Ижтимоий меъёр жамият бошқарувининг ажралмас қисми бўлиб, шахс ёки ижтимоий гуруҳ хулқ-атворини муайян ижтимоий мухитга мослаштирувчи қоидалар мажмуидир. Ижтимоий меъёрнинг бир неча турлари мавжуд бўлиб, ҳуқуқий, ахлоқий, диний ҳамда урф-одатларга оид меъёрлар шулар жумласидандир.
Ижтимоий меъёрнинг афзаллиги шундаки, ёшлигиданоқ муайян меъёрларга мослаштириб борилган шахслар кўпчилик томонидан қабул қилинган тамойиллар доирасидан четга чиқмайди ва бошқалардан ҳам шуни кутади. Жамият тараққий этиб борган сари ўрнатилган меъёрлар ҳам эскириб боради ва янги меъёрлар ўрнатилади. Янги меъёрларни ўрнатиш жараёни жамиятда ўрнатилган мавжуд меъёрлар доирасини кенгайтириш ва ўзгартишдан иборатдир.
Жамият тараққиётига хизмат қилмасдан, балки унга тўсиқ бўлувчи меъёрдан оғиш ҳолатлари ҳам мавжуд бўлиб, социологияда бу нарса «девиантлик ҳолатлари», ундан туғилувчи хулқ-атворни «девиант хулқ-атвор» деб номланади.
Девиант хулқ-атвор - жамиятда ўрнатилган ахлоқ меъёрларига мос келмайдиган инсоний фаолият ёки хатти-ҳаракат, ижтимоий ҳодиса бўлиб, ёлғончилик, дангасалик, ўғирлик, ичқиликбозлик, гиёхвандлик, ўз жонига қасд қилиш ва бошқа кўплаб шу каби ҳолатлар ушбу хулқ-атвор хусусиятлари ҳисобланади. Девиант хулқ деганда, қуйидагилар назарда тутилади:
а) жиноятчилик. Муайян давлатда ўрнатилган қонун ва меъёрларга нисбатан айрим шахсларнинг салбий муносабати жиноий фаолият, мазкур шахс эса жиноятчи ҳисобланади.
б) ичкиликбозлик. Бу борада илмий адабиётларда бир неча таснифлар мавжуд: 1) Алкоголни хар-хар замонда истеъмол қилиш. 2) Алкоголни кўп истеъмол қилиш - спиртли ичимликларни мунтазам, яъни хафтада бир мартадан бир неча мартагача ёки, бирваракайига ўртада танаффус билан кўп микдорда (200 мл. дан ошиқ) Бу кўпинча алкоголизмга олиб келади. 3) Алкоголизм - спиртли ичимликларга патологик (муттасил) ўрганиб қолиш билан тавсифланувчи касаллик.
в) гиёхвандлик. Гиёхванд ёки унга тенглаштирилган воситаларга доимий ружу қўйиш ва тиббий кўрсатмаларсиз истеъмол қилиш.
г) фохишабозлик. Фанда расмий никохсиз жинсий алоқа иккита турга бўлиб ўрганилади: 1. Конкубинат - никохсиз бирга яшаш. 2. Фохишабозлик - пул учун ўз танасини сотиш. Ғарбда асосан иккинчиси қоралансада, Шарқда иккала ҳолатга ҳам меъёрдан оғиш сифатида каралади.
Булардан ташқари, халқимизда махаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, боқимандачилик каби салбий ҳолатлар ҳам меъёрдан чекинишнинг диққатталаб кўринишларидан ҳисобланади.
Девиант хулқ-атвор бир шахснинг салбий хулқ-атвордан иборат фаолиятини, шунингдек, муайян гуруҳнинг оғма хулқ-атворларини ҳам ифодаловчи тушунчадир.
Маълумки, ижтимоий меъёрлар ва улардан чекинишлар хақидаги қарашлар инсоннинг ижтимоийлашув жараёни билан бир вактда пайдо булган. Қадимги халқларнинг диний-мифологик тасаввурлари, хусусан Миср, Хиндистон ва Хитой диний қонун-қоидаларидаги ахлоқий меъёрлар бу соҳадаги дастлабки қарашлар эди. Ушбу «қонунлар»да барча ҳуқуқлар инсонга худолар томонидан берилади ва қонун бузувчиларни худолар жазолайди, деб ҳисобланган. Бундай қарашлар дастлаб юнон ва Рим файласуфлари асарларида ўз ифодасини топди.
Ўрта асрларда ахлоқ меъёрлари диний қарашлар таъсири остида ривожланди ва улардан чекиниш диний нуқтаи назардан баҳоланган. Европада христиан дини барча соҳада хукмронлик қилган бўлса, шарқ дунёсида ахлокий-ҳуқуқий меъёрлар ва улар хақидаги таълимотлар ислом фалсафаси таъсирида ривожланди.
XVII-XVIII асрларга келиб, Европада жамият ривожининг кучайиши, ахлоқ меъёрларининг христианча талаблари доирасига сиғмай қолди. XVIII аср мутафаккирлари ижтимоий меъёр ва ундан чекиниш муаммосини янада чуқурроқ таҳлил қилдилар. Ш.Л. Монтескье, Ж.Ж. Руссо, Ч. Беккариа, К. Гельвеций, Д. Дидро, П. Гольбах, Морелли ва Ш. Фурьелар ўз илмий изланишларида ижтимоий меъёрлар, қадриятлар учун умумий бўлган қонуниятларни топишга интилдилар.
XIX аср охирларида табиий фанларда эришилган илмий ютуқлар ижтимоий фанлар тараққиётига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Хусусан, социологияда ижтимоий меъёрдан оғиш ҳолатларини тушунтирувчи дастлабки таълимот, Э.Дюркгеймнинг «аномия» ғояси эди. Э. Дюркгейм фанга ўзи киритган «аномия» атамаси орқали қонунчиликни, қонунларни тан олинмаслиги ва уларга амал қилинмасликни тушунади. Бу ғояни замонавий илм-фанда П.Солис, М.Клайнерд ва бошқалар ривожлантириб келишмоқда.
Америка социологиясида катта ўрин тутувчи таълимотлардан бири Э.Сатерленднинг дифференциал алоқалар таълимотидир. Бунга кўра, ҳар қандай хулқ-атворга, шу жумладан девиант хулқ-атворга ҳам ўрганилади, яъни мавжуд жамият аъзолари томонидан мазкур хулқ-атвор бошқаларга ўргатилади.
Девиант хулқ-атвор муаммоларини таҳлил қилишда Р. Мертон ишлаб чиққан таълимот социологияда етакчи ўрин тутади. Э. Дюркгеймнинг аномия ғоясини ривожлантириб, Мертон девиант хулқ-атворга қуйидагича таъриф беради: «Девиант хулқ-атвор жамиятда эълон қилинган қадриятлар ва расмий хулқ-атвор стандартлари билан аҳоли хулқ-атвор мотивлари ҳамда мавжуд имкониятларининг бир бирига мос келмай қолиши натижасидир».
Шахсларда юз берувчи девиант ҳолатларни пайдо бўлиши, шаклланиши ва ривожланишида муҳим аҳамиятга эга бўлган учта омилни кўрсатиш мумкин. Булар шахс хусусиятлари, муаммоли ҳолат ва ижтимоий назорат институтлари. Айнан мана шу омиллар шахснинг қандай фаолият юритишини белгилаб беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |