22-модда. Божхона органларининг ходимларига таътиллар бериш Божхона органларининг ходимларига таътилни ўтказиш жойига бориш ва қайтиш учун зарур бўлган, бироқ уч календарь кундан ошмайдиган вақт қўшилган, лавозими ва пул таъминоти сақланган ҳолда ҳар йили давомийлиги ўттиз календарь кун бўлган асосий таътил берилади.
Давлат байрамлари кунлари йиллик навбатдаги таътилнинг давомийлигини аниқлашда ҳисобга олинмайди.
Божхона органлари ходимининг йиллик асосий таътилига календарь ҳисобдаги хизмат йиллари учун:
ўн йиллик хизматидан сўнг — давомийлиги беш кун;
ўн беш йиллик хизматидан сўнг — давомийлиги ўн кун;
йигирма йиллик хизматидан сўнг — давомийлиги ўн беш кун бўлган, ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади.
Божхона органларининг ходимларига хизматининг биринчи йилида ҳар йилги навбатдаги таътил камида олти ой ишлаганидан кейин берилади.
Ҳар йилги навбатдаги таътил даврида божхона органи ходими ички ишлар органларининг тиббиёт муассасаларида меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирган ҳолда даволанишдан ўтган ҳолларда таътил даволаниш муддатига узайтирилади.
Таътилдан чақириб олишга фақат хизмат юзасидан ўта зарур ҳоллардагина божхона органи ходимининг розилиги ва ушбу ходим бошлиғининг ёзма қарори билан йўл қўйилади. Таътилдан чақириб олинган тақдирда унинг фойдаланилмаган қисми, қоида тариқасида, жорий йилда берилади.
Агар божхона органи ходимига ҳар йилги навбатдаги таътил календарь йил давомида берилмаган бўлса, таътил учун моддий ёрдам жорий молия йилининг охирида тўланади.
Божхона органи ходимига йилига бир маротаба Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳар йилги навбатдаги таътилни ўтказадиган жойига, шунингдек санаторий-курортда даволаниш жойига бориши ва қайтиши билан боғлиқ йўл харажатларининг ўрни қопланади.
Божхона органлари ходимларига касаллиги бўйича таътиллар ички ишлар органлари ҳарбий-тиббий комиссиясининг хулосаси асосида берилади. Ушбу таътилнинг давомийлиги касалликнинг хусусиятига кўра белгиланади.
Касаллик бўйича таътилда узлуксиз бўлишнинг умумий ҳисобланадиган муддати тўрт ойдан ошмаслиги лозим. Бунда айрим касалликлар бўйича даволанишда бўлиш учун анча узоқроқ муддат талаб қилинган ҳолларда, бу муддат ички ишлар органлари тиббиёт муассасасининг хулосаси асосида узайтирилиши мумкин.
Божхона органларининг ходимлари касаллик бўйича таътилда узлуксиз бўлишнинг белгиланган муддати ўтгач, бундан буёнги хизматга яроқлилиги тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун ички ишлар органларининг ҳарбий-тиббий комиссиясида текширувдан ўтиши лозим.
Божхона органлари ходимларининг хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида олинган жароҳатларини (контузиялар, майибликларни) даволашда бўлган даври муайян муддат билан чекланмайди. Мазкур тоифадаги шахслар даволаниш тугаганидан сўнг ички ишлар органларининг тиббиёт муассасаларида ҳарбий-тиббий текширувдан ўтади.
Ички ишлар органлари ҳарбий-тиббий комиссиясининг хулосаси асосида бериладиган касаллик бўйича таътил даврида божхона органи ходимининг пул таъминоти сақланади.
Касаллик бўйича таътил ҳар йилги навбатдаги таътил ҳисобига киритилмайди.
Божхона органларининг ходимлари хизматдан бўшатилаётганда касаллик бўйича таътил берилмайди.
Олий ҳарбий божхона институтининг академик қарздорлиги бўлмаган курсантларига етти кун давом этадиган қишки ва ўттиз кун давом этадиган ёзги таътиллар, шунингдек институтни тамомлаши муносабати билан ўттиз календарь кун давом этадиган таътил берилади.
Божхона органлари ходимларига қариндошлик бурчини бажариш билан боғлиқ бўлган, шунингдек бошқа узрли сабабларга кўра оиласидаги кечиктириб бўлмайдиган ижтимоий-маиший масалаларни ҳал этиш учун пул таъминоти сақланмаган ҳамда таътилни ўтказиш жойига бориш ва қайтиш учун зарур бўладиган вақт ҳисобга олинмаган ҳолда ўн кунгача давом этадиган қисқа муддатли таътил берилиши мумкин.
Хизматдан бўшатилаётган божхона органлари ходимларига фойдаланилмаган ҳар йилги навбатдаги таътил учун бўшаётган йилда хизмат қилган даврига мутаносиб равишда пуллик компенсация тўланади. Бунда пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлмаган божхона органи ходимидан таътил учун аввал тўланган пуллик компенсация суммаси бўшаётган йилдаги хизмат даврига мос равишда ушлаб қолинади.