аҳолининг ўтроқ деҳқончиликка ўтиши ва кенг воҳалар бўйлаб ёйилиши;
ҳунардманчилик ишлаб чиқаришининг ривожланиши натижасида
иқтисодий ҳамда маданий алоқалар ва савдо-сотиқнинг тараққий этиши;
табиий-географик ҳамда ҳарбий-стратегик шарт-шароитлар.
Ўлкамиз ҳудудларидаги илк шаҳарлар қишлоқлардан иқтисодий,
сиёсий ва маданий мавқеси билан ажралиб турган. Бу шаҳарлар асосан
аҳолиси суғорма деҳқончилик билан шуғулланган воҳаларда, қадимги савдо
йўллари бўйларида, ҳукмдорлар қароргоҳлари атрофларида пайдо бўлган.
Бундай шаҳарлар ўзлари жойлашган воҳаларининг сиёсий, иқтисодий,
маданий, диний ва ҳарбий марказлари вазифасини бажарган бўлиши
шубҳасиздир.
Илк давлатлар ҳақидаги ёзма манбалар.
Ватанимиз тарихини ўрганишидаги дастлабки ёзма манба сифатида
“Авесто” катта аҳамият касб этади. “Авесто”да аҳмонийларгача бўлган
географик, ҳудудий номлар, атамалар, ижтимоий-иқтисодий маълумотлар,
сиёсий тарих, диний фалсафа ва турли маълумотлар сақланган. Бу манбада
тилга олинган жуда кўплаб мамлакатлар - Ўрта Осиё ва Ўрта Шарқ,
Афғонистон, Эроннинг шимоли-шарқий ҳудудлари билан боғлиқдир. Яшт
қисмлари орийларнинг ерлари ҳақида қуйидагича эълон қилади: “У
мамлакатнинг жасур сардорлари кўпдан кўп ҳарбий юришлар қилади, унинг
кенг яйловларга эга, сувга сероб тоғларида чорва тинч ўтлов ва емиш билан
таъминланган, бу ердаги серсув чуқур кўллар тўлқинланиб туради, кема
қатнайдиган кенг дарёларнинг оқими Поурутадаги Иската, Харавайдаги
Моуру, Сўғддаги Гава ва Хваризам томонига тошиб интилади”.
Давлатчилик пайдо бўлишининг муҳим белгиларидан бири жамиятнинг
ижтимоий табақаларга бўлиниши ҳисобланади. Кўпчилик манбалардан бизга
маълумки, Авесто жамияти қуйидаги тўртта табақага бўлинади: 1) қоҳинлар
(атраванлар); 2) ҳарбийлар (ратайистралар); 3) деҳқон-чорвадорлар (вастря-
фшуянт); 4) ҳунармандлар (хутлар). Жамиятнинг бундай табақалашуви
қадимги, яъни, зардуштийликкача бўлган аъаналарни ўзида акс эттиради. Бу
анъаналар айрим ўзгаришлар билан кўп асрлар, Авестодан кейинги
даврларда ҳам сақланиб қолади.
Жамиятнинг бошқарув тартиби ҳақида Авестода маълумотлар
сақланган. Манбада келтирилишича, орийлар ўлкаси қуйидаги тўртта
маъмурий ҳудудий бирликка бўлинади: 1-патриархал оилага тегишли бўлган
турар-жойлар (нмана); 2-қишлоқлар (вис); 3- туманлар (занту); 4-вилоят –
ўлка (дахю). Ушбу бирликларнинг ҳар бири ўз йўлбошчисига эга бўлган: 1-
нманопати (уй бошлиғи); 2-виспати (қишлоқ бошлиғи); 3-зантупати (туман
оқсоқоли); 4-дахюпати (вилоят –ўлка йўлбошчиси).
Мил авв. VI асрнинг ўрталарига келиб Эрондаги Аҳмонийлар сулоласи
ҳукмдорлари Қадимги Шарқдаги кўпгина мамлакатлар устидан, жумладан,
Ўрта Осиёдаги Парфия, Марғиёна, Бақтрия, Сўғдиёна, Хоразм, “Саклар
ўлкаси” устидан ўз ҳокимиятини ўрнатдилар. Аҳмонийлар даврида битилган
миххат манбаларда Ўрта Осиё халқлари ва вилоятлари ҳақида турли
маълумотларни учратишимиз мумкин. Бу
давр
ёзувларида
ўлкамиз
халқларининг қадимги тарихига оид қуйидаги маълумотлар сақланган:
вилоятлар ва халқларнинг номлари, айрим сиёсий жараёнлар, саклар юртига
қарши юришлар, иқтисодий тузум ва моддий маданият маълумотлари.
Юнон-рим тарихчиларидан биринчи бўлиб “тарихнинг отаси” Геродот
(мил.авв. V аср) Ўрта Осиё халқлари ҳақида маълумотлар беради. Геродот
“Тарих” китобида Бақтрия, Бақтра, бақтрияликларни 13 марта, сўғдларни 2
марта, хоразмликларни 3 марта, сакларни 11 марта, массагетларни 19 марта
тилга олиб уларнинг моддий маданияти, урф-одатлари, дини ва тарихи
ҳақида ҳикоя қилган.
Геродотнинг Ўрта Осиё тўғрисидаги асосий фикрлари форсларнинг
сак-массагетларга қарши юришлари, Кир II ва Тўмарис ўртасидаги сиёсий
муносабатлар, аҳмонийлар ҳарбий қўшинлари сафида юртимиз халқлари
жангчиларининг иштироки, уларнинг яроғ-аслаҳалари, йўлбошчилари, форс-
юнон урушларида уларнинг жасорат кўрсатганлиги, халқларнинг аҳмонийлар
давлатига бўйсуниши ва солиқ тартиби, сак-массагетларнинг турмуш тарзи
ва диний эътиқоди ва бошқа айрим маълумотлардан иборат.
Асли Кичик Осиёдаги Книд шаҳрилик бўлган юнон тарихчиси Ктесий
аҳмонийлар подшоси Артаксеркс (мил.авв. 404-359 йй.) саройида табиблик
қилган. Ктесий қаламига мансуб “Персика” асарининг катта бир қисми
бақтрияликлар тарихига бағишланган.
Ктесий Оссурия подшоси Ниннинг Бақтрияга қилган юришлари,
Бақтриянинг пойтахти ва кўп сонли мустаҳкам истеҳком ва шаҳарлар ҳақида
маълумотлар бериб жумладан шундай ёзади: “Бақтриядаги кўпдан-кўп
шаҳарлар орасида Бақтра номли машҳур бир шаҳар бўлган. Бу шаҳар
мамлакатнинг маркази бўлиб, кўп шаҳарлар ўртасида, баланд ва мустаҳкам
мудофаа деворлари билан ўралган, унда подшо қалъаси жойлашган”.
Яна бир юнон муаллифи Ксенофонт “Киропедия” номли асарида
Ктесий хабарларига ўхшаш, Бақтра шаҳарларининг оссурияликлар
томонидан қамал қилиниши тўғрисида маълумот беради. Шунингдек,
Ксенофонт Кир II ва Бақтрия урушлари ҳақида ҳам ёзади.
Мил. авв. IV асрнинг иккинчи ярмида македониялик Искандарнинг
Шарққа қилган юришлари натижасида Ўрта Осиёдаги қадимги вилоятлар
ҳақида кўплаб янги тарихий-географик маълумотлар пайдо бўлди. Кейинги
антик давр муаллифлари (Арриан, Курсий Руф, Страбон ва бошқ.)
асарларидаги маълумотлар илк антик давр муаллифлариникига нисбатан
кенгроқ берилган. Македониялик Искадар юришлари ҳақида ёзган
тарихчилар асарларида қадимги Ўзбекистон вилоятлари, шаҳарлар, қалъалар,
манзилгоҳлар, ҳимоя деворлари, хўжалик ва маданий ҳаёт ҳақида кенгроқ ва
батафсилроқ маълумотлар олиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |