Либертар-юридик ҳуқуқни тушунишга кўра, ҳуқуқ - бу ҳуқуқ субъектларининг формал тенглиги принципи билан белгиланувчи тенглик, эркинлик ва адолат муносабатларининг шаклидир. Қаерда формал тенглик принципи (ва уни конкретлаштирувчи норма) мавжуд бўлса, ўша ерда ҳуқуқ, муносабатларнинг ҳуқуқий шакли ҳам мавжуд. Ҳуқуқ принципи сифатида формал тенглик ҳуқуқнинг фарқлантирувчи хусусияти ва ўзига хос белгиси, ҳуқуқий асос ҳамдир. Ҳуқуқда формал тенглик принципи унинг моҳиятий жиҳати ҳисобланади. Ушбу принципдан ташқарига чиқувчи ва унга қарама-қарши бўлган ҳамма нарса ноҳуқуқий ва ҳуқуққа зид ҳисобланади.
Табиий ҳуқуқ ғоялари тарафдорлари учун табиий ҳуқуқ - бу объектив борлиқ - худо ёки инсон табиатига боғлиқ ягона, ҳақиқий, бошланғич ҳуқуқдир, у ўзида одиллик, ахлоқийлик, адолат ғояларини мужассам этади. Улар позитив ҳуқуққа табиий ҳуқуқдан четга чиқувчи, сунъий тарзда ўрнатилган ҳуқуқ деб қарайдилар. Бундай ёндошувга кўра, ҳуқуқ ҳақиқий маънода бу айнан ва фақат табиий ҳуқуқдир.
Табиий ҳуқуқий ёндошувнинг баъзи ижобий томонлари (назарий жиҳатдан англашилмаган ҳолда юридик ҳуқуқни тушунишнинг баъзи жиҳатлари) ва камчиликлари (ҳуқуқни ҳуқуқий бўлмаган ҳодисалар – ахлоқ, маънавият, дин билан аралаштириб юбориш, ҳуқуқни барча ноҳуқуқий нарсадан фарқлашнинг қатъий мезони йўқлиги, тенглик, эркинлик ва адолатни формал-ҳуқуқий тушунчалар, хусусиятлар сифатида эмас, балки ахлоқ феномени ёки аралаш- ҳуқуқий ҳодиса сифатида тушуниш)ни кўрсатиш ўринли.
Масалан, инсонларнинг яшаш ҳуқуқи (табиий ҳуқуқ) агарда позитив ҳуқуқда ўзининг ифодасини ва муҳофазасини топмаса, уни таъминлаш масаласи қандай ҳал этилади? Ушбу ҳуқуқнинг позитив ҳуқуқда мустаҳкамланганлиги (Конституциямизнинг 13-моддасида инсон ҳаёти энг олий қадрият, 22-моддада инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир деб мустаҳкам қўйилганлиги) ва муҳофазаси таъминланганлиги (Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддасида шахс ҳаётига тажовуз қилганлик учун энг жиноий жавобгарлик белгиланган) яшаш ҳуқуқини кафолатлайди.
Ҳуқуқни формал-юридик тушунишда формал ва фактик жиҳатларни фарқлашнинг принципиал аҳамиятини алоҳида таъкидлаш зарур. Қоида бўйича фақат формал нарсагина умумийлик касб этади, фактик мазмун эса, умумий эмас ва ҳар қандай фактик жиҳат хусусийдан бошқа нарса эмас. Шу сабабли фақат формал предмет (ўзига хос шакл, алоҳида формаллик) бўлгандагина ҳуқуқ умумийлик ҳусусиятига эга бўлади, муносабатларнинг мавҳум-умумий шакли бўла олади.
Формал-юридик ёндошувда муносабатларнинг ҳуқуқий шакли (муносабатлар шакли сифатида бутун ҳуқуқ)ни ноформал, ҳар қандай фактик, фактик-мазмуний жиҳатдан изчил фарқлаймиз ва “тозалаймиз”. Бундай ҳуқуқни тушунишда табиий-ҳуқуқий ёндошувдаги муҳим камчилик – ҳуқуқни ноҳуқуқий ҳодисалар билан, ҳуқуқий шакл билан фактик мазмун, формал билан фактик, формал-ҳуқуқий ва фактик-мазмуний жиҳатларни аралаштириб юбориш йўқотилади.
Позитивистлардан фарқли равишда ҳуқуқ билан қонунни фарқлаш маъносида ҳуқуқий шаклни ( ҳуқуқ шакл сифатида) ҳар қандай ихтиёрий мазмун (норматив ва фактик) учун яроқли бўлган бўш шакл сифатида эмас, балки ҳуқуқни ноҳуқуқий нарсадан, ҳуқуқий шаклни ноҳуқуқий шаклдан фарқловчи алоҳида формаллаштирилган хусусиятларга эга махсус шакл сифатида тушуниш керак. Бошқача айтганда, формал-юридик ёндошув – бу ҳуқуқни мазмуний тушуниш, аниқлаш ва изоҳлаш, бироқ у формал-мазмунийдир, фактик-мазмуний эмас.
Ҳуқуқ (ҳуқуқий шакл, формал тенглик принципи)ни бундай тушунишда у формал-умумий тенглик ўлчови, эркинлик, адолат каби формал-мазмуний хусусиятларга эга бўлади. Формал тенглик принципини англатувчи ушбу формал-мазмуний хусусиятларга кўра шакл ўзининг ҳуқуқий хусусиятини касб этади, бошқа ҳар қандай шаклдан, муносабатларнинг ахлоқий, диний шаклларидан ёки мажбурий-буйруқ характердаги муносабатлардан фарқ қилувчи ҳуқуқий шаклнинг ўзига хос сифатига эга бўлади.
Бундай формал-юридик ихтисослашган ва малакавий шакл муносабатларнинг ҳуқуқий типи ва тартибга солишнинг ҳуқуқий усулининг моҳияти ва ўзига хослигини ифодалайди. Шундай қилиб, ҳуқуқий шакл (бутун ҳуқуқ ҳам) легистларда бўлгани каби ҳар қандай фактик мазмунга йўл қўювчи бўш шакл, буйруқ ва лозим бўлишликнинг шунчаки шакли эмас, балки ҳуқуқнинг хусусиятлари ва талабларини ифодаловчи ва ҳуқуққа зид ҳамма нарсани инкор этувчи юридик белгиланган шаклдир.
Ҳуқуқ билан қонунни фарқловчи ва тегишлича ҳуқуқни тушунишнинг либертар-юридик назарияси легизм ва юснатурализм ўртасидаги қарама-қаршиликдан ҳоли ва ўз ичига икки ёндошувнинг ижобий жиҳатларини олади. Бу назария ҳуқуқ билан қонунни легистик тенглаштиришни ҳам, ҳуқуқни табиий ва позитивга бўлишни ҳам инкор этиб, шу билан бирга ҳуқуқ ва қонун ҳақидаги позитивистик ва табиий-ҳуқуқий таълимотлардаги аҳамиятли хулосалар ва қоидаларни эътиборга олади3.
Либертар назария ҳуқуқ билан қонунни фарқлашни улар нисбатининг маъносини, оқибат натижада уларни ҳуқуқий қонуннинг зарурий шаклидаги (яъни ҳуқуқнинг объектив мазмуни ва принципи мос келувчи позитив ҳуқуқдаги) лозим синтезини адекват тушуниш учун зарурий асос сифатида изоҳлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |