37-модда. Махфийлик
Давлат буюртмачисининг ёки махсус ахборот портали операторининг ходими ўзининг ижрочилар ёки исталган шахс билан муносабатларида, агар ахборотни ошкор этмаслик давлат хавфсизлиги манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлса ёки бундай ахборотнинг ошкор этилиши қонунга зид бўлса, қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлашга тўсқинлик қилса, ижрочиларнинг қонуний тижорат манфаатларига зарар етказса ёхуд инсофли рақобатга тўсқинлик қилса, ваколатли орган бу ахборотни ошкор этиш тўғрисида қарор қабул қилмаса, ҳеч бир ахборотни фош этмайди. Ваколатли орган бундай ахборотни ошкор этиш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда ушбу қарор шартларига риоя этилади.
Иштирокчи харид қилиш тартиб-таомилида иштирок этиб, таклифда ўзи кўрсатган барча маълумотларнинг, таклифларини қабул қилиш муддати тугаганидан кейин эълон қилинишига розилик билдиради.
38-модда. Одоб-ахлоқ қоидалари
Давлат буюртмачилари ва махсус ахборот портали оператори давлат харидларини ўтказиш учун Одоб-ахлоқ қоидаларини қабул қилиши керак, унда қуйидагилар назарда тутилади:
манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш чора-тадбирлари;
касбий тайёргарликни текшириш тартиб-таомиллари ва унга доир талаблар.
Давлат буюртмачилари, махсус ахборот портали оператори ходимларининг, харид комиссияси аъзоларининг одоб-ахлоқи қоидаларида касбга доир ва хизматдан ташқари фаолиятда одоб-ахлоқнинг ягона принциплари ва қоидалари, касбий тайёргарликка доир ягона талаблар белгиланади.
Давлат буюртмачисининг ва махсус ахборот портали операторининг масъул шахслари, харид комиссияси аъзолари томонидан иштирокчилар ҳамда ижрочилардан моддий ва номоддий бойликларни олиш тақиқланади.
Одоб-ахлоқ қоидалари давлат буюртмачиларининг ёки уларнинг юқори турувчи органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши лозим.
39-модда. Манфаатлар тўқнашуви
Давлат буюртмачисининг, махсус ахборот портали операторининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари, шунингдек харид комиссиясининг аъзолари харид қилиш тартиб-таомилларини амалга оширишда ўз иштирокидаги давлат харидларига доир битимнинг натижаси бўлиши мумкин бўлган исталган шахсий нафни бевосита ёки билвосита олиш ҳуқуқига эга эмас.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар:
шахсий манфаатдор эмаслигини, шунингдек ўз оила аъзоларининг манфаатдор эмаслигини кафолатлаши керак, акс ҳолда шахсий манфаатдорлик ҳамда бошқа иштирокчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида зиддият юзага келади ёки келиши мумкин;
манфаатларнинг исталган потенциал, тахмин қилинаётган ёки мавжуд тўқнашуви ҳақидаги ахборотнинг ошкор этилишини кафолатлаши керак.
Мавжуд ёки тахмин қилинаётган манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар топган, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар бу ҳақда бевосита раҳбарга хабар қилиб, бир вақтнинг ўзида ваколатли органни хабардор этиши шарт. Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олган раҳбар унинг олдини олиш ёки уни бартараф этиш бўйича ўз вақтида чоралар кўриши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |