Сўфий сўзининг келиб чиқиши: пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак масжидлари ёнида баъзи камбағал саҳобалар суфа(супа)да яшаганлар. Шунинг учун улар “аҳли суффа” ёки “асҳоби суффа” дейилган. Бу тарихий таъриф.
Суф - жун кийим, сўфий эса - жун мато кийган киши, жандапўш дегани. Сўфийлар, одатда, жундан кийим кийиб юрганлар. Бу зоҳирий таъриф.
Улар қалбларини Аллоҳ зикри билан покиза қилганлари, доимо зикр айтиб юрганлари учун, яъни “сафо ул-қалб” (қалб софлиги) йўлида жонбозлик кўрсатганлари боис ҳам сўфий деб аталганлар. Бу ботиний таъриф.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак суннатларини кишилар ўртасига ёйиш, уларга доимо амал қилиш, асҳоби суфа одатларига, жандапўшликка ва қалб покизалигига қаттиқ эътибор берганлари учун сўфий деб айтилган. Бу амалий таъриф.
6. Бироқ тасаввуфга берилган кўпдан кўп таърифларнинг аксариятида унга назария сифатида қараш кайфияти устуворлик қилади. Бизнингча, эса тасаввуф - соф амалиётдир.
7. Тасаввуф таълимоти пайғамбарлардан мерос қолган. Ҳар бир улуғ пайғамбар ҳалол меҳнат ила ризқ топишни ўз бурчи деб билган. Жумладан, Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Идрис алайҳиссалом темирчилик, Мусо ва Муҳаммад алайҳиссаломлар чўпонлик қилганлар. Кейинчалик Муҳаммад алайҳиссалом тижорат билан шуғулланганлар.
8. Авлиёлар ҳам амалий фаолиятда ҳам Пайғамбардан мерос суннатга садоқат бажо этганлар. Жумладан, “Хожагон шайхлари ишсиз, маълум касб-ҳунар эгаси бўлмаган инсонларни муридликка қабул қилмаганлар, ўзлари албатта бирор касб-ҳунар билан машғул бўлганлар. Хожа Али Рометаний – тўқувчи, Муҳаммад Бобойи Самосий – боғбон, Саййид Амир Кулол – кулол, Баҳоуддин Нақшбанд – наққош, тўқувчи ва чорвадор, Амир Кулолнинг ўғли Амир Ҳамза – овчи, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор – чорвадор ва савдогар бўлишган”.
9. Тасаввуфдаги бирор шайх ёхуд валиуллоҳ томонидан маълум тизимга солинган йўл, оқим тариқат ёхуд сулук деб юритилади.
10. Тaсаввуф илми билан шуғулланган, унинг тарихи ва тараққиётини ўрганиб, ғоялари тарғибига саъй этган олимлар эса мутасаввифлар деб юритилади.
11. Валий дўст, кўплиги авлиё дўстлар дегани. Авлиёлар – Аллоҳнинг дўстлари, Унинг розилигини топган зотлар, Аллоҳга яқин кишилар.
12. Авлиёларнинг 6 та табақаси бор:
1. Қутб - тасаввуф шайхларига бериладиган энг олий унвон. Тасаввуфда маълум бир даражага етган авлиёлар. Улар икки нафардирлар. Ҳар бир даврнинг ўз қутби бўлиб, улар ҳар бир замонда мавжуд бўладилар. Уларнинг қалби Муҳаммад алайҳиссалом қалблари билан алоқадор бўлади.
2. Ғавс - бу ҳам қутб каби бўлиб, ёрдам берувчи деган маънони англатади.
3. Абдол - ғойиб кишилар тоифасидан бўлиб, ўзлари халқ ичида бўлсалар-да, уларнинг абдол эканликларини ҳеч ким билмайди. Абдол форс ва туркий тилларда “чиҳлтан” (қирқ кишидан иборат) деб юритилади. Улардан қайси бири вафот этса, ўрнига дарҳол янгиси тайин этилади. Олдинги кишига бадал (ўринбосар) бўлиб келгани учун ҳам уларга “абдол”, яъни ўринбосарлар деб ном берилган. Баъзи манбаларда уларнинг адади 400 талиги қайд қилинган.
4. “Автод” сўзининг луғавий маъноси – қозиқлар. Улар ҳам абдол каби зотлар бўлиб, ададлари баъзи манбаларда 4 нафар дейилса, баъзиларида 70 нафар дейилган.
