1-боб. Чет эл инвестицияларини жалб этиш жараенини давлат томонидан тартибга солишнинг илмий-назарий асослари
1.1. Инвестиция сиёсатини белгиловчи назарий асослар шарҳи
Инвестициялар иқтисодиётнинг экстенсив ўсишини таъминлаш билан бирга, интенсив ўсишнинг асосий омилларидан бири ҳам ҳисобланади. Шу сабабдан ҳам давлат томонидан иқтисодиётни ривожлантириш ва таркибий қайта қуриш билан боғлиқ инвестициявий сиёсатда мувофиқлаштириш ва ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган инвестиция сиёсати қуйидаги муҳим тамойилларга асосланмоқда1:
ишлаб чиқаришни техник жиҳатдан қуроллантириш ва модернизациялаш, янги иш ўринларини яратиш асосида иқтисодий ўсишни таъминлаш;
вазирликлар, концернлар, корпорациялар ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари иштирокида ва манзилли дастурларга қатъий риоя қилган ҳолда молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан марказлашган ва марказлашмаган капитал қўйилмалар ҳажмини аниқлаб бориш;
иқтисодий самарадорликни таъминлаш мақсадида экспортга мўлжалланган ва импорт ўрнини босувчи лойиҳалар нуқтаи назаридан устувор инвестиция таклифлари рўйхатини ишлаб чиқиш ва чуқур экспертизадан ўтказишларни таъминлаш;
иқтисодиётнинг турли соҳаларини ривожлантиришда инвестицияларни амалга оширишнинг тендерлар асосида ўтказилишини таъминлаш ва бошқалар.
Давлатнинг инвестициявий сиёсати асосида иқтисодиётни таркибий ўзгартириш ва инвестиция соҳасини ривожлантиришга қаратилган қарорларни ишлаб чиқишда ҳукумат назоратини кўзда тутувчи бош тамойилларни аниқлаш концепция ётади.
Фикримизча, ушбу илмий ишнинг мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиладиган бўлинса, инвестицияларни тартибга солиш механизмини амалга ошириш инвестициявий сиёсатни юритишда қуйидаги муҳим тамойилларни қўллаш заруриятини келтириб чиқаради:
давлатнинг марказлаштирилган маблағлари ва хорижий инвестициялар манбалари асосида шакллантириладиган инвестицияларни устувор тармоқ ва корхоналарга жалб этиш орқали уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;
такрор ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида корхона ва ташкилотларда инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш учун уларнинг манбаларини кенгайтириш имкониятларини яратиш;
иқтисодиётнинг ижтимоий аҳамиятга молик тармоқларида инвестициявий лойиҳаларни мақсадли дастурлар асосида давлат томонидан молиялаштириш ва бошқалар.
Юқоридаги мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда, умумдавлат миқёсидаги инвестициявий сиёсатни амалга оширишда қуйидаги вазифаларни ҳал қилиш мақсадга мувофиқдир:
маънан ва жисмонан эксирган асосий воситалар, техника ва технологияларни янгиларига алмаштириб бориш;
экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий саноат корхоналарини қўллаб-қувватлаш;
ишлаб чиқариш ресурсларидан ва илмий-техник салоҳиятдан самарали фойдаланишни таъминлаш;
маҳсулот етказиб бериш ва логистика тизимини замонавий технологиялар асосида ривожлантириш;
саноат ва қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни давлатнинг экологик ҳамда иқтисодий хавфсизлигига салбий таъсирини бартараф этиш;
иқтисодиётнинг барча тармоқларида инновацион фаолият ривожланишини таъминлаш ва бошқалар.
Инвестициявий сиёсатни давлат томонидан мувофиқлаштириш ва такомиллаштиришда қуйидагиларни эътиборга олиш лозим:
инвестиция сиёсатининг асосий йўналишларини ва вазифаларини белгилаб олиш;
инвестиция сиёсатининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегиясига мувофиқлигини таъминлаш;
иқтисодиётнинг ривожланиш стратегиясини таъминлаш мақсадида унинг тармоқларини бир-бирига мутаносиб, барқарор ривожланиш концепциясини ишлаб чиқиш ва бошқалар.
Ўзбекистонда кейинги йилларда инвестиция жараёнларининг фаоллашуви кузатилмоқда. 2009 йилда барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан асосий капиталга инвестициялар ҳажми 12531,9 млрд. сўмни ташкил этди ва 2008 йилга нисбатан 24,8 фоизга, 1995 йилга нисбатан эса солиштирма баҳоларда 4 баробарга ўсган. Шунингдек, инвестицияларнинг ЯИМга нисбатан ўзгариши ўсиб бориш тенденциясига эга. 2009 йилда ЯИМда инвестициялар улуши 26,1 фоизни ташкил этган бўлса, 1995 йилда 14,2 фоизни ташкил этган эди (1.1 -расм). Инвестиция соҳасида шаклланган ижобий динамика иқтисодиётнинг ўсишига сезиларли даражада таъсир кўрсатган.
Мамлакат учун инвестициялар иқтисодий тараққиётнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади, чунки унинг олдида иқтисодиётни таркибий жиҳатдан қайта қуриш муаммоларини ҳал этиш ва ишлаб чиқариш салоҳиятини модернизациялаш каби кенг кўламли вазифалар туради. Бунинг учун макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва инвестициявий муҳитни яхшилаш алоҳида долзарб аҳамиятга эга. Шулардан келиб чиқиб, мамлакатда асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар динамикасининг таҳлили амалга оширилди (1.1-жадвал).
Do'stlaringiz bilan baham: |