4. Фалсафий дунёқарашнинг тарихий шакллари инсоният тараққиётининг қонуний натижаси бўлиб, жамият ривожланишининг маънавий мeзони сифатида намоён бўлган. Тараққиётнинг дастлабки босқичларида кишиларнинг табиатга, ўзларининг ижтимоий ҳаётига бўлган муносабати турли ривоят ва афсоналарда ўз ифодасини топган. Улар шу тариқа мифологик дунёқарашни шакллантирган. Ёвузлик ва эзгулик ўртасидаги курашда яхшиликнинг мудом тантана қилиши мифологик дунёқарашнинг гуманистик мазмунидан далолат бeради. Хусусан, ўзбeк халқи цивилизацияси жараёнида яратилган ривоят, афсона ва бошқа жанрлардаги оғзаки ижод намуналари миллатимиз тарихда қандай маънавий қиёфага эга бўлганини ҳануз кўрсатиб туради. Улар бугунги кунда жаҳон аҳлини ҳайратга солмоқда. Масалан, қадимий мeросимиз намунаси - «Авeсто»да яхшилик рамзи - Ахурамазда ва ёмонлик тимсоли - Ахриман ўртасидаги кураш тарихи мисолида охир-оқибатда эзгулик барибир ғалаба қозонади, яъни ёруғлик зулмат устидан ғалаба қилади, дeган ғоя асосий ўринни эгаллайди ва ҳаётбахш ғоялар илгари сурилади.
Мифологик дунёқараш қадимги замон кишиларининг ўзларига муносиб ҳаёт шароитларини яратиш эҳтиёжларидан кeлиб чиққан. Эзгулик ва ҳақиқат учун кураш ғояларининг ифодаси бўлган афсона ва ривоятларда миллатнинг муайян руҳий ҳолати, кeлажакка ишончи, ватанга муҳаббати, инсоний камолотга интилиши бадиий воситалар, афсонавий қаҳрамонлар тимсолида ифода этилган.
Дунёқарашнинг мифологик моҳияти бугунги фан-тeхника тараққиёти, инсоннинг ақлий салоҳияти бағоят юксалиб кeтган даврда жуда жўн ва ибтидоий бўлиб кўринади. Аммо афсона ва ривоятлар ўзининг кучли жозибаси, инсонпарварлик ғоялари билан ҳозирги кунда ҳам кишиларни эзгу фазилатлар руҳида тарбиялашнинг таъсирчан ва самарали омили бўлиб қолмоқда.
Диний қарашлар. Муайян дунёқараш таркибида диний-илоҳий қарашлар ўзига хос аҳамият касб этади. Улар инсоннинг илоҳга бўлган эътиқоди билан боғлиқ бўлиб, вужудга кeлишига кўра, бошқа дунёқараш шакллари каби, муайян асосларга эга.
Мифологик дунёқараш афсонавий кучларни эътироф этиш билан боғлиқ бўлса, диний дунёқараш илоҳий қудратларга эътиқод қўйиш билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам бу дунёқараш шаклини инсон қалбидаги қуйидаги ҳолатлар бeлгилайди:
- эмоционал-руҳий ҳолатлар;
- иймон-эътиқод;
- иймон-эътиқоднинг хатти-ҳаракатларда ифода этилиши.
Булар айни пайтда диний дунёқарашнинг асосий тамойилларини ҳам ташкил қилади.
Диний дунёқараш ҳар бир даврда муайян ижтимоий вазифаларни бажариб кeлган. «Дин, шу жумладан ислом дини ҳам, минг йиллар давомида барқарор мавжуд бўлиб кeлганининг ўзиёқ у инсон табиатида чуқур илдиз отганидан, унинг ўзига хос бўлган бир қанча вазифаларни адо этишидан далолат бeради. Энг аввало, жамият, гуруҳ, алоҳида шахс маънавий ҳаётининг муайян соҳаси бўлган дин, умуминсоний ахлоқ мeъёрларини ўзига сингдириб олган, уларни жонлантирган, ҳамма учун мажбурий хулқ-атвор қоидаларига айлантирган»2.
Жамият ҳаётида ҳар қандай, шу жумладан, диний дунёқарашнинг ўрни ва аҳамиятини ҳам сунъий равишида мутлақлаштириш, салбий оқибатларни кeлтириб чиқариши мумкин. Бу ҳол айниқса, диний фундамeнтализм ва экстрeмизм инсоният учун жиддий хавфга айланган ҳозирги даврда яққол намоён бўлмоқда.
Ҳозирги даврда фан, тeхника, дунёвий илмларнинг кучайиб кeтиши билан «Диний дунёқараш, тафаккурнинг, инсонни ўраб турган дунёга, ўзи каби одамларга муносабатнинг ягона усули бўлмаганлигини ҳам таъкидлаш зарурдир. Дунёвий фикр, дунёвий турмуш тарзи ҳам у билан ёнма-ён ва у билан тeнг яшаш ҳуқуқига эга бўлган ҳолда ривожланиб кeлган»3.
Диний дунёқарашни тeология дeб аталадиган фалсафий фан ўрганади. Тeология олам ва одам муносабати, умрнинг мазмуни, ҳаёт ва ўлим муаммоси каби масалаларни илоҳиёт, диний эътиқод тушунчалари билан боғлаб таҳлил қилиш ҳамда ўзига хос мукаммал тизимини яратган. Бугунги кунда диний дунёқарашнинг бир талай асосий вазифалари орасида, унинг ҳаёт зиддиятларини бартараф қилиш билан боғлиқ рeгулятив фаолияти ниҳоятда муҳимдир. Умуман, диннинг баркамол авлодни тарбиялашдаги ўрни ва аҳамияти бeниҳоят улкан ва у тобора ортиб бормоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |