Темир даври. Темир даври ёдгорликлари Ўзбекистон ерларида мил.ав. 9—6-асрлар ва ундан кейинги даврларга оид. Улар Хоразм, Бақтрия, Суғд, Чоч ерларида ва Фарғона водийсида ўрганилган. Темирдан хўжалик ҳамда қурол-яроғлар ясашда кенг кўламда фойдаланила бошланди. Темир рудасининг мис ва қалайига нисбатан табиатда кўп учраши ва темирнинг мустаҳкамлиги ундан ясалган қурол ва асбобларнинг кенг ёйилишига сабаб бўлди. Айниқса темир қишлоқ хўжалигида ва қурол-яроғлар ясашда кўп қўлланила бошлади. Деҳқончилик майдонлари кенгайди ва суғориш иншоотлари қуриш (Бандихон воҳасидаги канал) ривожланди. Деҳқончилик ривожланиши билан чорвачилик ҳам ўсди. Чўл ва дашт зоналарида яшовчи чорвадор қабилалар кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқара бошладилар. Шу даврга келиб ҳунармандчилик деҳқончиликдан ажралиб чиқди. Меҳнат унумдорлигининг ўсиши билан қўшимча маҳсулот ишлаб чиқарила бошлади. Бу эса ибтидоий жамоа тузумининг емирилишига олиб келди. Темир ва пўлатдан ясалган буюмлардан кенг миқёсда фойдаланиш қишлоқлар тараққиётига ҳам самарали таъсир кўрсатди. Қишлоқлар мураккаб мудофаа иншоотли қалъаларга айлантирилиб мустаҳкамланди. Бандихонтепа, Кучуктепа, Қизилтепа, Талашқонтепа 1 ва б. ёдгорликлар шулар жумласидандир. Шаҳарларнинг катта-кичиклиги уларда ривожланган ҳунармандчиликнинг мавжудлиги, мудофаа деворлари, меъморий бинолари қадимги Бақтрия шаҳарларига ўхшаш. Фарғонада ҳам сўнгги жез — илк темир даврида деҳқончилик, жез металлургияси ривожланди, темирдан буюмлар тайёрлаш бошланди, мудофаа иншоотлари бунёд этилди, ички шаҳар (шаҳристон)лар вужудга келди. Уй-жойлар пахса, йирик хом ғиштдан қурилди, айни вақтда чайла ва ярим ертўлалар ҳам мавжуд эди. Сопол буюмлари қўлда ясалиб, сиртларига қизил ранг билан нақш чизилган. Бу даврнинг Фарғонадаги энг машҳур ёдгорликлари Чуст маданияти, Далварзинтепа, Ашколтепа, Эйлатон ва б. харобалардир. Қадимги Хоразмнинг Кўзалиқир, Қалъалиқир ва Дингилжа сингари қадимги шаҳар ва қишлоқ харобалари, Тагискен ва Уйгарак мозор-қўрғонлари, Бўкантов қоятош суратлари ўрганилган. Топилган ирригация иншоотлари темир даврида қадимги Хоразмда деҳқончилик асосий машғулот бўлиб келганлигини кўрсатади. Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё вилоятларида мил.ав. 1-минг йилликка оид қадимги Суғд деҳқончилик маданияти шаклланди.
Темирнинг кашф этилиши ўз замонасининг бутун моддий маданиятини ўзгартирибгина қолмай, у ишлаб чиқарувчи хўжалик учун беҳад имкониятлар туғдирди ва кейинчалик содир бўладиган барча ижтимоий-иқтисодий ва маданий ўзгаришлар учун замин яратди.
Ишлаб чиқарувчи хўжаликнинг асоси ҳисобланган деҳқончилик, чорвачилик ва хунармандчиликда темир қуроллар ишлатиш билан меҳнат унумдорлиги тубдан ошди. Темирдан ясалган белкурак, кетмон ва чўкичлар билан тоғсойлари ёқаларидан сершох суғориш тармоқлари, дарё адоқларидан эса кенг ва саёз йирик каналлар қазиб чиқарилиб, қўриқ ва бўз ерлар ўзлаштирилди. Темир тишли омочлар билан ер ҳайдалиб катта-катта пайкал-ларга экин экилди. Деҳқончиликдан мўл ҳосил олинадиган бўдди. Темир қайчи ясалиб, чорвачиликда илк бор мавсумий қирқим юзага келиб, тўқимачилик учун етарли миқдорда хом ашё — жун маҳсулоти етказиб бериладиган бўлди.
Илгари кўпчилик меҳнатини талаб қиладиган ишларни энди айрим киши-лар ва оилалар бажарадиган бўлиб қолади. Оқибатда, ўзлаштирилган ҳосилдор ерлар, ортиқча маҳсулот, кўпдан кўп қорамоллар айрим оилалар ва суғориш тармоқларини барпо этишда, янги ер майдонлари ҳайдаб, уларни экинзорларга айлантиришда бошчилик қилган қишлоқ жамоаси оқсоқоллари қўлида тўплана боради.
Мил.ав. 2-минг йилликнинг охири — 1-минг йиллик бошларида жамият тузумининг асосини ота уруғдошлиги жамоалари ташкил этар эди. Умумий бир ҳудудда яшаб, бир тилда сўзлашган бир қанча уруғлар бир қабила ҳисобланар эди. Уруғ бошлиқлари йиғилиб қабила кенгашини ташкил этар эди. Энг кучли ва обрўли уруғ бошлиғи қабила бошлиғи бўлиб сайланар эди.
Бир томондан ўтроқ ҳаёт ва деҳқончилик, 2-томондан чорвадорлик турмуш тарзи 3 хил т хил тоифадаги жамоаларни шакллантирди: қишлоқда ўтроқ деҳқонлар; яйловда чорвадор даштликлар; тоғли жойларда эса чорва, ов ва қисман деҳқончилик билан кун кечирувчи тоғликлар жамоаси яшарди. Ҳудудий жиҳатдан бу 3 тоифа 3 хил географик шароитга эга минтақаларда яшасалар ҳам, улар ўртасида доимий ўзаро иқтисодий ва маданий алоқалар муҳим қарор топган эди. Бундай 3 тоифали жамият қишлоқда «катхудо», даштда «бий», тоғ ва тоғ олди яйловларда эса «тўп боши»лар, яъни Авесто китобида таъриф этилган «виспати»лар томонидан жамоа оқсоқолларининг умумкенгаши — қурултойи асосида бошқариларди.
Ўрта аср ёзма манбаларда 1-тоифа аъзолари «деҳнишин», яъни ўтроқ қиш-лоқлик; 2-си «саҳронишин» ёки «даштнишин», яъни саҳройи ёки даштлик чорвадор; 3-си «кухнишин», яъни тоғлик каби номлар билан тилга олинади.
Ер майдонларини ҳайдаш, экин экиш, ҳосилни йиғиб тақсимлаш каби ишларни уруғ оқсоқоли, суғориш тармоқлари ва дамбалар барпо этишдек оммавий ишларни қабила бошлиғи бошқарган. Уруғлар ўртасида юзага келган келишмовчилик ва можаролар қабила кенгаши ва қабила бошлиғи ҳал қилар эди. Уруш ва мудофаа каби ўта муҳим масалалар қабила кенгашида муҳокама этилиб, сўнг бир қарорга келинарди. Қабилалар ичида руҳонийлар ва лашкарбошилар катта таъсирга эга эди.
Майдони кенг ҳудудларда яшаган бир неча қабилалар баъзан ўтлоқ ва экин ерларини талашиб, ўзаро жанжал ва тортишувлар қилардилар. Кучлироқ қабила ўзга қабилалар ичида ўзини устун деб ҳисобларди. Ўзаро тўқнашувларда ожизлик қилган қабила, одатда, ўзидан зўрроқ қўшнисига ёрдам сўраб мурожаат қилар эди. Бу эса қабилалар ўртасида ҳарбий иттифоқлар пайдо бўлишига олиб келади. Бундай иттифоқ асосида вужудга келган ҳарбий кучдан қўшни қабилаларга ҳужум қилиш учун фойдаланилган. Даставвал ўч олиш ва ўз ерларини кенгайтириш мақсадида ўзаро уруш қилинган бўлса, кейинчалик эса чорва моллари, мол-мулк ва асир олиш учун қўшни қабилалар билан уруш олиб борила бошланади. Урушда олинган ўлжалар билан бир қаторда қўлга туширилган асирлар ҳам тақсимланадиган бўлади. Асирлар қарам кишиларга, яъни хўжайинларнинг манфаати учун бетиним ишлайдиган қулларга айлантирила бошланди. Уруғ-қабила зодагонлари, оқсоқоллар, лашкарбошилар ва руҳонийлар жамоанинг бошқа аъзоларидан ажрала бошлайдилар. Улар қулликка айлантирилган асирлар меҳнатидан фойдаланишга одатланиб, аста-секин юқори ҳукмрон табақага айлана борадилар. Шу тариқа Ўрта Осиё ҳудудларида бундан тахминан 3—3,5 минг йиллар муқаддам, аҳоли ўртасида табақаланиш содир бўлиб, жамият мулкдор ва қулдор зодагонлар жамоасининг меҳнаткаш озод аъзолари ҳамда қуллар каби тоифаларга бўлиниб кетади.
Бу жараёнда қабила иттифоқларининг бошлиқлари атрофида жанговар абжир йигитлар тўпланиб, унинг фармони билан хизмат қила бошлайдилар. Бундай куч билан ўзга қабилалар устидан ғолиб чиққан қабила бошлиғи енгилган қабилаларни ўзига бўйсундирган. Кучли лашкарбошиларнинг нуфузи қабилалар иттифоқи ўртасида ниҳоятда баланд эди. Эл-юртда улар «Кай», «қавий», «қава» унвонлари билан аталар эди. Кай — қав сўзи кучли ва забардаст маъносини англатган. Шу тарзда жамиятда олий даражадаги ҳукмрон табақа вакиллари — қавийлар етишиб чиқди. Шубҳасиз бу илк давлатчилик тизимининг ташкил топиши бўлиб, ҳукмронликнинг дастлабки қавийлик босқичи эди. Қадимги ҳукмдорлар Кайқубод, Кайхусрав, қавий Виштасп ва Кайсар (Цезарь) номлари билан ёзма манбаларда тилга олинади ва достонларда таърифланади. Кейинчалик, ҳатто каёнийлар номли сулола ҳукм суриб, йирик давлатни бошқарган. Бу даврда қавийлик ҳокимияти доимий эди. У отадан ўғилга мерос тариқасида ўтадиган бўлади. Шу тариқа қабилалар иттифоқини бошқарувчи ҳамда зодагон табақа вакилларини ҳимоя қилувчи илк давлатчилик бирлашмаси пайдо бўлади. Кайлар эл-юртни ташқи ёв босқинларидан мудофаа этар, дарёлардан катта-катта каналлар чиқаришда ва янги ерларни ўзлаштиришда жамоа ишлари — ҳашарларни ташкил этарди. Чунки ёлғиз қабила на ёвни қайтаришга, на йирик суғориш тармоқларини барпо этишга қудрати етарди. Илк давлатчилик бошқаруви юзага келиши билан қабилаларни ёппасига ҳашарга сафарбар этиш, тутқундаги асирларни зўрлик билан ишлатишга имкон туғилди. Узунлиги ўнлаб километрларга чўзилган ва бир неча қабилалар ерларини кесиб ўтадиган каналлар қазилиб, деҳқончилик майдонлари кенгайтирилди. Чорвачилик ва ҳунармандчилик ривож топиб, айирбош савдо жонланди.
Ҳар бир йирик суғориш каналлари бўйлаб айрим деҳқончилик воҳалари шаклланиб, уларда мустаҳкам қалъалар қад кўтара бошлади. Бундай қўрғонлар заминида кейинчалик шаҳарлар вужудга келди.
Археологик текширишлар худди шу даврларда қадимги Хоразм, Суғд, Бахтар (Бақтрия) ва Фарғона ерларида катта-кичик каналлар қазилиб деҳқончилик воҳалари кенгайиб борганини, баланд деворли мустаҳкам қалъалар қурилганлигини ва қўшни ўлкалар билан мол айирбошлаш кучайганлигини кўрсатади.
Do'stlaringiz bilan baham: |