5. Нужабо - олий зот бир тоифа авлиёларки, улар фақат инсонларнинг фойдаси учун фаолият кўрсатадилар. Уларнинг одамлар ҳаққига қилган дуолари мустажоб. Уларнинг адади баъзи манбаларда 70 киши дейилса, бошқа бир манбада 40 киши деб кўрсатилган.
6. Нуқабо. Тасаввуфда бир тоифа авлиёларга шу ном берилган бўлиб, улар умматлар учун зоминдирлар. Ададлари – 300 нафар.
13. “Ислом энциклопедияси”да қайд этилишича, тасаввуф ўз тарихий тараққиёти давомида бир-бирига асос бўлиб хизмат қилган, бир-бирини тўлдирган ва давом эттирган олтмишдан ортиқ тариқатни ўз атрофига бирлаштира олди. Улар орасида машҳур тасаввуф пешволари ғайрати билан майдонга чиққан ва маънавий покланиш машаққатлари сари даъват этувчи қатор тармоқларга асос бўлиб хизмат қилган тайфурия, қодирия, сухравардия, жунайдия, хожагон-нақшбандия, яссавия, чиштия, кубравия, мавлавия сингари етакчи тариқатлар ҳам бор.
14.1-Тайфурия. Қадим Шарқда кенг тарқалган сўфийлик таълимотларидан бири. Тамал тошлари Боязид Тайфур ибн Исо Бистомий (875 йилда вафот этган) томонидан қўйилганлиги боис шундай ном билан юритилади. Замондошлари ва ундан кейинги олимлар Боязид Бистомийни “султон ул-орифин” унвони билан шарафлаганлар. Бироқ у асос солган таълимот ўзликни унутиш (ғалаба), Худо ишқида маст (сукра) ва фано (мавжудликни йўқотиш) бўлиш ғоялари тарғибига йўналтирилган бўлиб, моҳиятан мазкур таълимотда таркидунёчилик кайфияти устувор эди.
14.2-Маломатия. Тариқатнинг асосий қоидалари Ҳамдун ал-Қассор (884 йилда вафот этган) томонидан ишлаб чиқилган. Маломатиянинг дунёга келишига Боязид Бистомий томонидан илгари сурилган тасаввуфий қарашларнинг ҳам ўзига хос таъсири бор. Бироқ маломатийлик жуда кўп жиҳатлари билан, жумладан, ўз хато ва қусурларини эътироф этиш, Ҳақ ва эл олдида пургуноҳликни тан олиш ғояси билан алоҳида эътироф қозонди ва шу жиҳати билан ўзидан кейинги тариқатлар ривожига таъсир кўрсатди. Жумладан, нақшбандия тариқати ғоялари такомилида ҳам маломатия таъсирини яққол кузатиш мумкин.
14.3-Жунайдия. Бу тариқат асосчиси машҳур сўфий ва фақиҳ Абул Қосим ал-Жунайд ибн Муҳаммад ал-Қаворирий ал-Ҳаззоз ал-Бағдодий (910 йилда вафот этган) ҳисобланади. Ўз даврида тайфурия оқимининг таркидунёчилик ғояларига қарама-қарши оқим сифатида майдонга чиққан жунайдия тасаввуфни руҳий покланиш ҳамда фарз ва суннат амалларни амалиётга тадбиқ этиш воситаси ўлароқ талқин қилиши билан алоҳида аҳамият касб этди. Кейинчалик бир қатор тариқат пешволари, жумладан хожагон-нақшбандия улуғлари ҳам, ўз таълимотларини ишлаб чиқишда жунайдия тариқати ғояларидан кенг фойдаландилар.
14.4-Қодирия. Ушбу тариқатга машҳур мутасаввиф, шайх Абдулқодир Гилоний (1077-1166, қабри Бағдодда) асос солган. Тариқатда ғоят юксак мақомга эришган шайх Абдулқодир Гилоний Шарқда “Ғавсул Аъзам”, “Қутбул Аъзам”, “Шайхи Машриқ” номлари билан машҳурдир. Қалбни зикр ва риёзат ила поклаш, фарз ва суннатларни беминнат адо этиш, бошқа тариқатлардаги энг яхши анъаналарга давомчи бўлиш кабилар қодириянинг муҳим хусусиятлари ҳисобланади.
14.5-Сухравардия. 12-аср охири – 13-аср бошларида Ироқ ва Мовароуннаҳр ҳудудларида зоҳидлик мактаби доирасида ташкил топган. Сўфий-мутасаввиф Шиҳобиддин Абу Ҳaфc Умар Сухравардий (1145-1234) унинг асосчиси ҳисобланади. Суннат амалларга жиддий эътибор қаратишни бош ғоя сифатида тарғиб этган мазкур тариқат, айниқса, Ҳиндистонда кенг тарқалган.
14.6-Чиштия. Шарқий Хуросонда шаклланиб, сухравардия тариқати сингари Ҳиндистонда камолот чўққисига эришган ва кенг тарқалган мазкур таълимот асосчиси Хўжа Абу Исҳоқ аш-Шомий (1097 йилда вафот этган) ҳисобланади.
14.7-Яссавия. Мазкур тариқат асосчиси Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг учинчи халифаси, Туркистон шайх ул-машойихи Хожа Аҳмад Яссавий ҳисобланадилар. Хожа Юсуф Ҳамадоний ва Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний таълимоти негизида шаклланган яссавияда “ислом қонун-қоидалари (шариат), тасаввуф маслаги (тариқат), ишқи илоҳий (маърифат), Аллоҳ висолига эришиш (ҳақиқат) кенг тарғиб этилган”.
14.8-Кубравия. Мовароуннаҳр заминида 13-аср бошларида дунёга келган мазкур тариқат асосчиси Аҳмад ибн Умар ибн Муҳаммад Хивақий ал-Хоразмий – Нажмиддин Кубродир. Саховат, шафқат, таъмадан холи бўлиш ва муҳтожлар ғамига шериклик – жавонмардлик – кубравиянинг бош шиори ҳисобланади. Тавба, зуҳд, таваккал, қаноат, узлат, зикр, таважжуҳ, сабр, муроқаба, ризо сингари ўн амалий асосга таянганлиги ҳам унинг ғоят кенг тарқалишига замин яратди. Мажидиддин Бағдодий, Саъдуддин Ҳамавий, Бобо Камоли Чандий, Сайфиддин Бохарзий, Нажмиддин Розий, Паҳлавон Маҳмуд Пурёйвалий каби улуғ зотлар кубравиянинг кейинги даврлардаги такомил ва тараққийсига хизмат қилдилар.
14.9-Мавлавия. Шарқда (айниқса, Туркия ва Эронда) анча кенг тарқалган бу тариқат асосчиси машҳур шайх ва шоир Жалолиддин Муҳаммад ибн Баҳоуддин Муҳаммад ал-Балхий – Румийдир. “Румийни кўпинча “мавлоно” (“жаноб”) деб аташган. Шундан тариқат номи олинган”. Мазкур тариқатда ибодатнинг жаҳрий зикр ва самоъ (ошкора зикр ва рақс) усуллари етакчилик қилади.
14.10-Хожагон-нақшбандия. Тамал тоши Хожа Юсуф Ҳамадоний (1048-1141) ва Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний (1103-1179) томонидан қўйилган, кейинчалик Хожа Баҳоуддин
14.11-Нақшбанд (1318-1389) хизматлари туфайли энг юксак чўққига эришган жаҳоншумул тариқат.
15. Сўфийларнинг ўзини ҳам Ҳусайн Во‘из Кошифий «Футувватномаи султоний» номли асарида уч гуруҳга ажратган: муоширлар, мутарасмлар, муҳаққиқлар.
Муоширлар – тариқат аҳлининг мухлислари ва дўстлари дирлар. Улар дарвешларга муҳаббат билан қарайдилар, уларнинг суҳбатида иштирок этадилар, хизматларини бажарадилар ва савобга ўзларини шерик деб биладилар.
«Мутарасм» сўзининг маъноси дарвешларнинг расму русумларига эргашувчилар, аммо улар дарвешларнинг одатларига зоҳиран тақлид қилсаларда, ботинан ҳол талабгоридирлар ва шу тоифага ихлослари туфайли илоҳий файздан баҳраманд бўлиш умидидадирлар.
Муҳаққиқлар – Ҳаққа етганлар, уларни олий мартабали сўфийлар деб таърифлаш мумкин. Ҳақиқий авлиёлар, шайхи муршидлар шулар ичидан етишиб чиққан.
Do'stlaringiz bilan baham: |