3-маъруза машғулоти
1.Тайёр маҳсулот ва товарларни йўқлама (инвентаризация) қилиш тартиби ва уларни натижалари тўғри расмийлаштирилганлигини текшириш.
Тайёр маҳсулотнинг ва товарларни ҳақиқатда мавжудлигини аниқлаш, уларнинг соф сотиш қийматини тасдиқлаш ва уларнинг бут сақланишини назорат қилиш мақсадида ташкилотлар томонидан вақти - вақти билан, лекин йилда камида бир маротаба товар-моддий заҳираларни инвентаризацияси ўтказилади.
Ресурслар, моддий бойликлар инвентаризациясини бошлашдан олдин назоратчилар моддий жавобгар шахсга инвентаризациягача бўлган ҳамма кирим ва чиқим бошланғич ҳужжатларини ҳисоб регистрларига ўтказилиши, кейин қолдиқлар асосида ҳисобот туздириб, хўжалик бухгалтериясига топширишни таъминлашлари ҳамда моддий жавобгар шахсдан ҳамма ҳужжатлар ва кирим ёки чиқим қилинмаган моддий бойликлар жойида эканлиги тўғрисида тилхат олишлари шарт. Тилхатни бевосита ҳисоботига ёки алоҳида вараққа ёзиши мумкин. Кейин моддий жавобгар шахс томонидан олинган бошланғич ҳужжатлар форма ва мазмунига кўра, диққат билан текшириб чиқилади. Бунда белгиланган тартибда тўлдирилмаган ҳужжатлар ва бошқа кишилардан олинган тилхатлар эътиборга олинмайди.
Моддий жавобгар шахс ҳисобидаги моддий бойликлар қолдиқлари бухгалтерия ҳисоби маълумотлари билан таққосланиб кўрилади. Агарда бу маълумотлар орасида фарқ бўлса, хўжалик бош бухгалтери орқали унинг сабаблари аниқланади ва моддий бойликларнинг инвентаризация бошланиш вақтигача бўлган қолдиғи аниқ ҳисоблаб чиқилади. Бу маълумотлар инвентаризация натижалари билан солиштириб кўриш учун фойдаланилади.
Ресурслар инвентаризациясини ўтказишни ташкил қилишда хазина, омбор биноси ва текшириш лозим бўлган объектлар жойлашган бошқа биноларни олдиндан тайёрлаш, столлар, стеллажларни тартиб билан жойлаштириш, текширилган ресурслар учун жой очиш, зарур ҳолларда биноларни ёритиш ва иситишни яхшилаш муҳим аҳамиятга эга. Инвентаризацияда қатнашувчи ишчилар ва комиссия аъзолари инвентаризация ўтказиш тартиб қоидалари билан таништирилган, уларга керакли инструктажлар берилган бўлиши керак.
Инвентаризация пайтида текширилаётган объектда моддий бойликларни қабул қилиб олиш ва чиқариш операцияларини тўхтатиш лозим ёки инвентаризация натижаларининг объективлигини ҳамда ишлаб чиқариш жараёнининг узлуксизлигини таъминловчи алоҳида режимни қўллаш зарур. Ана шу ташкилий ишлар амалга оширилгач, бевосита моддий бойликлар инвентаризациясини бошлашга киришиш мумкин.
Инвентаризациянинг тўлиқлигини ва объективлигини таъминлаш учун моддий жавобгар шахс комиссияга жавобгарлигидаги мавжуд ҳамма моддий бойликларни кўрсатиши лозим. Бунда моддий жавобгар шахснинг ўзига, бошқа бирор шахсга ёки бошқа хўжаликка тегишли, лекин тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган моддий бойликлар текширилаётган хўжаликники деб ҳисобланади ва хўжалик ҳисобига кирим қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |