Методика – педагогика фанининг бир соҳаси бўлиб, турли предметларни ўқитиш услубиятидир. Қисқача қилиб айтганда методика - бу услуб, кенг маънода – таълимот.
Мусиқа ўқитиш методикаси – мусиқа санъати воситасида бола шахсини мақсадга йўналтирган ҳолда мусиқа маданиятини шакллантириш йўлларини ўрганади. Мусиқа ўқитиш методикаси дидактик ва хусусий тамойиллар, усул, восита ва методлар ёрдамида мусиқий таълим-тарбия жараёнини олиб бориш ҳамда унинг умумий ва хусусий вазифаларини ҳал этиш йўлларини белгилайди. Умумий вазифаларга – мусиқанинг тарбиявий таъсир кучини кўрсатиш, таълим олувчиларда мусиқага бўлган муҳаббатни, эҳтиёжни ўстириш, мусиқа тинглаш жараёнини ташкил этиш, мусиқа маданиятини шакллантириш ва ҳ.к. масалалар киради.
“Мусиқа санъати фанларини ўқитиш методикаси” педагогика-психология фанларнинг соҳалари билан узвий боғлиқлдир. Бу эса замонавий ҳаётимизда жамият олдида турган вазифалар, таълим муассасалари ва ўқитувчилар олдига қўйиладиган талаблар, таълим олувчиларнинг ёш хусусиятлари, мусиқий таълим-тарбиянинг мақсад ва вазифаларини аниқлаш, уларнинг ривожланиш истиқболини белгилаш имкониятини беради.
Методика ўз олдида турган муаммоларни ҳал этишда ҳам психологияга таянади. Масалан, мусиқа идроки, ижодий ва мусиқий қобилиятларини ривожлантириш учун инсон руҳияти, онги, тафаккури, хотираси, тасаввури қонуниятлари, унинг кўринишлари, ривожланиш босқичлари ҳақидаги билимларга, мусиқий қобилият, инсон фаолияти нима эканлиги хусусидаги тушунчаларга эга бўлиши шарт.
“Мусиқа санъати фанларини ўқитиш методикаси” умумий таълимнинг мураккаб ва кўпқиррали мақсадларини ҳамда мусиқа таълим-тарбияси вазифаларини самарали ҳал этиш учун педагогика ва психология фанлари билан бир қаторда мусиқашунослик илми ва мусиқа ижрочилиги соҳаларига ҳам таянади.
Мусиқашунослик илмининг мусиқий тарихий-назарий фанлар мазмуни таълим олувчиларга мусиқий санъат хусусиятларини етказиш йўлларини топишга, уларга ҳаётнинг мусиқий образларда акс этиши, мусиқий ифода воситаларининг аҳамиятини тушунтиришда, мусиқий асарларни бадиий таҳлили методлари ва технологияларини аниқлаш, касбий такомиллашшишида ёрдам беради. Мусиқа тарихи, асосий йўналишлар, услуб ва жанрларнинг ривожланиши, йирик композиторларнинг ўзига хос ижод йўли ҳақидаги билимлар таълим олувчиларининг мусиқий дидини тарбиялаш, касбий компетенцияларини шакллантириш ва уларнинг дунёқарашини кенгайтиришга асос бўлади.
“Мусиқа санъати фанларини ўқитиш методикаси” фанининг асосий тушунчалари “тарбия-таълим» – «ривожлантириш» ва уларнинг ўзаро боғлиқлигидир.
Тарбия - педагогикада тарбия деганда болалар, ўсмирлар, ёшларнинг жисмоний, маънавий кучларини ривожлантириш, уларнинг дунёқарашини шакллантириш тушунилади.
Мусиқа ҳаётни акс эттириши, ҳаёт билан боғлиқлиги, унинг мусиқа ижодкори, ижрочиси ва тингловчисининг ҳаётий қарашларига боғлиқлиги мусиқани тарбия воситасига айлантиради. Мусиқий тарбия жараёнида талабада аҳлоқий, ақлий, эстетик жисмоний сифатлар таркиб топади.
Таълим - билимлар мажмуасини ўзлаштириш жараёнидир. Хусусан, мусиқий таълим ўкувчиларни турли мусиқий фаолиятларга ўргатиш, мусиқий тасаввур, билим, малака ва кўникмалар бериш ва бу билимларнинг талабалар томонидан ўзлаштириши жараёнидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |