Кредит– фоизда қайтариш шарти билан вақтинча фойдаланиш учун пул ёки материал маблағлари бериш жараёнида юзага келадиган муносабатлар тизими.
Кредитлар Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва норматив актлари билан маън этилмаган мақсадлар учун барча эгалик хўжалик мулки шаклидаги жисмоний ва юридик шахсларга белгиланган тамойиллар асосида қисқа ва узоқ муддатларга ажратилади.
Кредит муносабатларининг мазмуни ва моҳиятини тушуниш учун унинг зарурий элементлари - кредитнинг объекти ва ва субъектини тушуниш зарур
Кредит муносабатларининг субъектлари икки хил бўлади.
1. Қарз берувчи. 2. Қарз олувчи.
Кредит субъектлари ҳар хил. Булар юридик ва жисмоний шахслар, корхона, банк, фирма, давлат ва турли тоифадаги аҳоли бўлиши мумкин.
Кредит ресурсларидан корхоналар қуйидаги ҳолларда фойдаланиши мумкин:
1) Корхона кредитни харажатларнинг бирор турини амалга ошириш учун, масалан, хом-ашё ва материалларни сотиб олиш, тугалланмаган ишлаб чиқариш ёки жўнатилган товарлар учун олиши мумкин.
2) Корхона айланма фондларининг доиравий айланишининг барча босқичларида кредитни жалб қилиши мумкин.
3) Корхонани комплекс кредитлаштириш зарур бўлганда амалга ошириши мумкин.
Кредит олиш учун қарз олувчи ўзининг молиявий ва ишлаб чиқариш имкониятларини баҳолаши ва ўзи учун қуйидагиларни аниқ белгилаб олиши шарт:
1. Ўз маҳсулотини сотиш бозорини ўрганиш (талаб ва таклиф асосида);
2. Лойиҳанинг ишлаши учун керак бўладиган товар-моддий бойликларни, шунингдек,тайёр маҳсулотни сотиш учун зарур бўлган шартномаларнинг мавжудлиги;
3. Кредитланаётган лойиҳанинг самарадорлиги;
4. Ҳисоб рақамига пул маблағлари келиб тушишининг даврийлиги;
5. Кредит ва у бўйича фоизларни сўндириш манбалари;
6. Кредит учун тўланадиган тўловни ҳисоблаш ва унинг даврийлиги.
Микромолиялаш:Микромолиялаш микромолиявий хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган миқдордан ошмайдиган суммада микрокредит, микроқарз, микролизинг бериш, шунингдек микромолиявий хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ бошқа хизматлар кўрсатиш борасидаги фаолиятидир.
Микрокредит:Микрокредит қарз олувчига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун энг кам иш ҳақининг минг баравари миқдоридан ошмайдиган суммада тўловлилик, муддатлилик ва қайтариш шартлари асосида бериладиган пул маблағларидир.
Микрокредит қарз олувчига пул маблағларини шартномага мувофиқ муайян мақсадлар учун ишлатиш шартлари асосида (мақсадли микрокредит) берилиши мумкин.
Микролизинг:Микролизинг микромолиявий хизматлар кўрсатувчи ташкилот томонидан лизинг олувчининг топшириғига биноан учинчи тарафдан мол-мулк олиш ҳамда уни эгалик қилиш ва фойдаланиш учун лизинг олувчига шартномада белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бериш назарда тутиладиган хизматдир.
Микролизинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун лизинг тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ энг кам иш ҳақининг икки минг баравари миқдоридан ошмайдиган суммада берилади.