида тўланмаган божхона тўловларини ундириш борасида инкассо топшириқномалари;
давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг даромадларига (жарима ва молиявий санкциялар ҳамда бошқа шунга ўхшаш тўловлар кўринишидаги) ҳисобварақ эгасининг тўлов топшириқномалари;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва унинг ҳудудий тузилмалари томонидан қўйилган инкассо топшириқномалари;
(11-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2017 йил 27 июндаги 321-В-6, 91, 2017-32-сонли қарори (рўйхат рақами. 2342-6, 05.07.2017 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 27-сон, 629-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
ходимларга иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни амалга ошириш учун ҳисобварақда маблағларни банд (брон) қилишга доир ариза, шунингдек иш ҳақидан Касаба уюшмаларига ихтиёрий бадалларни, жисмоний шахсларни даромад солиғи ҳамда жамғариб бориладиган шахсий пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадалларини ўтказиш бўйича хўжалик юритувчи субъект раҳбари ҳамда бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи шахс томонидан имзоланган ва думалоқ муҳр (муҳр мавжуд бўлган тақдирда, бунда тадбиркорлик субъектлари томонидан муҳр билан тасдиқлаш талаб қилинмайди) билан тасдиқланган реестр илова қилинган тўлов топшириқномалари ҳамда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ундириш борасидаги суд қарори асосида ижро органлари томонидан қўйилган инкассо топшириқномалари;
(11-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2019 йил 13 майдаги 321-В-9, 57 ва 2019-33-сонли қарори (рўйхат рақами 2342-9, 23.05.2019 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.05.2019 й., 10/19/2342-9/3173-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўлов ҳужжатлари.
(11-банднинг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
12. Банд (брон) қилишга доир ариза банк билан келишилган графикдаги кундан бир кун олдин тақдим этилиши лозим. Банд (брон) миқдори иш ҳақидан ажратмаларсиз шакллантирилган бўлса ҳамда аризада кўрсатилган иш ҳақига тенглаштирилган тўловлар суммасига тўлов топшириқномалари банкка тақдим қилинмаса, банк томонидан бундай аризалар қабул қилинмайди.
13. Хўжалик юритувчи субъектларнинг асосий ҳисобварағига қўйилаётган биринчи навбатдаги талабларни мутаносиб равишда қондириш улуши қарзларнинг умумий ҳажмидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Мутаносибликни аниқлашда солиқлар ва йиғимларнинг барча турлари бўйича қарз бюджетга тўловлар сифатида бир миқдорга жамланади ҳамда уларга нисбатан битта улуш аниқланади. Барча давлат мақсадли жамғармаларининг барча талаблари ҳам шундай усулда жамланади, кейинчалик улар давлат мақсадли жамғармалари ўртасида мутаносиб тартибда тақсимланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
14. Иш ҳақини бериш, шунингдек иш ҳақи тўлаш учун олинган кредитларни қайтариш, белгиланган миқдорлардаги ушлаб қолинган даромад солиғи, жамғариб бориладиган шахсий пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадаллар ва Касаба уюшмасига ихтиёрий бадаллар суммаларини ўтказиш мутаносиб равишда амалга оширилади.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2019 йил 13 майдаги 321-В-9, 57 ва 2019-33-сонли қарори (рўйхат рақами 2342-9, 23.05.2019 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.05.2019 й., 10/19/2342-9/3173-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Мутаносиб тақсимлаш ҳисобварақдаги маблағларнинг кун бошидаги қолдиғидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. Ойнинг охирги банк иш кунида асосий ҳисобвараққа келиб тушган маблағлар кун давомида мутаносиб тақсимланади.
Хўжалик юритувчи субъектнинг асосий ҳисобварағидаги маблағлар унга қўйилган талабларни қондириш учун етарли бўлмаган ҳолда, ҳисобварақдан пул маблағларини мутаносиб равишда ҳисобдан чиқариш мазкур Йўриқноманинг 2-иловасида келтирилган мисол асосида амалга оширилади.
Кун давомида ҳисобвараққа келиб тушган маблағлар 2-сон картотекага етарли бўлганда, 2-сон картотекадаги мавжуд қарздорлик мазкур Йўриқноманинг 5-бандида белгиланган тартибда тўлаб берилади, қарздорлик қоплангандан сўнг, кейинги тўловлар ушбу Йўриқноманинг 2-бандида белгиланган тартибда амалга оширилади.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2018 йил 19 апрелдаги 321-В-8, 82, 2018-40-сонли қарори (рўйхат рақами 2342-8, 25.05.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.05.2018 й., 10/18/2342-8/1276-сон)
III. Якуний қоида
Олдинги таҳрирга қаранг.
16. Мазкур Йўриқноманинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
(16-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги йўриқномага
1-ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратилмайдиган банк ҳисобварақлар
РЎЙХАТИ
(1-илованинг номи Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
1. Хўжалик юритувчи субъектларнинг асосий ҳисобварағи очилган баланс ҳисобварағида «888» тартиб рақам билан очилган ҳисобварақ.
2. 22604 — Мижозларнинг бошқа депозитлари — Жамғарма — Мақсадли. (Ҳукумат қарорлари асосида ажратилган маблағлар)
3. 22626 — Корхона ва ташкилотларнинг мақсадли маблағлари. (Ҳукумат қарорлари асосида ажратилган маблағлар)
4. 23202 — Клиринг транзакциялар.
5. 23204 — Бир марталик ўзаро ҳисоб-китоблар учун бюджет маблағлари.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. 23208 — Молия вазирлиги ҳузуридаги фондлар билан бўладиган клиринг транзакциялар.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2018 йил 19 апрелдаги 321-В-8, 82, 2018-40-сонли қарори (рўйхат рақами 2342-8, 25.05.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.05.2018 й., 10/18/2342-8/1276-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. 23210 — Молия вазирлиги ҳузуридаги фонддан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари учун ажратилган мақсадли маблағлар.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2018 йил 19 апрелдаги 321-В-8, 82, 2018-40-сонли қарори (рўйхат рақами 2342-8, 25.05.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.05.2018 й., 10/18/2342-8/1276-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. 23218 — Молия вазирлиги ҳузуридаги фонддан ажратилган мақсадли маблағлар.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2018 йил 19 апрелдаги 321-В-8, 82, 2018-40-сонли қарори (рўйхат рақами 2342-8, 25.05.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.05.2018 й., 10/18/2342-8/1276-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. 23220 — Молия вазирлиги ҳузуридаги фонддан олинган мақсадли маблағлар.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2018 йил 19 апрелдаги 321-В-8, 82, 2018-40-сонли қарори (рўйхат рақами 2342-8, 25.05.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.05.2018 й., 10/18/2342-8/1276-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. 23222 — Молия вазирлиги ҳузуридаги фонднинг мақсадли маблағлари.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2018 йил 19 апрелдаги 321-В-8, 82, 2018-40-сонли қарори (рўйхат рақами 2342-8, 25.05.2018 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.05.2018 й., 10/18/2342-8/1276-сон)
11. 23224 — Хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги ўзаро бир марталик ҳисоб-китоблар учун бюджет маблағлари.
12. 23226 — Республика бюджетининг экспортчи-корхоналар билан бўладиган мақсадли ҳисоб-китоблар учун маблағлари.
13. 23228 — Республика бюджетининг пудратчи ташкилотлар билан бўладиган мақсадли ҳисоб-китоблар учун маблағлари.
Олдинги таҳрирга қаранг.
14. 20412 — Нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамғарма депозитлари (Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 августдаги 570-сон қарори билан тасдиқланган Кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш учун маблағлар тўплаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан очилган жамғарма депозит ҳисобварақ).
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2017 йил 23 сентябрдаги 321-В-7, 138, 2017-51-сонли (рўйхат рақами 2342-7, 29.09.2017 й.) қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 2017 й.)
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Мақсадли маблағлар тақсимоти бўйича алоҳида тартибларда иштирок этадиган «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТК таркибидаги ташкилотларга «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТК корхоналари ҳисоб рақамларидан тўловларни амалга ошириш тўғрисида низомга (рўйхат рақами 1088, 2001 йил 27 ноябрь) мувофиқ очилган ҳисобварақлар (асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағидан ташқари).
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2019 йил 13 майдаги 321-В-9, 57 ва 2019-33-сонли қарори (рўйхат рақами 2342-9, 23.05.2019 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.05.2019 й., 10/19/2342-9/3173-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
16. 22630 — Маҳаллий бюджетлардан молиялаштириладиган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тайинланадиган ижтимоий нафақалар бўйича маблағлар (Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли қарори билан тасдиқланган Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга асосан очилган махсус ҳисобварақ).
(16-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасининг 2013 йил 22 августдаги 321-В-2, 79, 2013-40-сонли қарорига (рўйхат рақами 2342-2, 02.09.2013 й.) асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 36-сон, 480-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
17. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 30 октябрдаги 306-сон «Сув таъминоти ва канализация ташкилотларини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ «Сувоқова» давлат унитар корхоналари томонидан уларнинг шаҳар ва туман филиаллари таъминоти ҳамда жорий харажатларини (иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, маҳаллий солиқлар, хизмат сафари харажатлари, сув, газ, электр энергияси, телефон ва бошқа коммунал тўловлар, ижара ҳақи, автотранспорт харажатлари) қоплаш мақсадида ажратиладиган маблағлар учун очилган 22622 — «Юридик шахсларнинг ўз ваколатхоналари ва филиаллари таъминоти учун ажратган маблағлари» ҳисобварағи.
(17-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасининг 2016 йил 25 февралдаги 321-В-5, 7, 2016-09-сонли қарорига (рўйхат рақами 2342-5, 02.03.2016 й.) асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 9-сон, 97-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
18. 22634 — Табиий газдан тушадиган пул маблағларини жамлайдиган ягона махсус ҳисобварақ.
19. 22636 — Электр энергиясидан тушадиган пул маблағларини жамлайдиган ягона махсус ҳисобварақ.
(18-19-бандлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2017 йил 27 июндаги 321-В-6, 91, 2017-32-сонли қарорига (рўйхат рақами. 2342-6, 05.07.2017 й.) асоан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 27-сон, 629-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги йўриқномага
2-ИЛОВА
Хўжалик юритувчи субъектнинг асосий ҳисобварағидан маблағларни талабларни қондириш учун мутаносиб равишда ҳисобдан чиқаришга оид
МИСОЛ
Хўжалик юритувчи субъектнинг банк ҳисобварағига келиб тушган кунлик маблағлар унинг бюджетга тўловлар бўйича қарзи ҳамда ҳисобварағида иш ҳақи учун банд (брон) мавжуд бўлганда, қуйидаги тартибда мутаносиб равишда тақсимланади:
Масалан мижознинг асосий ҳисобварағида кун бошида 5000 минг сўм миқдорида маблағлар қолдиғи мавжуд.
Хўжалик юритувчи субъектнинг тўлов топшириқномалари ва тегишли органларнинг инкассо топшириқномаларига асосан қуйидаги тўловлар бўйича қарз мавжуд:
бюджетга — 4000 минг сўм (фойда солиғидан — 3000 минг сўм, ҚҚСдан — 500 минг сўм, бюджетга тўланадиган бошқа солиқлар ва тўловлардан — 500 минг сўм);
давлат мақсадли жамғармаларига — 2350 минг сўм, бундан ягона ижтимоий тўлов — 2000 минг сўм, автотранспорт йиғимлари — 350 минг сўм;
Бундан ташқари, иш ҳақи бўйича умумий сумма — 3000 минг сўм, бундан иш ҳақи тўлашга берилган кредит суммаси — 1000 минг сўм, иш ҳақини бронлаш суммаси — 2000 минг сўм, унга қуйидагилар ҳам киради: даромад солиғи (12%) — 240 минг сўм, шундан жамғариб бориладиган шахсий пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадаллар (0,1%) — 2 минг сўм ва Касаба уюшмасига бадаллар (1%) — 20 минг сўм.
Ҳисобварақдаги ушбу барча талаблар жамланади (4000 + 2350 + 3000 = 9350 минг сўм) ва 100 фоиз деб қабул қилинади. Юқорида санаб ўтилган талабларнинг ҳар бирини қондириш бўйича мутаносиблик қуйидагича аниқланади: 9350 минг сўм 100 фоиз деб қабул қилинади ва ҳисобварақда мавжуд 5000 минг сўм маблағларнинг унга нисбати аниқланади, яъни қуйидаги ҳисоб-китоб амалга оширилади: 5000 х 100/9350 = 53,476%.
Ушбу талабларнинг миқдоридан келиб чиққан ҳолда, уларнинг ҳар бирининг улуши тегишли мутаносибликларда аниқланади:
1) Бюджетга тўловлар улуши: 4000 х 0,53476 = 2139,0 минг сўмни ташкил қилади.
2) Давлат мақсадли жамғармаларга тўловлар улуши: 2350 х 0,53476 = 1256,7 минг сўмни ташкил қилади.
Давлат мақсадли жамғармаларнинг ичида ягона ижтимоий тўлов ва автотранспорт йиғимлари бўйича нисбат (пропорция) белгиланади. Бизнинг мисолимиздан келиб чиқиб, ушбу нисбат қуйидагича бўлади:
ягона ижтимоий тўлов улуши 2000 х 0,53476 = 1069,5 минг сўмни ташкил этади;
автотранспорт йиғимлари улуши: 350 х 0,53476 = 187,2 минг сўмни ташкил этади.
3) Иш ҳақи бўйича умумий сумма (шу жумладан, иш ҳақини тўлашга берилган кредит ва иш ҳақи фонди бўйича бронни ўз ичига олган ҳолда) 3000 х 0,53476 = 1604,3 минг сўмни ташкил этади. Ушбу қисм ичида:
иш ҳақини тўлашга берилган кредитнинг улуши 1000 х 0,53476 = 534,7 минг сўмни ташкил этади;
иш ҳақи фонди бўйича броннинг улуши (ўз ичига даромад солиғи, жамғариб бориладиган шахсий пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадаллар ва касаба уюшмасига бадалларини олади) 2000 х 0,53476 = 1069,5 минг сўмни ташкил этади. Улардан:
иш ҳақига бериладиган нақд пуллар улуши 1740 х 0,53476 = 930,5 минг сўмни ташкил этади;
жисмоний шахсларнинг даромадидан солиқ (12%) улуши 240 х 0,53476 = 128,3 минг сўмни (унинг таркибида жамғариб бориладиган шахсий пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадаллар улуши 2 х 0,53476 = 1,1 минг сўмни) ташкил этади;
Касаба уюшмалари ихтиёрий бадаллар улуши (1%) 20 х 0,53476 = 10,7 минг сўмни ташкил этади.
Шу тариқа, хўжалик юритувчи субъектнинг бюджетга солиқ ва йиғимларнинг ҳар бир тури бўйича қарздорлиги бюджет олдидаги умумий қарздорлигидан 53,476 фоиз миқдорида қондирилади. Шунингдек, хўжалик юритувчи субъектнинг давлат мақсадли жамғармалар олдидаги қарздорлиги ушбу давлат мақсадли жамғармалар олдидаги умумий қарздорликдан 53,476 фоиз миқдорида қондирилади. Хўжалик юритувчи субъектнинг иш ҳақи бўйича қарздорлиги ҳам жисмоний шахслар даромадидан солиқ, жамғариб бориладиган шахсий пенсия ҳисобварақларига мажбурий бадаллар ва Касаба уюшмасига ихтиёрий бадалларни ҳисобга олган ҳолда, улар бўйича умумий қарздорликдан 53,476 фоиз миқдорида қондирилади.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2019 йил 13 майдаги 321-В-9, 57 ва 2019-33-сонли қарори (рўйхат рақами 2342-9, 23.05.2019 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.05.2019 й., 10/19/2342-9/3173-сон)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 11-сон, 127-модда, 38-сон, 438-модда; 2013 й., 36-сон, 480-модда; 2015 й., 26-сон, 345-модда; 40-сон, 523-модда; 2016 й., 9-сон, 97-модда; 2017 й., 27-сон, 629-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.05.2018 й., 10/18/2342-8/1276-сон; 23.05.2019 й., 10/19/2342-9/3173-сон; 17.01.2020 й., 10/20/2342-10/0064-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)