Иқтисодий ресурслар деганда жамият, мамлакат, айрим корхона ва фирма, оила ихтиёрида тўпланиб, айни вақтда мавжуд бўлган, товар ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, уларни истеъмолчига етказиб беришда ва истеъмол жараёнларида фойдаланиш мумкин бўлган имкониятлар, қўр-қутлар ва манбалар тушунилади. Табиий ресурслар (ер, сув, ўрмон, ер ости бойликлари), ишчи кучи ресурслари, моддий ресурслар (бинолар, станоклар, машиналар, асбоб-ускуналар, иншоотлар, қурилмалар, сотишга тайёр товарлар, уларнинг қўр-қутлари, пул маблағлари ва бошқалари) ана шулар жумласидандир. Иқтисодий ресурсларнинг ишлаб чиқариш омилларидан фарқи шундаки, уларга ишлаб чиқаришда қатнашадиган ишчи кучи, табиий ресурслар ва ишлаб чиқариш воситаларидан ташқари ҳамма моддий ресурслар, товар ва пул ресурслари ҳам киради. Иқтисодий ресурслар чекланганлиги туфайли ҳамма одамлар хоҳлаган истеъмол буюмларини, транспорт воситаларини ва бошқа нарсаларни дарҳол харид қила олмайди ва хоҳлаганча истеъмол қила олмайди. Ҳар бир киши, ҳатто энг кўзга кўринган давлат арбоби, саҳна ёки спорт юлдузи ҳам бу муаммога дуч келади. Ресурслар чекланганлиги фақатгина истеъмолни эмас, шу билан бирга ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни ҳам чеклаб қўяди. Бунинг натижасида ҳар бир корхона, мамлакат ўз имкониятларини ҳисобга олиб, товарлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг ҳамма турини бирданига эмас, унинг шу давр учун энг керакли бўлган соҳаларини танлаб кенгайтириш ва ривожлантиришга эътибор беради, ресурсларни биринчи навбатда уларга жалб қилади. Масалан, Ўзбекистон энди мустақилликка эришган дастлабки пайтда республикамизнинг энергия мустақиллигини таъминлаш учун нефть қазиб олиш ва газ конденсати ишлаб чиқаришга нисбатан кўпроқ маблағ ажратишга мажбур бўлди.
Ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида давлат мавжуд пул ва валюта заҳираларини четдан истеъмол буюмларини сотиб олиб келишга эмас, уларни чеклаб, инвестиция товарларини, яъни янги техника ва технологияларни сотиб олиб келишга қаратади. Бунда айрим соҳаларга эътибор ва маблағ сарфлаш кучайтирилган шароитда бошқа соҳаларга ажратиладиган маблағларни объектив равишда нисбатан камайтиришга тўғри келади.
Шундай қилиб, ресурсларнинг чекланганлиги эҳтиёжни қондиришнинг муҳим йўли бўлган ишлаб чиқариш имкониятларини ҳам чеклаб қўяди. Бу имкониятлар даражаси доимо бир хил бўлиб турмайди, балки янги техникалар ва технологияларнинг яратилиши ва ишга солиниши ишлаб чиқариш имкониятларини, унинг чегараларини кенгайтириш имконини беради. Янги техникалар ва технологиялар, бир томондан, меҳнат унумдорлигини, экинлар ҳосилдорлигини ошириш, энергия, ёнилғи, меҳнат ва бошқа моддий ресурсларни тежаш имконини берса, иккинчи томондан, янги материал, хом ашё, энергия ва бошқа ресурслар манбаларини топиб, ҳаётга жалб этиш имконини беради: жумладан, ернинг чуқур қатламларидаги бойликларни топиш ва ишга тушириш, жаҳон океанининг узоқ ва чуқур жойларидаги ресурсларидан фойдаланиш, қуёш энергиясидан фойдаланиш ва ҳ.к. Иқтисодий ресурслар, ишлаб чиқариш ва эҳтиёжларни қондириш даражаси ўртасидаги доимий ва мустаҳкам алоқадорликни қуйидагича ифодалаш мумкин:
Иқтисодий ресурслар, имкониятлар
Эҳтиёжларнинг қондирилиш даражаси
Ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш даражаси
Do'stlaringiz bilan baham: |