4. Қурилиш моддий – техника таъминотини
ташкил этиш тизимида логистика
Қурилиш комплексини бутун ҳолатда ва уни ташкил этувчи компонентларни кўриб чиқиш шундай хулоса чиқариш имконини берадики, унга кўра қурилишни ўзаро боғланган ва ўзаро шарт-шароитланган оқимлар жамламасини ўз таркибига киритувчи тизимга киритиш мумкин. Бу оқимларнинг асосийларига қуйидаги: ахборотлар, моддий – техника ҳамда молия ресурслари ва бошқа оқимлар киради.
Маълумки, бино ва иншоотлар қурилиши муддатларини қисқартириш, мақбул бўлган сарф-харажатлар билан уларнинг сифатларини яхшилаш бўйича зарурий натижаларга эришиш учун биринчи навбатда юқорида кўрастилган ва бошқа иқтисодий оқимларни мақбуллаштириш ва рационизациялаштириш талаб этилади.
Қурилиш ташкилотлари ҳамда қурилиш индустрияси корхоналарида хусусий ва ўз мақсадларига эришиш йўлида жалб этилган ресурслар ҳаракатининг ўзаро боғланган ҳамда ўзаро шарт-шароитланган жараёнларини иқтисодий оқимлар деб ҳисоблаш мумкин.
Қурилишни тизим сифатида биринчи навбатда қурилишни моддий – техника жиҳатдан таъминлаш деб қабул қилиш жоиздир. Ҳар қандай бино ва иншоотни қуриш учун, аввалом бор, етарли миқдорда қурилиш материаллари, конструкциялари ва буюмлари, хом-ашё ҳамда технологик жиҳозлар зарур бўлади, уларнинг аниқ миқдори қурилиш-монтаж ишлари лойиҳасида кўрсатилади. Қурилиш ишлаб чиқаришини ташкил этиш жараёни бу ресурсларнинг белгиланган ҳажмда, кўрсатилган муддатда ва тегишли сифатда етказилиб берилишини кўзда тутади. Ватанимиз ва хориждаги турли ишлаб чиқаришлар бўйича тўпланган тажриба шунга ўхшаш масалаларни ечишда логистикадан фойдаланиш мақсадга мувофиқ эканлигини тасдиқлайди.
Терминологик луғатда логистиканинг қуйидаги маъноси ифодаланган. Логистика – хом-ашё ва материалларни ишлаб чиқариш корхонасига еказиш жараёнида ташиш, жойлаштириш ва бошқа моддий ҳамда номоддий операциялар, завод ичида хом-ашё, материаллар, яримфабрикатларни қайта ишлаш, тайёр маҳсулотларни истеъмолчига манфаатлар ва талабларга мувофиқ етказиб бериш, шунингдек, тегишли ахборотларни узатиш, сақлаш ва қайта ишлашни режалаштириш, назорат қилиш ва бошқариш ҳақидаги фандир.
Бунда асосий изланиш объектлари қуйидагилар бўлади: логистик ушлаб қолишлар, ахборот оқими, логистик тизим, логистик функция, логистик занжир, логистик операциялар, материаллар оқими ва бошқалар. Логистика қатор ўзаро боғланган бўлимларни қамраб олади, жумладан таъминот логистикаси, ишлаб чиқариш логистикаси, савдо-сотиқ логистикаси, транспорт логистикаси ва бошқалар. Логистик тизимлар доирасида қурилиш материалларига бўлган эҳтиёжни башорат қилиш ва заҳиралар ҳолатини назорат қилиш, буюртмаларни йиғиш ва қайта ишлаш, логистик занжирда материал оқими кетма-кетлиги ва бўғинларини аниқлашни ўз таркибига киритган қатор масалалар ва уларнинг комплекслари ечилади.
Қурилиш логистика тизимларини логистик тизимларнинг умумий назарияси матнида кўриб чиқиш тақоза этилади.
Оқимларнинг турларига кўра логистик тизимларни қуйидагиларга ажратиш мумкин: материаллар, молиявий, ахборот оқимлари ва меҳнат ресурслари оқимлари.
Материаллар оқимлари логистик тизимлари ёки бошқача қилиб айтганда материаллар логистик оқимлари қурилиш ташкилотлари ва корхоналар (фирмалар) моддий ресурсларини сотиб олишдан тортиб то тайёр маҳсулот (бинолар ва иншоотлар)ни сотишгача бўлган барча ҳаракатларни бирлаштиради.
Молиявий оқимлар логистик тизими (ёки логистик молиявий тизим) ишлаб чиқариш ва қурилиш маҳсулотини сотиш билан боғлиқ бўлган ҳамма молиявий оқимлар ҳаракатларини бирлаштиради.
Ахборотлар оқимлари логистик тизимлари (ёки ахборотлар логистик тизимлари) қурилиш фирмаси оддий ишлаб чиқариш жараёнларини қандай бирлаштирса, ушбу фирма орқали амалга ошириладиган кенгайтирилган ишлаб чиқариш жараёнларини ҳам худди шундай бирлаштиради.
Меҳнат ресурслари оқимларининг логистик тизимлари (ёки меҳнатнинг логистик тизимлари) меҳнат ресурсларини қурилиш фирмасига йўналтиришнинг барча хилма-хиллигини бирлаштиради.
Логистикаларни қурилиш ишлаб чиқариш цикли стадиялари бўйича дифференциялаш билан қуйидаги логистик тизимларни кўриб чиқиш мумкин:
савдо - сотиқ логистикаси тизимлари, улар моддий-техника ресурсларини сотиб олиш оқимларини ва қурилиш ишлаб чиқариш-технологик комплектациясини, шунингдек, молиявий, ахборотлар ва меҳнат ресурслари билан бирга борадиган оқимларни ташкил қилиш билан шуғулланади;
тадбиркорлик логистикаси (ёки ишлаб чиқариш логистикаси) тизимлари, улар қурилиш индустрияси корхоналари ва қурилиш фирмаларида қурилиш констркуциялари, буюмлари ва бошқа материалларни ишлаб чиқариш жараёнидаги ресурслар оқимини, лойиҳа-конструкторлик, қурилиш-монтаж ва ишга тушириш ишларини ташкил қилиш билан шуғулланади;
тақсимлаш логистикаси тизимлари, улар истеъмолчига тақдим этиладиган тайёр қурилиш маҳсулоти, ишлар ва хизматларнинг оқимларини, шунингдек, бу оқимлар билан бирга борадиган молиявий, ахборотлар ва меҳнат оқимларини ташкил қилиш билан шуғулланди;
транспорт–омборхона логистикаси тизимлари, улар қурилиш фирмасида юклар оқимини ва омборхона ички оқимларини ташкил қилиш билан шуғулланади.
Қурилиш фирмаси логистика тизимлари синфланишини бошқа белгилар билан ҳам давом эттириш мумкин, масалан, инвестицион жараёнлар босқичи, қурилиш маҳсулоти ҳаётий цикли босқичлари ва шунга ўхшаш оқимлар билан давом эттириш мумкин.
Агар иқтисодий мустақил субъектлар қанчалик кўп сонда логистика занжирига киритилса, логистика тизимларини шакллантириш жараёнлари шунчалик мураккаб кечади. Бу маънода макрологистик тизимлар микрологистик тизимларга нисбатан анча мураккаб кўринишга эга бўлади. Ташкилий-иқтисодий интеграция характери бўйича макрологистика тизимлари субъектлари вертикаль, горизонталь ва конгломерант тизимларга ажратилади. Логистик фаолият учта асос остида бирлашади: моддий ресурслар бирга борадиган ҳамма техник воситалар ва жиҳозлар жамламаси бўлган техника, тизимлардаги моддий ва номоддий оқимлар ҳаракатлари ҳақидаги статистик ва динамик ахборотлар жамламаси бўлган ахборот, корхона ва тармоқ иқтисодиёти.
Тизимдаги барча моддий ва номоддий оқимларни комплексли бошқариш логистика предметини ташкил этади.
Логистика ишлаб чиқариш соҳасини қандай тарзда қамраб олган бўлса, моддий манфаатлар алмашинуви (моддий-техника таъминоти ва савдо-сотиқ тизими)ни ҳам худди шундай тарзда қамраб олади. У ишлаб чиқариш ва маркетинг, молия ва иқтисодий ҳисоблар ҳамда зарур бўлган ахборотни қайта ишлашни бошқаришнинг ягона тизими фаолиятини яратишга ва назорат қилишга йўналтирилади.
Моддий ресурслардан тугал ҳолатда фойдаланувчи йирик субъектлардан бири сифатида қурилиш комплекси катта миқёсдаги манфаатдорликни кўзлаган ҳолда бу ресурслардан оқилона фойдаланиш орқали уларни қўллашнинг самарадор шаклларини яратади.
Бу масалалар ечимини ресурсларнинг барча турларига қўллаш мумкин ва бунда бу ечим уларнинг ҳар бирида ўз специкасига эга бўлади.
Қурилиш ишларини бажаришда фойдаланиладиган ва конструкцияларни монтаж қилишга мўлжалланган машина ва жиҳозлар учун сотиб олишнинг лизинг шакли анча қулайдир.
Материаллар, қурилиш конструкциялари ва деталлари учун уларни сотиб олиш билан боғлиқ бўлган маблағларни минимиллаштириш мақсадида материаллар оқимини рационизациялаштириш биринчи даражали аҳамият касб этади, бу эса ўз навбатида материаллар оқимини шакллантириш ва улар ҳаракатини бошқаришнинг самарадор илмий қуроли сифатида логистикани қўллашнинг мақсадга мувофиқлиги ва зарурлигини олдиндан аниқлаб беради.
Қурилиш материаллари бозори ва капитал қурилиш тармоғи ҳозирги вақтда Ўзбекистон хўжалик – иқтисодий комплекси сегментларини ташкил этади, уларда логистик сиёсатни илгари суриш учун етарлича шароитлар яратилган.
