Мониторинг деб аниқ белгиланган, тор доирадаги маълумотларни доимий тўплаш, излаш тизимига айтилади. Мониторинг оммавий ахборот воситаларини ўрганишда энг кўп тарқалган. Кўпинча мониторинг объекти бўлиб реклама ва, биринчи навбатда, унинг радио ва, айниқса, телевидение каби воситалари ҳисобланади.
Қуйида батафсил ёритиладиган маркетинг тадқиқотлари бозор ривожланишининг тенденциялари ва жараёнлари, унинг сиғими, сотилишлар динамикаси, рақобатчиларнинг хатти-ҳаракатлари, шунингдек, истеъмолчилар хатти-ҳаракатларининг сабаблари, маҳсулотнинг рақобатбардошлиги, рағбатлантириш ва рекламанинг самарадорлиги, тақсимлаш каналлари ва бошқаларга нисбатан қўлланади.
Йиғилган маркетинг ахборотига ишлов бериш мақсадида тегишли дастур асосида аналитик маркетинг тизими яратилади. У маълумотлар банки ва моделлар банкини ўз ичига олади. Прогнозлаш жараёнларининг таҳлилини ўтказишда ўртача миқдорлар, гуруҳлашлар, трендлар, регрессион ва корреляцион усуллар, омилли ва кластерли таҳлил, қарорларни қабул қилиш назарияси усуллари, жараёнларни ўрганиш усуллари, евристик усуллар ва шу каби бошқа иқтисодийстатистик ва иқтисодийматематик усуллар қўлланади.
Ҳосил бўлиш босқичларига қараб маркетинг ахборотини қуйидаги икки турга бўладилар:
1. Бирламчи ахборот - аниқ маркетинг муаммосини ечиш учун махсус дала (бозор) тадқиқотлари ва моделлаш асосида ҳозиргина олинган маълумотлар массиви;
2. Иккиламчи ахборот - қачонлардир корхонада тадқиқ қилинаётган аниқ муаммо ечими билан боғлиқ бўлмаган қандайдир мақсадлар учун кимдир томонидан тўпланган маълумотлар тўплами.
Ахборотнинг иккала тури ҳам ўзига хос афзалликлар ва камчиликларга эга. Масалан, иккиламчи ахборот арзонроқ тушади, уни олиш ва ишлатиш осон, шунингдек, у нисбатан ҳаққонийдир. Бироқ Ўзбекистон шароитида, аниқроғи унинг ахборот маконида ҳозирча малакали маркетинг маълумотлари жуда кам, расмий, шу жумладан, қайдномали ва регионал статистика эса тарқоқ, камдан-кам ҳолда тизимли кўринишда берилган ва шунинг учун ҳамма вақт ҳам кузда тутилаётган маркетинг фаолиятининг мақсадларини акс еттирмайди. Бундай ҳолатда тадқиқотчилар оддига қўйиладиган вазифаларнинг аниқ мақсадларига кўра тўпланадиган, ҳар доим энг янги ва ишончли бўлган бирламчи маркетинг ахборотларига кўпроқ таянишга тўғри келади.
Ахборотни, айниқса, ташқи муҳит ҳақидаги ахборотни излаш ва шакллантиришда компютер ахборот тармоқлари муҳим рол ўйнайди. Ҳозирги вақтда икки турдаги тармоқлар каналлари мавжуд. Интернет - 45 мингдан кўпроқ кичик локал тармоқлардан иборат бўлган глобал компютер тармоғидир. У бутун ер курраси бўйича узлуксиз ва марказлашган ахборот алмашишга имкон беради. Ҳозирги вақтда ундан жаҳоннинг 150 мамлакатида 56 миллиондан кўпроқ кишилар фойдаланадилар. Фойдаланувчилар электрон почтани юборишлари, харид қилишлари, тадбиркорлик ахборотини олишлари мумкин. Тижорат каналлари - таъсисчи компанияларнинг абонент тўловлари асосида ишлайдиган ахборот ва маркетинг хизматларидир. Мижозларга ахборот олиш (янгиликлар, кутубхоналар, маълумотлар ва бошқалар), харид қилиш, ҳордиқ чиқариш ва мулоқот қилиш (электрон тахталар, ўйинлар, форумлар), электрон почтадан фойдаланиш имкониятлари берилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |