Бўлғуси пул оқимлари ва реверсия жорий қиймати аниқланганидан сўнг зарур ҳолда якунловчи тузатишлар киритилади. Қийматни ПОД усули билан ҳисоблашда корхонанинг ишлаб чиқаришда ва даромад олишда иштирок этмайдиган (шу жумладан консервация қилинган) активлари қийматини ҳисобга олиш лозим. Шунингдек, хусусий айланма капиталнинг амалдаги миқдорига тузатиш киритиш зарур: ортиқча хусусий капитал бошланғич қиймат миқдорига қўшилиши, тақчиллик эса — ундан айрилиши лозим. Корхонани ПОД усули билан баҳолаш натижасида ликвидли корхонанинг ёки корхонадаги ликвидли назорат (50 фоиздан ортиқ) улушнинг қийматини оламиз. Агар назорат улуши баҳоланаётган бўлмаса, назорат ҳуқуқларининг етишмаган қисмига чегирма қилиш лозим. Тузатиш киритиш улушнинг ҳар 10 фоизига 0,01 коэффициентини қўллаш йўли билан амалга оширилади. Тўғридан-тўғри капиталлаштириш усули хўжалик фаолиятининг даромадли тарихига эга бўлган, активларни жамғаришга улгурган ва барқарор фаолият кўрсатаётган корхоналарни баҳолаш учун қўлланилади. Усул баҳолаш санасидан кейинги биринчи йил мобайнида олинадиган бўлғуси даромадни капиталлаштириш йўли билан амалга оширилади. Даромадни капиталлаштириш усули босқичлари: а) даромадлар олишнинг барқарорлигини асослаш; б) капиталлаштириладиган даромад турини танлаш; в) капиталлаштириладиган даромад миқдорини аниқлаш; г) капиталлаштириш ставкасини ҳисоблаш; д) даромадни капиталлаштириш; е) якуний тузатишларни киритиш. Даромадлар олишнинг барқарорлигини (нисбий барқарорликни) асослаш тузатилган молиявий ҳисобот таҳлили асосида амалга оширилади. Капиталлаштириладиган даромад сифатида тушум ёки амортизация ажратмаларини ҳисобга олувчи кўрсаткичлар: солиқлар тўланганидан кейинги даромад (ишлаётган корхоналар, акцияларнинг пакетлари, улушлар учун), солиқлар тўлангунга қадар бўлган даромад (кўчмас мулк учун) амал қилиши мумкин. Пул оқимини капиталлаштириш корхона узоқ вақт мобайнида тахминан бир хил миқдорда даромад олиши кутилаётган вазиятларга мос келади. Капиталлаштириш лозим бўлган даромад сифатида қуйидагилар танланиши мумкин: баҳолаш санасидан кейин бир йилга прогноз қилинган миқдор; ретроспектив ва балки, прогноз (уч йил учун) маълумотлари асосида ҳисобланган, танланган турдаги ўртача ўлчанган миқдор. Дисконтлаш ставкаси миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг баҳолаш санасига қадар бўлган қайта молиялаштириш ставкасининг (баҳолаш объектига инвестициялаш таваккалчилиги учун устамани ҳисобга олувчи) 1,5 коэффициентига кўпайтмаси сифатида аниқланади. Капиталлаштириш ставкаси сифатида 2% га тенг деб олинадиган пул оқими узоқ муддатли ўсиш суръати ҳажми айириб ташланган дисконтлаш ставкаси қабул қилинади) мувофиқ аниқланади. Пул оқимини капиталлаштириш қуйидаги формула бўйича амалга оширилади: V = CF / CR, бу ерда: V — капиталлаштирилган қиймат; CF — пул оқими; CR — капиталлаштириш ставкаси. Корхона (акциялар пакетлари, улушлар, пайлар) қийматини тўғридан-тўғри капиталлаштириш усули билан ҳисоблашда корхонанинг ишлаб чиқаришда ва даромад олишда иштирок этмайдиган (шу жумладан консервация қилинган) активлари қийматини ҳисобга олиш лозим. Шунингдек, хусусий айланма капиталнинг амалдаги миқдорига тузатиш киритиш зарур: ортиқча хусусий капитал бошланғич қиймат миқдорига қўшилиши, тақчиллик эса — ундан айрилиши лозим. Корхонани тўғридан-тўғри капиталлаштириш усули билан баҳолаш натижасида ликвидли корхона қийматини ёки корхонадаги ликвидли акцияларнинг назорат (50 фоиздан ортиқ) пакетининг (улушнинг, пайнинг) қиймати олинади. Агар назорат пакети баҳоланаётган бўлмаса, назорат ҳуқуқларининг етишмаган қисмига чегирма қилиш лозим. Чегирма ПОД усулида қўлланган тартибда киритилади. 3-савол баёни. Фаолиятдаги корхонани баҳолашда қўлланиладиган капитал бозори усули таққосланадиган корхоналар акцияларининг бозор баҳосини қўллашга асосланади. Ушбу усулнинг ижобий томони шундаки, бу усулдан фойдаланганда тахминий (башорат қилинган)маълумотлар эмас, фақатгина аниқ маълумотлар қўлланилади. Бу усул қуйидаги босқичларда амалга оширилади: 1. Таҳлил олиб бориладиган корхона аниқланади. Ушбу усул 2 босқичдан иборат: маълумот тўплаш; таҳлил қилинадиган корхонани танлашда номзодларни аниқлаш. Бу жараён қуйидаги кўрсаткичлар орқали амалга оширилади: 1) ишлаб чиқарилаётган маҳсулот (ёки тармоқ) номенклатураси; 2) ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ҳажми ва сифати; 3) таҳлил даври; 4) ишлаб чиқариш қувватлари ҳажми ва ривожланиш босқичи; 5) корхонанинг ривожланиш стратегияси; 6) корхона жойлашган ҳудуд ва иқлимнинг ўзига хос хусусиятлари; 7) корхонанинг молиявий ҳолати. 2. Молиявий таҳлил ўтказилади ва маълумотлар таққосланади. Корхонада баҳолашнинг мақсади ва қўлланиладиган усулларга боғлиқ ҳолда қуйидагилар ўзгаради: 1) таҳлилнинг йўналиши – корхонадаги ўзгаришлар таҳлили ва баҳоланадиган санадаги ҳолатининг таҳлили; 2) таҳлилда қўлланиладиган кўрсаткичлар ва критерийлар (мол-мулк таркиби, рентабеллик, тўловга қобилиятлилик, ликвидлик, рентабеллик динамикаси, капитал таркиби ва ҳ.). Корхонада молиявий таҳлилни олиб боришда бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот асосий маълумотлар манбаи бўлиб ҳисобланади. Корхона ҳолатининг молиявий таҳлили молиявий ҳисоботларни ва жорий-молиявий коэффициентларни таҳлил қилиш орқали амалга оширилади. 3. Баҳоловчи мультипликаторларни танлаш ва ҳисоблаш. Мультипликаторлар, одатда маълум бир давр учун ёки баҳолаш санасига ҳисобланади. Корхонани баҳолашда энг кенг қўлланиладиган мультипликаторлар қуйидагилар: “баҳо/соф фойда” коэффициенти =корхона акцияларининг бозор баҳоси / соф фойда= (битта акциянинг бозор баҳоси* акциялар сони)/ соф фойда. “баҳо/ соф пул оқими” коэффициенти. Бу кўрсаткич корхона акцияларининг бозор баҳосини соф фойда ва амортизацион ажратмалар йиғиндисига нисбати билан аниқланади. “инвестицион капитал/тушум” коэффициенти хусусий капитал ва узоқ муддатли қарзлар йиғиндисининг солиқ тўлангунгача бўлган фойда ва фоиз тўловларига нисбати билан аниқланади. “баҳо/ дивидендлар”коэффициенти акциялар бозор баҳосининг тўланган дивидендлар қийматига нисбати билан аниқланади. “баҳо/тушум” коэффициенти акциялар бозор баҳосининг сотишдан тушган тушумга нисбати билан аниқланади. 4. Баҳоланаётган корхонага нисбатан мультипликаторларни қўллаш. 5. Корхонанинг охирги қийматига тузатишлар киритиш, агар талаб этилса. Фаолиятдаги корхонани баҳолашда қўлланиладиган шартномалар усули капитал бозори усулининг хусусий ҳолати бўлиб, таққосланадиган корхоналар акция пакетларини сотиб олиш баҳосини ва корхонани тўлиқ сотиб олиш баҳосини таҳлил қилишга асосланади. Таққосланадиган корхоналарна танлаб олиш, молиявий таҳлилни ўтказиш капитал бозори усулидаги каби ташкил этилади. Бу усулда молиявий таҳлил таққосланадиган корхоналарни аниқлаш ва қулай баҳоловчи мультипликаторларни аниқлаш учун қўлланилади. Одатда бу усулда “баҳо/ соф фойда” ва “баҳо/ баланс қиймати” мультипликаторлари қўлланилади. Капитал бозори усулида корхонани тўлиқ бошқариш имконини берувчи корхона акция пакети қийматининг даражасини аниқлашда қўлланилса, иккинчиси корхона баҳосини назорат қилинмайдиган акция пакети даражасида қўлланилади. 8-мавзу. Антиинқирозий молиявий бошқарувнинг ягона тизими Режа: Антиинқирозий молиявий бошқарувнинг умумий тизими. Антиинқирозий молиявий бошқарув алгоритми (кетма-кетлиги). Корхоналарда антиинқирозий молиявий бошқарувнинг ягона автоматлаштирилган тизимини жорий қилишнинг иқтисодий самарадорлиги.
1-савол баёни. Корхоналардаантиинқирозий бошқарув ва менежментга оид адабиётларни таҳлил қилиш натижасида антиинқирозий молиявий бошқарувнинг умумий тизимини яратишнинг қуйидаги схемаси яратилган (1-чизма). 1-чизмадан кўриниб турибдики, биринчи босқичда корхонанинг молиявий кўрсаткичлари, яъни инқироз майдонининг индикаторлари бўйича экспресс диагностикаси амалга оширилади ва корхона инқирозининг қай даражада чуқурлашгани аниқланади. Бунда 1-вариантда – енгил инқироз, 2-вариантда – чуқур инқироз, 3-вариантда – “молиявий ҳалокат” ташхиси қўйилиши мумкин. Агарда экспресс ташхис амалга оширилганда корхонада “молиявий ҳалокат” мавжуд деган хуслосага келинса, санацияга эҳтиёж туғилади. Агарда корхона чуқур инқироз ҳолатида деган хулосага келинса, унда банкротликни фундаментал ташхислаш, ундан кейин санацияни амалга ошириш-оширмаслик ҳақида қарор қабул қилинади. Агарда санацияга эҳтиёж бўлмаса, унда молиявий барқарорликнинг оператив механизмини ишга солиш талаб этилади.
1-чизма. Антиинқирозий молиявий бошқарувнинг умумий схемаси Агарда корхона енгил инқироз ҳолатига тушиб қолганлиги аниқланса, унда биринчи қаторда молиявий барқарорлик, яъни тўловга лаёқатлилигини таъминлаш учун оператив механизмни амалга ошириш лозим бўлади. Сўнгра молиявий мувозанатни таъминлаш мақсадида молиявий барқарорликнинг оператив механизмига таянилади. Худди шу тарзда чизмада келтирилган кетма-кетликда чора-тадбирлар амалга оширилади. 2-савол баёни.Корхонада келтирилган антиинқирозий молиявий бошқарув алгоритми корхоналарда тақдим этилаётган маълумотларнинг ўз вақтида, ишончли ва тайёр бўлишини таъминлайдиган махсус хизмат органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилиши керак. Ушбу ҳолат айниқса, молиявий экспресс ташхислаш ва оператив босқичда, яъни тўловга лаёқатлиликни таъминлаш жараёнида муҳим аҳамият касб этиб, бу жараён вақт ва ишончли маълумот каби омиллар муҳим ўринга эга бўлиши билан ажралиб туради. Дастлабки маълумотларни етказиб беришни тартибга солиш бизнеснинг шакли ва шартларига боғлиқ бўлади ва бу нарса бир ойда бир мартадан, кунига бир мартагача бўлиши мумкин. Юқорида келтирилган алгоритмнинг ҳар бир блокида уни алоҳида бўлим (ёки алоҳида масъул шахс) сифатида амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Чунки улар (бўлим, масъул шахс)нинг ҳар бирида ўзининг мақсади ва вазифалари, кирувчи ва чиқувчи маълумотларни тақдим этиш шакл ва турлари танланади. Одатда, ушбу алгоритм тегишли маълумотлар базаси орқали компьютер тармоғида амалга оширилиши лозим. Ҳар бир блокда маълумотларни яратиш ва уларни ўзаро алмашиш электрон шалкда амалга оширилади. Молиявий барқарорликнинг оператив, тактик, стратегик ва огоҳлантирувчи босқичларида нафақат корхонадаги иқтисодчилар билан, балки етакчи менежерлар ҳамда корхонанинг ривожланишига масъул бўлган раҳбарлар билан ҳамкорликда фаолият олиб бориш талаб этилади. Алгоритмнинг молиявий барқарорликни таъминлашнинг биринчи оператив босқичида агарда қисқа даврда пул маблағлари тушуми ҳажми корхонанинг кечиктириб бўлмайдиган молиявий мажбурият (қарз)лари ҳажмидан юқори бўлган бўлса, унда белгиланган мақсадга эришилган ҳисобланади. Молиявий мувозанатни таъминлашнинг иккинчи тактик босқичида агар шакллантирилган хусусий молиявий ресурслар ҳажми истеъмол қилинган хусусий маблағлар ҳажмидан ошса ёки унга тенг бўлса, қўйилган мақсадга эришилган ҳисобланади. Учинчи стратегик босқичда агарда корхонанинг иқтисодий ўсиш даражаси кузатилаётган узоқ муддатли даврда корхона бизнес баҳосининг ўсиши билан пропорционал бўлса, белгиланган мақсадга эришилган ҳисобланади. 3-савол баёни. Корхоналарда антиинқирозий молиявий бошқарувнинг ягона автоматлаштирилган тизимини жорий қилишнинг иқтисодий самарадорлигини аниқлашда, аввало самарадорлик тушунчасига тўхталиб ўтиш лозим. Иқтисодиётдаги замонавий ўзгаришлар, шунингдек, молиявий ва инновацион менежментда иқтисодий самарадорликни баҳолашнинг қуйида келтирилган усул ва моделларидан фойдаланиш мумкин. Самарадорликни баҳолашнинг умумий тамойили сифатида натижа ва харажатларни таққослаш тамойили қўлланилади: С = натижа миқдори / харажатлар миқдори Ушбу технологияни қўллашдан олинадиган натижа (самара) қуйидаги шаклларда бўлиши мумкин: Иқтисодий (иқтисодий кўрсаткичлар асосида баҳоланади); Илмий-техник (илмий янгилиги, соддалиги, бошқариш технологиясининг фойдалилиги эксперт баҳолаш усули орқали аниқланади); Ресурсларга асосланган (фойдаланилган ресурслар: молиявий, моддий, меҳнат, информацион, вақтнинг самарадорлиги баҳоланади); Ижтимоий (ижтимоий самара: иш ҳақининг оширилиши, бандлик, турмуш даражаси, малака даражаси ва б. баҳоланади); Экологик (агар бошқарув технологиясида экологик самарадорлик кузатилса, у баҳоланиши мумкин). Самарадорликни аниқлашда кўпгина ҳолатларда у ёки бу чора-тадбирлар бўйича рентабелликни аниқлаш талаб этилади. Хорижий давлатларда рентабеллик даражасини ҳисоблашда кўпгина ҳолатларда инвестицияларни миқдорий таҳлил қилишнинг биринчи қадами сифатида фойдаланилади. Кейиги таҳлилларда келажакда ички даромадлилик даражаси 15-20 фоиздан паст бўлмаган инновацион лойиҳаларгина танлаб олинади. 9-мавзу. Корхона молиявий ҳисоботларидаги коэффициентлардан фойдаланиб инқирозли ҳолатларнинг олдини олиш Режа: Молиявий ҳисоботларда акс эттириладиган коэффициентлар асосида корхона фаолияти самарадорлигини таҳлил қилиш. Молиявий коэффициентларнинг ўзаро боғлиқлиги. Молиявий левериж орқали қарз маблағларидан самарали фойдаланиш.
1-савол баёни. Молиявий ҳисоб ва бухгалтерия ҳисобининг асосий принциплари ва амалий нормалари ўртасидаги мавжуд фарққа қарамай, фирманинг молиявий ҳисоботларида унинг молиявий аҳволи, ўтмишдаги хўжалик фаолияти самарадорлиги тўғрисида маълумотлар бўлади ва улар раҳбарларга компаниянинг бўлажак ишини таҳлил қилиш ва истиқболларини белгилашда, албатта, асқотади. Компаниянинг молиявий ҳисоботлари асосида компания фаолиятининг молиявий натижаларини таҳлил қилишда бир қатор махсус коэффициентлардан фойдаланилади ва бу коэффициентлар ёрдамида турли компаниялар кўрсаткичларини ёки битта компаниянинг турли йиллардаги кўрсаткичларини таққослаш мумкин. Мазкур коэффициентлардан фойдаланиб, фирма фаолияти самарадорлигининг қуйидаги бешта асосий жиҳатларини таҳлил илиш мумкин: Рентабеллик; Активларнинг айланувчанлиги; Ўз маблағи ёки қарз олинган маблағлардан молиялаштириш ёки молиявий “дастак” (молиявий левериж); Ликвидлик; Бозор қиймати (баҳоси). 1-жадвалда ушбу коэффициентларнинг барчаси ва “XYZ”корпорацияси учун уларни ҳисоблаб чиқариш мисоллари кўрсатилган. Жадвалда биринчи бўлиб, рентабеллик (ёки даромадлилик) коэффициенти келтирилган. Таҳлил давомида фирма сотиш рентабеллиги коэффициентини, унинг активлари рентабеллиги ёки капитал даромадлилигини аниқлаш мумкин. Биринчи ва иккинчи ҳолатда фойда кўрсаткичи сифатида фоизлар ва солиқларни тўлашдан олдинги корпорация фойдаси олинади (EBIT), охирги ҳолатда эса – соф фойда олинади. Бундан ташқари, агар молиявий коэффициентни ҳисоблаб чиқиш учун асос бўладиган битта кўрсаткич компания фаолиятининг молиявий натижалари тўғрисидаги ҳисоботдан олинган бўлса, демак маълум даврни ифодалайди. Иккинчи компонент эса балансдан олинади ва компаниянинг маълум вақтдаги молиявий аҳволини акс эттирса, у ҳолда, одатда, йил охири ва йил бошидаги баланс кўрсаткичларининг ўртача арифметик сони (қиймати) ҳисоблаб чиқа-рилади ва бу сон махраж сифатида ишлатилади. Бундан кейин жадвалда активлар айланувчанлиги коэффициенти келади. Улар ёрдамида фирма даромад олиш мақсадида ўз активларидан қанчалик самарали фойдаланаётганини аниқлаш мумкин. Активлар айланувчанлиги – бу умумий мезон. ДEBITорлик қарзи айланувчанлиги ва товар-моддий захиралар айланувчанлиги эса тегишли тоифадаги активларни баҳолаш учун қўлланиладиган махсус мезонлардир. Кейин жадвалда молиявий “дастак” коэффициентлари санаб ўтилган бўлиб, улар фирма капитали тузилмасини ва фирманинг кредиторлар олдида қарздорлиги даражасини акс эттиради. Қарздорлик коэффициенти капитал тузилмасини ўлчашга хизмат қилади. Фоизларни қоплаш коэффициенти ёрдамида эса фирманинг фоиз тўловлари бўйича харажатларни кўтара олиш қобилиятини ўлчаш мумкин. 1-жадвалдаги тўртинчи гуруҳ коэффициентлари ликвидлик коэффициентларидан ташкил топган. Бу коэффициентлар фирма ўзининг қисқа муддатли мажбуриятлари билан боғлиқ харажатларни қоплашга, ёки ўз ҳисоб варақлари бўйича тўлашга ва шундан кейин тўловга қодир бўлиб қолишини баҳолаш учун ишлатилади. Ликвидлик даражасини баҳолашга хизмат қиладиган асосий коэффициентлар – бу жорий ликвидлик коэффициенти ва анча аниқроқ ҳисобланадиган критик баҳолаш коэффициентлари (ёки лакмус қоғоз коэффициенти) бўлиб, улар ёрдамида энг юқори ликвидликка эга айланма активлар: пул маблағлари ва бозор қимматли қоғозлари баҳоланади.