Хозирги вақтда қурилиш материаллари бозорида бошқа ишлаб чиқариш маҳсулотлари бозорларига қараганда юқори даражадаги рақобат кузатиляпти.
Қурилиш материаллари саноати ва қурилиш индустрияси корхоналари ишлатилмаётган ишлаб чиқариш қувватларининг катта заҳираларига эга ва уларнинг четки эҳтиёжлар юқори талабларини қониқтира олиш нуқтаи-назаридан келиб чиққан ҳолда кўпчилиги тўлиқ ишга туширилса улар хоридорлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр бўлади.
Инвестицион жараёнда материаллар оқимининг катта қисми қурилиш комплекси ичида шаклланади ва улар ушбу комплекс буғинлари ва бўлимлари ҳаракатларига, улар томонидан танладиган рациональ ечимлар ҳамда уларнинг кетма-кет амалга оширилишига тўлиқ боғлиқ бўлади.
Қурилишдаги материаллар оқими унинг чегарасидан ташқарида бошланади ва у асосий жамғармаларни яратиш (янгилаш, таъмирлаш) жараёнида бу материаллар оқимидан фойдаланиш вақтида якунланади. Саноатда эса материаллар оқими берилган ишлаб чиқаришда тайёр маҳсулотлар яратиш билан якунланмайди, балки унинг ҳаракати айланма жамғармалар элементи сифатида бошқа ишлаб чиқаришга ўтказилади (трансформалаштирилади). Шунинг учун логистикани меҳнат маҳсулотларига қўллаб бўлмайди.
Қурилиш цикли жараёнида пухта ифодаланган бир жинсли бўлмаган маҳсулотга эга бўлиш билан циклнинг ҳар бир стадиясида материаллар таркиби ўзгаради (пойдеворларни қуришда, деворларни тиклашда, том ёпиш ишларини бажаришда, ички пардозлаш ишларини амалга оширишда, инженерлик коммуникацияларини ўтказишда ва ҳ.к.). Шуниг учун қурилиш циклининг ҳар бир босқичи учун унга хос бўлган логистик ечимлар зарур бўлади. Агар саноатда логистик ечим учун маҳсулот йўналтирувчи момент бўлса, қурилишда эса бу қурилиш циклининг босқичи бўлади.
Қурилишда материаллар оқими ишларни ишлаб чиқаришни бир объектдан бошқасига кўчириш билан ёки бир вақтнинг ўзида бир нечта объектларни тиклашда ишлаб чиқариш кучларини ва воситаларини тақсимлаб тарқатиш билан ўзининг йўналишини узлуксиз равишда ўзгартиради. Бундан келиб чиқадики, ишларнии шлаб чиқарувчи (прораб) айнан бир хил материаллардан фойдаланган ҳолда турли логистик ечимларни қўллайди, бу эса бир-бирига ўхшашган бўлган бир қанча шароитларда уларнинг мос тушушини инкор этмайди.
Рациональ логистик ечимларни тузиш, яъни материаллар оқимида иштирок этувчи хўжаликлар фаолияти таркиби ва характерини аниқлаш моддий-техника таъминоти соҳасида самарадор ечимларни қидиришнинг муҳим таркибий қисмини ташкил этади. Аниқ шароитларда логистик занжирни унга савдо воситачиларини киритган ҳолда узайтириш мақсадга мувофиқ бўлади. Айниқса бу Ўзбекистонда айнан қурилишда кенг ривожланган кичик бизнесни моддий – техника жиҳатдан таъминлаш жараёнига кўпроқ тегишлидир.
Ишлаб чиқариш–технологик комплектация бўлимлари логистик занжирнинг оралиқ бўғини сифатида қурилиш учун жуда хосдир.
Хулоса сифатида қуйидагиларни алоҳида таъкидлаш жуда муҳимдир.
Бозор иқтисодиётига ўтиш қурилиш комплексидаги ўзаро муносабатлар характери ва унинг моддий таъминоти соҳасини ҳам тубдан ўзгартирди. Қурилиш комплекси томонидан қурилиш материалларига бўлган талаблар ва эҳтиёжларнинг ҳолати ва етказувчиларнинг нарх сиёсати қурилиш материаллари бозори конъюктурасининг асосий омилларига айланди. Бозор туридаги иқтисодий шароитларда етказувчилар учун маҳсулотлар сотилишини ташкил этиш, истемолчилар учун эса уларни минимал нархларда харид қилиш бош муаммога айланди.
Қурилиш комплекси (материаллар ресурсларини тугалланган ҳолатда истеъмол қиладиган йирик субъектлар) олдида материаллар ресурсларини харид қилишнинг самарадор шаклларини танлаш ва улардан оқилона фойдаланиш вазифаси туради. Бу вазифаларни ҳал этишда машиналар ва жиҳозлар бўйича лизингни ривожлантириш, материаллар ва қурилиш конструкциялари бўйича эса материаллар оқимини самарали ташкил этиш катта аҳамият касб этади, буни муваффақиятли амалга ошириш эса ўз навбатида моддий таъминот логистик методларини амалиётга қўллаш билан боғлиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |