10.2. Экпортнинг товар ва географик таркибини такомиллаштириш.
Ташқи савдо айланмаси, хусусан экспортнинг географик таркибида МДҲ мамлакатларининг улуши 2014 йил якунларига кўра 33,9 фоизни ташкил этди. 2014 йилда мамлактимиз корхоналари экспортининг 21,0 фоизи Россия Федерацияси, 7,2 фоизи Украина, 6,2 фоизи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келди.
Узоқ хориж давлатларига қилинган экспортнинг жами экспортдаги улуши 2013 йилда 65,8 фоизни, 2014 йилда эса 66,7 фоизни ташкил этди. Бу мамлакатлар бўйича мамлакатимиз экспортининг диферсификациялашув даражаси нисбатан чуқурроқ бўлиб, 2014 йил маълумотларига кўра фақат Хитой (9,7%), Швейцария (7,9%), Афғонистон (3,3%), Туркия (3,2%), Эрон (2,7%), Германия (2,2%), АҚШ (1,7%) нинг мамлакатимиз экспортидаги улуши 1 фоиздан юқоридир.
Республикамиз экспорти ва импортининг товар ва географик таркибини такомиллаштириш орқали рақобатбардошликни ошириш бир қатор вазифаларнинг амалга оширилишини тақозо этади.
Хорижий давлатларда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган, ёки ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкин бўлган маҳсулотларга бўлган талабни ўрганиш, бундай товарлар бозорларига кириб бориш ва рақобат қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш экспорт қилинаётган товарлар сонини ва мамлакатлар географиясини кенгайтиришга ижобий таъсир кўрсатади.
Жаҳон бозорларида корхоналаримиз маҳсулотларининг рақобатбардошлигини таъминлашда қуйидаги чора-тадбирларнинг амалга оширилиши муҳим аҳамият касб этади:
- экспорт қилувчи корхоналарга маҳсулот тайёрлаш ва сотиш харажатларини камайтиришда кўмаклашиш;
- уларни ташқи бозор конъюнктурасидаги ўзгаришлар, истиқболли бозорлар, рақобатчилар тўғрисида олиб борилган тадқиқотлар натижалари билан таништириш;
- транспорт-коммуникация тизимларини ривожлантириш;
- янги транспорт йўлакларини очиш орқали транспорт харажатларини камайтириш ва ҳ.к.
Бу борада ҳар бир тармоқ учун ишлаб чиқилиши кўзда тутилаётган 2010-2012 йилга мўлжалланган тайёр маҳсулотни янги ташқи бозорларга чиқариш бўйича махсус дастурларда экспорт ҳажмини ошириш, экспорт қилинадиган юкларни ташиш тизимини такомиллаштириш, экспортчи корхоналарни маркетинг, молия ва ташкилий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш масалалари ўз аксини топади.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, экспорт ҳажмини ошириш, унинг таркибини такомиллаштириш, умуман ташқи савдо айланмасини дивесификация қилиш иқтисодиётимиз таркибий тузилишида сифат ўзгаришларига эришиш, унинг рақобатбардошлигини ошириш орқали иқтисодий юксалиш ва аҳоли турмуш фаровонлигини янада кўтариш мақсадларига хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |