Ўлчов ва ўлчаш бирликлари тўғрисидаги бир қатор маълумотлар буюк хоразимлик олим Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Мусо Ал-Хоразмий алгебраик рисоласининг «Ўлчашлар ҳақида» деб аталадиган ва геометрия (хандаса)га доир қисмида келтирилган. Олим бунда узунлик, юза ва ҳажмларни ҳисоблаш ва ўлчаш усуллари билан топишга катта аҳамият берган. Унда таноб (39,9 м; 60 х 60 кв. газ), газ (0,71 м), бармоқ (20,8 – 22,8 мм) каби ўлчаш бирликлари ва ўлчов ёғочи -каби ўлчаш воситалари тўғрисида яхши маълумотлар берилиб, уларни амалда қўллашнинг йўл-йўриқлари кўрсатилган. Хоразмий «Қуёш соатлари тўғрисида рисола» асарида ҳам метрологиянинг вақтларни ўлчаш соҳасига муносиб ҳисса қўшган. Улуғ олим Аҳмад Фарғоний дунёда биринчи бўлиб (861 йили) сув сатҳини ўлчайдиган асбоб кашф этган ва уни ясаб амалда қўллаган. У «Қуёш соатини ясаш ҳақида китоб» асарини ҳам ёзиб, метрология соҳасининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшган.
Буюк алломалар Абу Райҳон Беруний ва Абу Али Ибн Синолар томонидан яратилган асарларда жуда кўплаб ўлчаш бирликлари келтирилган. Уларнинг кўпчилиги ҳозирги кунда ҳам ўз кучини йўқотмаган.
Ибн Синонинг энг машҳур асарларидан бири "Тиб қонунлари" ҳозирги кунда ҳам минг-минглаб мутахассисларнинг қўлланмаси бўлиб келмоқда. Асардаги ҳар турли дори-дармон ва малҳамларни тайёрлаш учун тавсия этилган миқдор ва ҳажм бирликларидан ғарб ва шарқ давлатларида узоқ даврлар давомида фойдаланиб келинди.
Бобокалон шоирмиз Юсуф Хос Ҳожибнинг туркий тилда 1069 йили ёзилган «Қутадғу билиг» асарида ўлчов ва ўлчаш бирликларинигина эмас, балки ўлчаш ва иёр ишларига тегишли билимларни ҳам мукаммал билишга даъват этилган. Бу иборадаги «иёр иши» атамаси металл софлигини синаш, бозордаги тош ва тарозиларнинг тўғрилигини, муомаладаги олтин ва кумуш пулларнинг софлиги ва оғирлигини кузатиб туриш каби ишларни бажариш маъноларини билдиради.
Метрология ва ўлчашлар назариясининг ривожланишида Fарб олимларининг ҳам ҳиссалари каттадир. Галилео Галилей, Николай Коперник, Исаак Ньютон, Паскаль, Дмитрий Менделеевларнинг метрологиянинг фан сифатида шаклланишидаги хизматлари жуда салмоқли.
Электр ҳодисаларини ўрганиш, электр ўлчаш асбобларининг пайдо бўлишига сабаб бўлди. 1745 йилда М.В.Ломоносовнинг сафдоши, акад. Г.В.Рихман биринчи бўлиб электр ўлчаш асбобини яратди. «Электр кучи кўрсаткичи» – деб нотўғри номланган бу асбоб аслида потенциаллар фарқини ўлчовчи электрометр эди.
XVIII-асрнинг охирида А.Вольта ва Л.Гальвани томонидан электр токи ихтиро этилгандан кейин уни ўлчаш ва ўлчаш асбобларини яратиш масаласини ечишга тўғри келди.
1820 йилда А.Ампер биринчи бўлиб магнит милига ўтказгичдаги ток таъсирини кўрсатувчи – гальванометрни намойиш этди.
1867 йилда У.Томпсон (Кельвин) томонидан қўзғалувчи чулғамли ва қўзғалмас доимий магнитли гальванометр яратилди. XIX-асрнинг 2-ярми электротехника тарихида электромеханик энергия манбаларининг ихтироси билан машҳурдир. Бу манбаларни электр ўлчаш асбобларисиз ишлатиб бўлмайди.
Электр ўлчаш асбобларини яратишда рус электротехниги М.О.Доливо – Доброволскийнинг хизмати алоҳида эътиборга лойиқ. У электромагнит амперметр ва вольтметрларни, айланувчи дискли индукцион механизмларни ихтиро этди. Бу асбоблар асосида ваттметр, фазометрлар яратилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |