3.Асосий воситаларга эскириш ҳисоблаш тўғрилигини текшириш. Эскириш – бу асосий воситалар қийматини, ҳисобот даври давомида тизимлашган услубда, босқичма – босқич ишлаб чиқарилган маҳсулот (ишлар, хизматлар) қийматига ўтказишдир.
Асосий воситаларга эскириш ҳисоблашни аудит текширувидан ўтказаётганда аудиторнинг вазифаси асосий воситаларга нисбатан эскиришни ҳисоблаш усуллари тўғри қўлланилганини текшириш ва тасдиқланган меъёрларига риоя қилинаётганини назорат қилишдан иборат. Асосий воситалар объектлари бўйича ҳар ойда эскириш ҳисобланишининг тўғри амалга оширилганлиги катта аҳамиятга эга. Чунки эскириш меъёрларининг билмаган ҳолда ёки атайин белгиланган нормадан ошириш ёки камайтириш маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархини нотўғри аниқлашга, бинобарин, олинган фойда ва бюджетга тўловлар миқдорларини нотўғри ҳисоблашга олиб келади.
Амортизация ажратмаларининг меъёрлари ҳар бир инвентар объектнинг дастлабки қийматига нисбатан белгиланган фоиз ҳисобида аниқланади. Уларнинг бир ойлик меъёри бир йиллик меъёрнинг 1/12 миқдорида белгиланади.
Асосий воситаларнинг янгиланишида корхоналар ва ташкилотларнинг манфаатларини ошириш мақсадида уларнинг фаол қисми (машина, ускуна, транспорт воситалари) бўйича тезлаштирилган эскириш меъёрлари қўлланилади, яъни, ушбу маблағларнинг дастлабки қиймати ишлаб чиқариш ва муомала харажатларига, эскириш бўйича кўзда тутилган меъёрлардан ташқари қисқароқ вақтда тўлиқ ўтказилиши мумкин. Бунинг учун корхоналарга эскириш меъёрларини кўпи билан икки маротаба ошириш рухсат этилган.
Эскириш ҳисобланишини текширганда аудитор фойдаланиш муддатларини ўтаб бўлган ва эскириш тўлиқ ҳисобланиб бўлган асосий воситалар бўйича ҳисобланган эскиришни ҳам текширади.
Аудитор танлаш усулида ҳисобланган эскириш бўйича қайдномаларни текширади. Бунинг учун у Бош китобдаги асосий воситалар эскириши бўйича счетлардан ҳисобланган эскириш бўйича энг кўп фарқлар бўлган ойни танлаб олади. Аудитор бунинг асосланганлигини текширади. Агар эскириш нотўғри ҳисобланганлиги ҳоллари мавжуд бўлса, айбдор шахслар ва сабаблари, шунингдек, ушбу омиллар харажатларга ва фойдага таъсири аниқланади.
Агар корхонада тезлаштирилган эскириш қўлланилса, аудитор у тўғри ҳисобланганлиги ва қўлланилганлигини текширади, чунки тезлаштирилган эскириш асосий воситаларнинг фақат фаол қисми учун қўлланилиши мумкин, бунда меъёр икки баробардан юқори кўтарилиши мумкин эмас.
Жорий ижарага берилган асосий воситалар бўйича эскириш ижарага берувчи томонидан ҳисобланади.
Асосий воситалар бўйича ҳисобланган эскириш суммаси уларнинг ишлатиш жараёнида эскирганлигини кўрсатади, шунинг учун, бухгалтерияда асосий воситалар эскириши кўпайганлиги ва шу вақтнинг ўзида корхона харажатлари кўпайганлиги тўғрисида ёзув амалга оширилади.
Аудит ўтказиш жараёнида эскиришни ҳисоблашда асосий воситаларнинг барча объектлари ҳисобга олинганлиги, асосий воситалар ҳаракати ҳисобга олинган ҳолда эскириш ҳисоболанганлиги, эскириш меъёрлари тўғри қўлланилганлиги текширилади.
Ер участкаларига амортизация ҳисобланмайди. Шунингдек қуйидаги асосий воситалар бўйича амортизация ҳисобланмайди:
а) маҳсулдор қорамоллар; б) кутубхона фондлари; в) ҳокимиятларга бўйсунадиган ободонлаштириш иншоотлари; г) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда консервациялашга ўтказилган фондлар; д) музей қимматликлари; е) архитектура ва санъат ёдгорликлари; ж) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари; з) тўлиқ амортизацияланган асосий воситалар.
Асосий воситалар объектлари бўйича эскириш, ушбу объект бухгалтерия ҳисобига олинган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб ҳисобланади ва ушбу объектнинг қиймати тўлиқ қоплангани ёки хусусий эгалик қилиш ҳуқуқи ёки бошқа мулк ҳуқуқи тугатилгани муносабати билан бухгалтерия ҳисобидан чиқарилгунгача қадар давом этади.
Асосий воситалар объектлари бўйича эскиришни ҳисоблаш ушбу объект бўйича эскириш тўлиқ қопланган ёки у бухгалтерия ҳисобидан чиқарилган ойдан кейинги ойнинг биринчи куни тўхтатилади.
Асосий воситалар объектлари бўйича ҳисобланган эскириш бухгалтерия ҳисобида у тегишли бўлган ҳисобот даври бўйича акс этилади ва корхона ушбу ҳисобот даврида фаолият натижалари қандай бўлганлигидан қатъи назар ҳисобланади.
Асосий воситалар объектлари бўйича ҳисобланган эскириш бухгалтерия ҳисобида акс этилиши тегишли суммалар алоҳида счетда жамлаш йўли билан амалга оширилади.
Стандарт кучга киритилгунга қадар фақат бир хил, яъни тўғри чизиқли усул қўлланилар эди. 1999 йил 1 январдан бошлаб эскиришни ҳисоблаш бўйича қўшимча равишда қуйидаги усуллар жорий этилган:
1) эскириш ҳисобланишининг бир текисда (тўғри чизиқли) усули; 2) эскиришни ишлаб чиқарилган маҳсулот, бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб ҳолда ҳисоблаш усули (ишлаб чиқариш); 3) камайиб борувчи қолдиқ усули; 4) фойдали ишлатилган йиллар йиғиндиси бўйича қийматни ҳисобдан чиқариш (кумулятив усули).
Ҳисобланган эскириш суммаси эскириш ажратмалари кўринишида мунтазам равишда бутун фойдали ишлатиш ёки меъёрий хизмат қилиш муддати давомида субъект харажатларига тақсимланади.
Турли хил асосий воситалар учун эскириш ҳисоблашнинг турли хил усулларини қўллаш мумкин. Бунда асосий воситаларнинг бир турига фақат бир хил эскириш ҳисоблаш усулини қўллашга йўл қўйилади.
Эскиришни ҳисоблаш учун танлаб олинган усул ҳисоб сиёсатида белгиланиши ва бир ҳисобот давридан иккинчи ҳисобот давригача қўлланилиши ҳамда йил давомида ўзгартирилмаслиги лозим.