2.Бюджетга солиқ ва йиғимлар бўйича ҳисоб-китобларни текшириш.
Давлат бюджети - бу иқтисодиётнинг ривожланишига, мудофаа, ишлаб чиқаришга тааллуқли бўлмаган жабҳалар, таълим ва маданият, давлат бошқаруви идоралари ва бошқа мақсадларга ишлатиладиган марказлаштирилган пул жамғармасидир. Ўзбекистон Республикасида тўловлар суммаси тўғри ҳисобланиши ва бюджетга ўз вақтида ўтказилиши устидан қатъий назорат қилувчи кучли солиқ хизмати ташкил этилган.
Корхонада бюджет билан ҳисоб-китоблар аудитининг асосий мақсади солиқ ва йиғимларнинг барча турлари бўйича ҳисоблар тўғри ташкил этилиши, улар тўлиқ ва ўз вақтида бюджетга ўтказилиши, солиқ тўловларининг кечиктириш сабаблари ва боқимандалар қайси счетларга ўтказилганлиги, маблағлар ўз вақтида ўтказилмаганлигига айбдор шахсларга нисбатан ва йўл қўйилган камчиликларни олдини олиш учун қандай чоралар кўрилганлигини аниқлашдан иборатдир. Бюджет билан ҳисоб-китобларни текширишда аудитор хўжалик юритувчи субъектга солиқ ва йиғимлар нотўғри ҳисобланиши ҳамда улар ўз вақтида бюджетга ўтказилмаганлиги учун солиқ идоралари томонидан кўриладиган жарима ва бошқа чоралари билан боғлиқ бўлган молиявий йўқотишларни олдини олишга ёрдам бериши лозим.
Корхона қайси солиқлар ва йиғимлар бўйича бюджет билан ҳисоб-китоб қилаётганлигини аниқлаш керак. Солиқ идоралари ва бошқа назорат олиб борувчи идоралар томонидан ўтказилган текширув ҳужжатлари ва якунлари билан танишиб чиқиш лозим, зеро бу олдинги даврда йўл қўйилган хатоликлар тавсифини аниқлаш ва чуқур текширув учун объектларни белгилаш имкониятини яратади.
Фойдадан (даромад) солиғи, ҚҚС, мулк солиғи, ер солиғи бўйича бюджет билан ҳисоб-китоблар ва давлатнинг мақсадли жамғармаларига ажратмалар синчковлик билан текширилади, чунки ушбу тўловларнинг бюджетга тўланадиган барча тўловлар ва йиғимлар таркибидаги нисбати каттадир, шунингдек, солиқ қонунчилигига риоя қилмаслик ва бунинг оқибатида келиб чиқадиган молиявий жазолар (жарима, боқимандалар) ўрганиб чиқилади. Агар корхона ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланса, экспорт-импорт операциялари тўғри солиққа тортилганлиги ҳам текширилади.
Аудитор солиқларни уларнинг манбаларига, яъни фойдага, давр харажатларига, сотувни камайтиришга тўғри ўтказилганлигини текшириши лозим.
Текширув жараёнида солиқлар ва йиғимларнинг барча турлари бўйича ҳисобот даврининг охирига айланмалар ва қолдиқ тўғри чиқарилганлиги аниқланади. Бунинг учун тўловларнинг ҳар бир тури бўйича таҳлилий ҳисоб кўрсаткичлари журнал-ордерлар ва ҳисобнинг бошқа регистрлари, Бош китоб ва баланснинг 6400, 6500-сонли счетлари гуруҳи маълумотлари билан солиштирилади.
Текширув вақтида аниқланган камчилик ва хатоликлар аудиторнинг ишчи ҳужжатларида ва аудиторлик ҳисоботида қайд этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |