Тарбия ҳақида тушунча. Тарбия назарияси педагогика фанининг таркибий қисми бўлиб, ёшларни баркамол инсонлар қилиб тарбиялашнинг мазмуни, метод ва усуллари ҳамда ташкил этиш масалаларини ўрганади. Ёш авлодни тарбиялашда нималарга эътибор қаратмоқ лозим? Бундай масалаларни ҳал этишда аввало мамлакатимизда сиёсий-ижтимоий соҳаларда юз бераётган ислоҳатлар моҳиятини чуқур ва атрофлича мушоҳада қилиб олишга тўғри келади. Чунки давр ҳам, инсон тарбияси ҳам ўзгариб бормоқда. Айниқса, ХХИ аср инсоният тарихида компьютер даври бўлиб кириб келди. Бироқ, фан-техника қанчалик жадал ривожланиб, жамият ҳаётида муҳим жой олиб, ишлаб чиқариш жараёнларини тезлашувига қанчалик самарали таъсир этмасин, тарбия назариясида шахсни комил этиб тарбиялаш, бу борада Марказий Осиё мутафаккирлари, халқ педагогикаси ҳамда жаҳон педагогикасининг илғор фикрларига таяниб иш кўриш зарур бўлади. Ёшларни баркамол инсон қилиб тарбиялашда биринчи навбатда Шарқ мутафаккирларининг қимматли маънавий мерослари муҳим дастурил амал аҳамиятига эга бўлади. Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Наср Фаробий, Абу Али Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад ал-Фарғоний, Имом Исмоил ал-Бухорий, Аҳмад Яссавий, Баҳовуддин Наҳшбанд, Амир Темур, Муҳаммад Тарағай Улуғбек, Алишер Навой ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари оламга машҳур алломаларининг ижтимоий, сиёсий ва фалсафий қарашлари барча замонлар учун муҳим аҳамият касб этади. Ўз ўтмиш маданий меросини чуқур ўрганмаган ва эъзозламаган, аждод-авлодлари босиб ўтган тарихий йўлни идрок этмаган, миллий мустақиллик йўлида жон фидо қилган буюк аждодлар фаолиятидан хабардор бўлмаган инсон ўзлигини ҳеч ҳачон англаб етолмайди.
Ўтмиш маданий меросини ўрганиш мураккаб жараёни саналади. Маданий мероси намуналари ва уларда илгари сурилган эзгу ғояларни ёш авлод онгига сингдириш узлуксиз, изчил, тизимли ҳамда мақсадга мувофиқ амалга оширилиши зарур.
Тарбия мақсади ва вазифалари. Тарбия тарихий-ижтимоий тажрибага таянган ҳолда шахсни маълум мақсад асосида ижтимоий ҳаётга тайёрловчи фаолият жараёнидир. Турли замон ва маконда ижтимоий тарбия моҳиятан турлича ифодалаб келинган бўлиб, унинг мазмуни ижтимоий мақсадлардан келиб чиқиб асосланган.
Тарбия мақсади келажакда нимага эришиш, унинг учун қандай саъйи-ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ жараёндир. Энг оддий ҳаракатдан тортиб то кенг кўламли давлат дастури асосида ташкил этилувчи тарбия доимо муайян мақсадга йўналтирилган бўлади.
Мақсадсиз, маълум ғояни ифода этмайдиган тарбия бўлмайди. Тарбия мақсади асосида унинг мазмуни асосланиб, мақсадни амалга оширишга хизмат қилувчи метод ва усуллар аниқланади. Тарбия мақсадининг муаммоси педагогиканинг долзарб масалаларидан бири саналади.
Do'stlaringiz bilan baham: |