6-мавзу. Молиявий назорат
Режа:
Молиявий назорат: мазмуни, назорат соҳалари, объекти, предмети,
тизими, вазифалари. Молиявий назоратнинг йўналишлари ва уларнинг ўзаро боғлиқлиги.
Молиявий назоратнинг қамраб олиш соҳаси.
Молиявий назоратнинг предметини ифодаловчи молиявий
кўрсаткичлар. Молиявий назорат молия функцияларининг амалга оширилиш шакли эканлиги.
Молиявий назорат соҳалари: давлат молиявий назорати, нодавлат
молиявий назорати. Молиявий назоратнинг ўз ичига олувчи текширувлари.
1-савол баёни. Ўзбекистон Республикасида иқтисодиётнинг бозор муносабатларига ўтиш шароитида ҳам, бугунги иқтисодиётни либераллаштириш шароитида ҳам умумдавлат молиявий назоратининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш шароитида кучли молиявий назоратни шакллантириш давр талаби ҳисобланар экан, молиявий назоратни такомиллаштириш доимо мамлакатимиз раҳбариятининг диққат-эътиборида бўлиб келмоқда. Бу хусусда Президентимиз Ш.Мирзиёев қуйидаги фикрларларни таъкидлайди: “Албатта, Давлат бюджети ўлчовсиз эмас, маблағларни қаттиқ тежаш, белгиланган мақсад учун ва оқилона ишлатишни таъминлаш зарур”. Дарҳақиқат, ислоҳотлар изчиллигини таъминлаш ва давлат бюджети харажатларидан оқилона фойдаланиш жараёнида молиявий назоратнинг илғор усулларини қўллаш, маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда харажатларни тежашда молиявий назорат органларининг профилактик тадбирларни ўтказиши муҳим аҳамият касб этади.
Мамлакат молия тизимида товар ва пул оқимларини молиявий-иқтисодий бошқаришда давлат молиявий назоратининг самарали тизимини яратиш ўзига хос ўрин эгаллайди, бундан ташқари давлатнинг молиявий маблағларидан самарали фойдаланишнинг кафолати бўлиб давлат молиявий назорати ҳисобланади. Давлатнинг жамият олдидаги асосий вазифаларини бажаришдаги ролини ошириш бу амалдаги қонунчиликка мувофиқ давлат харажатлари ва молиявий оқимлар йўналишлари устидан самарали назоратни таъминлашга қодир бўлган замонавий молия тизимини яратишни талаб қилади. Ўз навбатида молия тизими эса мавжуд усуллардан фойдаланиб, иқтисодиётни барқарорлаштириш учун давлат молиявий жараёнларининг юқори даражадаги тиниқлиги ва шаффофлигини таминлайди.
Шундай экан, бюджет даромадларини шакллантиришда иштирок этувчи иқтисодиётда фаолият юритувчи субъектлар ҳамда аҳолининг солиқ қонунчилигига риоя этилиши устидан олиб бориладиган молиявий назорат бугунги кундаги муҳим назорат йўналишларидан бири ҳисобланади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда шуни таъкидлаш жоизки, молиявий назоратнинг асосий вазифаларидан бири бу молиявий қонун ҳужжатларига риоя қилинишини, молиявий интизомни таъминлаш, бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланилишига йўл қўймаслик орқали давлат молияий сиёсатининг амалга оширилишига кўмаклашишдан иборатдир. Шу билан бир қаторда Давлат молиявий назорати оптимал бюджет ва солиқ сиёсатининг ишлаб чиқилиши ва самарали амалга оширилиши ҳамда давлат бюджетига ва иқтисодиётнинг ривожланишига тушумларнинг максимал даражада ўсишини таъминлашга хизмат қилади.
Давлатнинг молиявий назорати ҳар бир давлатнинг муҳим функцияси бўлиб, молия кредит тизимини нормал ҳаракат қилишида, албатта, бажарилиши керак бўлган шартлардан биридир. Қаршиликлар муносабатларига асосланган бозор иқтисодиётига ўтиш режасида, иқтисод ўзини бошқаришга барқарор ва самарадорли ҳаракатларига алоҳида эътибор берилган. Бу молиявий назоратни айрим бўғинларини йўқ қилишга асос бўлиб ва қолганларини интизомини бўшаштиришга олиб келди, ишларни реал аҳволини, молиявий интизомини бузулишини, суистеъмолини бартараф қилолмади.
Ҳиссадорлик корхоналарида ва бошқа нодавлат секторидаги хўжалик субъектларида давлат молиявий назоратини йўқ қилиниши хорижий давлатларда бу назорат йўқлиги билан изоҳланади. Лекин, уларда бозор тизими кўп йиллар давомида тузилган бўлиб, алдашда ва ноинсофлик, молиявий даллолчиликда тартиб қоидани ва маъсулиятни қаттиқ тутишган.
Бозор муносабатлари ҳамма шаклдаги мулк эгалари бўлган хўжалик субъектларнинг, систематик ревизияларини ва молиявий хўжалик фаолиятини текшириш зарурлигини, камчиликларини олдини олиб ва уларни бартараф этиш учун чора тадбирларни ишлаб чиқишни рад этмайди. Молиявий назорат бозор иқтисодиётига ҳам ўзига хос объектив ва ҳамма хорижий давлатларда қандай меъёрда сиёсий ва иқтисодий вазифалар талаб этилса шу меъёрда қўлланилади.
Молиявий назоратнинг юзага келиши ва ривожланиши давлат молиявий тизимининг ташкил этилиши ва ривожланиши билан шарт қилиб қўйилди. Молия каби молиявий назорат ҳам капиталистик жамиятдан аввалги босқичлардаёқ, шаклланиш ва ривожланишнинг узоқ даврини босиб ўтди. Унинг баъзи элементлари қулдорлик ва феодал жамиятлардаги ижтимоий муносабатларда номоён бўлди.
Қулдорлик ва феодал жамиятлари барча ижтимоий қатламларга сингган ҳокимлик ва тобелик муносабатлари, «мушт» ҳуқуқи давлат солиқ тўловчилари фаолиятининг ниҳоятда хилма хил «назорат» шаклларининг гуллаб-яшнаши учун объектив асос яратади.
Молиявий назоратнинг моҳиятини тушуниш учун унинг ҳар қандай иқтисодий тизимда ва ишлаб чиқиш муносабатларининг барча турларига хос бўлган умумий хусусиятларини аниқлаб олиш лозим.
Молия назорат вазифасининг мавжудлиги ўз-ўзидан молиявий назоратнинг мавжудлигини келтириб чиқармайди, у тегишли давлат органларининг муҳим ташкил этувчи фаолиятини тақозо этади.
Молиявий назорат қиймат шаклида амалга ошириладиган назорат бўлганлиги учун ижтимоий такрор ишлаб чиқариш жараёнининг барча соҳаларида амалга оширилади ва пул фондлари ҳаракатининг барча жараёнларида, шу жумладан, молиявий натижаларни идрок этиш жараёнида ҳам қатнашади. Шунинг учун ҳам молиявий назоратнинг объекти пул муносабатлари ҳисобланади.
Одатда, молиявий назорат қуйидаги икки йўналишда қаралади:
барча иқтисодий субъектларнинг молиявий қонунчилик ва молиявий интизомга риоя қилиши устидан махсус ташкил этилган назорат органларининг қаттиқ тартибга солинган фаолияти;
молиявий операцияларнинг самарадорлигини ва мақсадга мувофиқлигини таъминлаш мақсадида макро ва микродаражада молия ҳамда пул оқимларини бошқаришнинг ажралмас эленменти.
Молиявий назоратнинг ҳар икки йўналиши бир-бири билан ўзаро боғлиқ бўлсада, назоратнинг мақсади, методи ва субъектларига мувофиқ равишда фарқланади ҳам. Агар биринчи ҳолда назоратнинг ҳуқуқий ва миқдорий томонлари устунлик қилса, иккинчи ҳолда молиявий назоратнинг аналитик томонига жуда катта эътибор берилади.
Барча иқтисодий субъектларнинг (давлат, корхона ва ташкилотларнинг) молиявий фаолияти устидан қонунчилик ва ижроия ҳокимияти органларининг турли даражалари, шунингдек махсус ташкил этилган муассасалар томонидан амалга ошириладиган назоратга молиявий назорат дейилади. Бу назорат, энг аввало, пул фондларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш жараёнида молиявий-иқтисодий қонунчиликка риоя этилиши, молиявий-хўжалик операцияларининг самарадорлигини баҳолаш ва амалга оширилган харажатларнинг мақсадга мувофиқлиги устидан назоратни ўз ичига олади. Бошқача сўзлар билан айтганда, молиявий назорат у ёки бу молиявий ҳаракат содир бўлишининг баҳолашни ўз ичига олиш билан чекланмасдан, балки у ўзининг аналитик йўналишига (аспектига) эгадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |