Бошқарув - бу танлов, қарор қабул қилиш ва унинг бажарилишини назорат қилиш жараёнидир.
Менежмент фани бу - бошқарувчига танловни тўғри амалга оширишни ва оқил қарорни қабул қилишни ўргатувчи фандир. Унинг асосий мақсади бозор муносабатлари шароитида барча бўғинларда самарали ишлай оладиган юқори малакали бошқарувчиларни тайёрлашдан иборат. Шундан келиб чиқиб, менежмент қуйидагиларни ўрганади:
- бошқариш назарияси ва амалиёти;
- бошқариш объекти ва субъекти;
- бошқариш принципи ва усуллари;
- бошқариш маданияти;
- менежер ва унинг фазилатлари;
- менежер рейтинги;
- бошқаришда киришувчанлик ва қарор қабул қилиш;
- бошқариш функциялари;
- ходимларни бошқариш;
- ишлаб чиқаришни бошқариш;
- самарадорликни бошқариш;
- ўз-ўзини бошқариш;
- ҳудудий бошқариш ва ҳоказолар.
Бу фаннинг мазмуни бошқарув тизими ва бошқарув объекти орасидаги ўзаро муносабат бўлиб, унинг асосий вазифаси ўқувчиларга бошқарувнинг замонавий усулларини, раҳбарлик санъати сирларини ўргатишдан иборат.
Фанни ўқитишдан мақсад талабаларга бошқариш муаммоларига нисбатан қизиқиш, амалий ташкилотчилик фаолиятига иштиёқ уйғотишдан иборат. Чунки, ҳозир бошқариш асосларини ўрганаётган талабалар келгусида бошқариш тизимининг ходимлари, кичик, ўрта ва катта жамоаларнинг раҳбарлари, корхона ва фирмалар иқтисодий, ижтимоий, ташкилий-техник фаолиятининг турли томонларини бошқариш бўйича лойиҳалар, тадбирлар ишлаб чиқишга даъват етилган мутахассислар бўлиб етишадилар.
Бошқариш тизимини такомиллаштириш юзасидан тадбирлар ишлаб чиқиш ҳам уларнинг зиммасида бўлади.
1.2. Менежмент объекти ва субъекти
Менежмент объекти ҳақида сўз юритганда, енг аввало, объект сўзининг луғавий маъносига еътибор бериш керак бўлади. Шу маънода объект - бу:
- биздан ташқарида ва бизнинг онгимизга боғлиқ бўлмаган ҳолда мавжуд бўлган борлиқ, воқелик, моддий дунё, мавжудот;
- киши-фаолияти, диққат-еътибори қаратилган ҳодиса, нарса, шахс;
- хўжалик ёки мудофаа аҳамиятига ега бўлган корхона, қурилиш, айрим участка ва б.
Демак, объект тушунчаси микро воқеиликдан (киши ва унинг фаолиятидан) тортиб, то макро воқелик (моддий дунё, жамият) даражасигача бўлган маънони ўз ичига олади. Масалан, "ҳайдовчи ўз машинасини бошқара олмаганлиги сабабли у йўлдан чиқиб кетган". Бу ерда бошқарув объекти бўлиб машина ҳисобланади.
Ёки, "У киши ўзини жуда яхши бошқара олади". Бу ерда бошқарув объекти бўлиб киши, шахс ҳисобланади. Бошқариш ишини бажарувчи идоралар ва уларнинг раҳбарлари менежментнинг субъекти, яъни бошқарув органлари ёки менежерлар-бошқарувчилар бўлиб ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан объект ва субъектларни қуйидагича тавсифлаш мумкин (1-жадвал).
Do'stlaringiz bilan baham: |