Франц Шуберт
Буюк австриялик композитор Франц Шуберт Бетховеннинг замондоши эди. У бор йўғи ўттиз бир йил умр кўрди ва ижодий фаолияти гуллаб яшнаган пайтда вафот этди. Ҳаётидаги доимий муваффақиятсизликлар, муҳтожлик ва ночорлик композиторни жисмонан ва руҳан ҳолдан тойдирди ва бевақт вафотига сабаб бўлди. Шуберт яратган тўққизта симфониянинг бирортаси ҳам композитор ҳаётлигида ижро этилмади. Опералари ҳам саҳна юзини кўрмади. Олти юздан ортиқ қўшиғидан фақат икки юзтаси, йигирмадан ортиқ сонатасидан фақат иккитаси нашр этилди. Агар композиторлар Р.Шуман ва И.Брамс каби Шуберт мусиқасининг қадрига этувчи жонкуяр кишиларнинг саъи-ҳаракати ва излаб топиш борасидаги улкан меҳнати бўлмаганда Шубертнинг жуда кўп асарлари изсиз йўқолиб кетарди.
Табиатан очиқкўнгил, қувноқ ва ўта камтарин инсон бўлган Шуберт ёрқин, мафтункор, дилрабо мусиқа асарлари яратган. Аммо унинг охирги асарларида қайғу, дард-алам, тушкунлик ва фожиали кайфият сезилади. Бунинг сабаби фақат композиторнинг шахсий ҳаётидаги муваффақиятсизликларда эмас, балки ўша давр ижтимоий-сиёсий муҳитида ҳам эди. Бетховеннинг оташин мусиқаси Буюк Франия революцияси ғояларидан илҳомланиб яратилган. Шуберт ижодининг гуллаб яшнаган даври эса 19-асрнинг 20-йилларига, яъни барча инқилобий, илғор ғоя ва фикрлар қатағон қилинган даврга тўғри келди. Озодлик, биродарлик, тенглик ҳақида гапириш тугул эслаш ҳам тақиқланган эди. Бундай ҳақсизлик, тўсиқлар ва чегаралашлар Шуберт каби ижодкорларга катта руҳий азоблар берар эди. Уларнинг ижтимоий – сиёсий аҳволдан қониқмаслиги ва норозилиги санъатда ўз ифодасини топди ва янги – романтизм оқими дунёга келди. Шуберт мусиқа санъатидаги романтизмнинг илк намояндаларидан бири эди. У бутун истеъдодини «кичкина инсон» нинг бой ички дунёсини кўрсатиш, энг нозик ҳис-туйғуларини тараннум этишга сарфлади. Доимий турмуш қийинчиликлари, омадсизлик, муҳтожлик уни тинимсиз ижоддан чалғита олмади. «Мен ҳар куни эрталаб мусиқа ёзаман. Бир асарни тугатишим билан дарров бошқасини бошлайман», - дер эди композитор. У асарларини жуда тез фурсатда ёзиб тугатар, мусиқий фикрлари узлуксиз равишда туғилганидан қоғозга туширишга аранг улгурар эди. Агар нота қоғози тугаган бўлса турли қоғоз парчаларига ёзар эди. Агар асар сифат жиҳатдан мукаммал ҳолатга келмаса, композитор унинг устида то қониқиш ҳосил қилмагунча ишларди. Баъзи шеърларга Шуберт эттитадан қўшиқ вариантларини ёзгани маълум. Шуберт мавжуд барча жанрларда жуда кўп ажойиб асарлар ёзди. Вокал ва фортепиано миниатюраларидан тортиб йирик симфонияларгача – ҳамма жанрларда ўзининг янги, ўзига хос ва бетакрор услубини намойиш қилди. Бу асарларида ифода воситаларининг, биринчи навбатда куй, ритм ва гармониянинг бой ва хилма-хиллиги, гўзаллиги ва нафосати тингловчини мафтун этади. Шуберт ижоди халқ мусиқаси, Вена ҳаётий мусиқаси билан боғлиқ. Бу шаҳарда яшовчи турли халқларнинг куй ва қўшиқлари композиторга кучли таъсир кўрсатган. Шуберт ўз асарларида уларни деярли ишлатмаган бўпса ҳам, халқ куй ва қўшиқларидан илҳомланиб ижод қилган.
Шуберт фортепиано учун ёзиладиган экспромт, мусиқий лаҳза, қўшиқлар туркуми, лирик-драматик симфония каби жанрларнинг асосчиси бўлиб, уларнинг кейинги ривожланишига йўл очиб берди. У қандай жанрда ижод қилмасин, ўзи яратган жанрларда ҳам, анъанавий жанрларда ҳам, барчасида ўзини янги давр – романтизм даври композитори эканлигини кўрсатди. Унинг янги романтик услуби кейинчалик Шуман, Менделсон, Лист ва бошқа композитордар ижодида ривожланди.
Шуберт яратган асосий асардар қуйидагилардир:
600 дан ортиқ қўшиқлар, 9 та симфония, 4 та опера , 4 та зингшпил, 22 та торли квартет, «Форел» номли квинтет, фортепиано учун 22 та соната, экспромтлар, мусиқий лаҳзалар, хор ва вокал ансамбл учун 100 дан ортиқ асарлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |