1. 2-мавзу. Молия ва молиявий муносабатларнинг характерли белгилари Режа



Download 74,61 Kb.
Sana12.06.2022
Hajmi74,61 Kb.
#658658
Bog'liq
1.2-мавзу


1.2-мавзу. Молия ва молиявий муносабатларнинг характерли белгилари
Режа:

  1. Молия ва молиявий муносабатларнинг характерли белгилари. Молия ёрдамида ифодаланадиган пул муносабатлари.

  2. Молиянинг тақсимлаш ва назорат функциялари. Уларнинг ўзаро боғлиқлиги.

  3. Молия ва ЯИМ ҳамда МДни тақсимлаш, қайта тақсимлаш. Замонавий иқтисодиёт ва давлат молияси. Молия ва ишлаб чиқариш кучлари тараққиётининг даражаси.

  4. Тақсимлаш ва қайта тақсимлаш объектлари ва субъектлари. Молиянинг функциялари ва молия механизми.

  5. Молия генезиси (тараққиёти).

1-савол баёни. Қуйидагилар молиянинг характерли белгиларидир:



  • қийматнинг товар шаклидаги ҳаракатига боғлиқ бўлмасдан, аксинча, реал пулларнинг ҳаракатига боғлиқ бўлган, ҳуқуқий нормалар ёки бизнесни юритиш этикасига асосланган муносабатларнинг тақсимлаш характердалиги;

  • пул маблағлари ҳаракатининг, одатда, бир томонлама йўналишга эга эканлиги;

  • марказлаштирилган ва марказлаштирилмаган пул фондларини яратиш (вужудга келтириш).

Молия пул муносабатларининг ажралмас қисми ҳисобланади. Шунинг учун ҳам унинг роли ва аҳамияти пул муносабатларининг иқтисодий муносабатлар тизимида қандай ўринни эгаллаганлигига боғлиқ. Бир вақтнинг ўзида молия пулдан ўзининг мазмуни ва бажарадиган функциялари бўйича фарқланади. Агар пул умумий эквивалент бўлиб, унинг ёрдамида умумлаштирилган ишлаб чиқарувчиларнинг меҳнат харажатлари ўлчанса, молия эса ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ва миллий даромад (МД)ни тақсимлаш ва қайта тақсимлашнинг иқтисодий инструменти, пул маблағлари фондларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш устидан назоратни амалга ошириш қуролидир. Пул даромадлари ва фондларини шакллантириш йўли билан фақатгина давлат ва корхоналарнинг пул маблағларига бўлган эҳтиёжларини таъминлаш эмас, балки молиявий ресурсларнинг сарфла-ниши устидан назоратни ҳам амалга ошириш молиянинг нима учун мўлжалланганлигини белгилаб беради.
Молия қуйидагилар ўртасида вужудга келадиган пул муносабатларини ифодалайди:

  • товар-моддий бойликларни сотиб олиш, маҳсулот ва хизматларни реализация қилиш жараёнида корхоналар ўртасида вужудга келадиган пул муносабатлари;

  • марказлаштирилган пул маблағлари фондларини яратиш ва уларни тақсимлаш борасида корхоналар ва уларнинг юқори органлари ўртасида вужудга келадиган пул муносабатлари;

  • бюджет тизимига солиқларни тўлаш ва харажатларни бюджетдан молиялаштириш давомида корхона ва давлат ўртасида вужудга келадиган пул муносабатлари;

  • солиқлар ва бошқа ихтиёрий тўловларни тўлаш жараёнида давлат ва фуқаролар ўртасида вужудга келадиган пул муносабатлари;

  • тўловларни амалга ошириш ва ресурсларни олиш жараёнида корхоналар, фуқаролар ва нобюджет фондлари ўртасида вужудга келадиган пул муносабатлари;

  • бюджет тизимининг алоҳида бўғинлари ўртасида вужудга келадиган пул муносабатлари;

  • суғурта бадалларини тўлаш ва зарарларни қоплаш, суғурта ҳодисаси рўй берган пайтда аҳоли, корхоналар ҳамда мулкий ва шахсий суғурта органлари ўртасида вужудга келадиган пул муносабатлари;

  • корхона фондларининг доимий доиравий айланишига хизмат қилувчи пул муносабатлари.

2-савол баёни. Молиянинг моҳияти унинг функциялари орқали намоён бўлади. Молия қуйидаги икки функцияни бажаради:



  1. Тақсимлаш;

  2. Назорат.

Бу функциялар молия томонидан бир вақтнинг ўзида амалга оширилади1. Ҳар қандай (бир) молиявий операция ЯИМ ва МДни тақсимлаш ва шу тақсимлаш устидан назоратнинг амалга оширилишини англатади.
Молиявий муносабатларнинг асосий тавсифи уларнинг тақсимлаш характерига эга эканлиги учун, шунга мувофиқ равишда молиянинг бош ёки асосий функцияси тақсимлашдир. Молия ёрдамида амалга оширилиши лозим бўлган тақсимлаш жараёни мураккаб ва кўп қиррали жараёндир. Молия ЯИМни тақсимлашнинг турли босқич-ларига хизмат қилиб, уни бирламчи тақсимлашда ва қайта тақсимлашда иштирок этади.
Молиявий метод орқали тақсимлаш иқтисодиётни бошқаришнинг турли даражаларини (мамлакат, унинг алоҳида олинган минтақалари ва маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари миқёсида) қамраб олади. Унга тақсимлашнинг турли кўринишларини (хўжалик ичида, тармоқ ичида, тармоқлараро, ҳудудлараро ва б.) туғдирувчи кўп босқичлилик хосдир.
Энг аввало, молиянинг тақсимлаш функцияси МДни тақсимлашда, “асосий ёки бирламчи даромадлар” деб ном олганларни яратиш (ташкил этиш) содир бўлганда намоён бўлади. Уларнинг йиғиндиси МДга тенгдир. Асосий даромадлар МДни моддий ишлаб чиқариш иштирокчилари ўртасида тақсимлаш жараёнида шаклланади. Улар икки гуруҳга бўлинади:

  • моддий ишлаб чиқариш соҳасида банд бўлган ишчи ва хизматчиларнинг иш ҳақи, фермер ва ҳ.к.ларнинг даро-мадлари;

  • моддий ишлаб чиқариш соҳасидаги корхоналарнинг даромадлари.

Бироқ, бунда бирламчи даромадлар миллий хўжалик устувор тармоқларини ривожлантириш, мамлакат мудофаа қудратини таъминлаш, аҳолининг моддий ва маданий эҳтиёжларини қондириш учун ижтимоий пул фондларининг шаклланишини таъминлай олмайди. Бунинг учун қуйидагилар билан боғланган ҳолда МДни янада тақсимлаш ва қайта тақсимлаш зарур:

  • хўжалик юритувчи субъектлар даромадлари ва жамғармаларидан энг самарали ва оқилона фойдаланиш мақсадида маблағларни тармоқлараро ва ҳудудий қайта тақсимлаш билан;

  • ишлаб чиқариш соҳаси билан бир қаторда ноишлаб чиқариш соҳасининг (маориф, соғлиқни сақлаш, ижтимоий суғурта ва ижтимоий таъминот, бошқарув ва ҳ.к.) ҳам мавжудлиги билан;

  • аҳолининг турли ижтимоий қатламлари ўртасида даромадларни қайта тақсимлаш билан.

Юқоридаги қайта тақсимлашлар натижасида иккиламчи ёки “келиб чиқувчи” даромадлар ташкил топади. Бундай даромадларга ноишлаб чиқариш соҳаси тармоқларида олинган даромадлар, солиқлар (жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва бошқалар) киради. Иккиламчи даромадлар МДдан фойдаланиш борасидаги якуний нисбатларни (пропорцияларни) шакллантириш учун хизмат қилади.
МДни тақсимлаш ва қайта тақсимлашда фаол иштирок этиб, молия МДни бирламчи тақсимлашда вужудга келган нисбатларни уларнинг якуний фойдаланиш нисбатларига трансформация қилинишига (айланишига, ўзгаришига) таъсир кўрсатади. Бундай қайта тақсимлаш натижасида яратиладиган даромадлар моддий ва молиявий ресурслар ва энг аввало, бир томондан пул фондларининг ўлчами ва уларнинг таркибий тузилмаси, иккинчи томондан эса ишлаб чиқариш воситалари ва истеъмол предметларининг ҳажми ва тузилмаси ўртасидаги мувофиқликни таъминлаши керак.
Одатда, ҳар бир мамлакат доирасида МДни қайта тақсимлаш миллий иқтисодиётни таркибий ўзгартириш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларини (қишлоқ хўжалиги, транспорт, энергетика ва ҳ.к.) ривожлантириш мақсадларида, аҳолининг энг кам таъминланган қатламлари (пенсионерлар, талабалар, ёлғиз ва кўп болали оналар ва ҳ.к.) фойдасига амалга оширилади.
Шундай қилиб, МДни қайта тақсимлаш миллий хўжаликнинг ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш соҳалари, моддий ишлаб чиқариш тармоқлари, мамлакатнинг алоҳида минтақалари, мулкчилик шакллари ва аҳолининг социал гуруҳлари ўртасида содир бўлади.
Молия ёрдамида амалга ошириладиган ЯИМ ва МДни тақсимлаш ва қайта тақсимлашнинг пировард мақсади ишлаб чиқарувчи кучларни ривожлантириш, иқтисодиётнинг бозор таркибий тузилмасини шакллантириш, давлатни мустаҳ-камлаш, аҳоли кенг қатламлари ҳаётининг юқари сифатли бўлишини таъминлашдан иборатдир. Бу жараёнларда молиянинг роли кам харажат қилиб энг юқори натижаларга эришиш, молия-хўжалик фаолиятини янада яхшилашда хўжалик юритувчи субъектлар ҳар бир ходими ва жамоасининг моддий манфаатдорлиги ва қизиқувчанлигини ошириш вазифаларига бўйсундирилган.
Молиянинг тақсимлаш функцияси ёрдамида давлат фақатгина МДни қайта тақсимлашга эмас, балки ишлаб чиқаришга, капиталнинг жамғарилишига, истеъмол соҳасига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Шу маънода, молия иқтисодиётнинг давлат ва хусусий секторларини, ишлаб чиқариш ва социал инфраструктурани, илмий-техника тараққиётини ва ҳ.к.ларни ривожлантиришда ҳал қилувчи ролни ўйнайди.
Умуман, молиянинг тақсимлаш функцияси:

  • хўжалик субъектлари, аҳоли, давлат ва маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари даражасида мақсадли пул маблағлари фондларини шакллантиришга;

  • хўжалик ичида, тармоқ ичида, тармоқлараро, ҳудудлар-аро, шунингдек ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш соҳалари, аҳоли ижтимоий гуруҳлари ўртасида қайта тақсимлашни содир этишга;

  • хўжалик субъекти ва давлат даражасида заҳиралар яратишга, фуқаролар томонидан жамғаришни амалга оширишга имконият ва шарт-шароит яратиб беради.

Пул даромадлари ва фондларини шакллантириш ҳамда фойдаланишнинг инструменти сифатида молия тақсимлаш жараёнининг амалга оширилишини объектив равишда ўзида акс эттиради. Унинг назорат функцияси ЯИМни тегишли фондларга тақсимлаш ва уларнинг мақсадга мувофиқ сарфланиши устидан назоратни амалга ошириш орқали намоён бўлади. Шу маънода, молиянинг тақсимлаш ва назорат функциялари ягона иқтисодий жараённинг икки томонидир.
Молия назорат функциясининг асосини молиявий ресурсларнинг ҳаракати ташкил этади. Ана шу ҳаракатнинг харктеридан келиб чиққан ҳолда жамият пул маблағларини тақсимлашда қандай пропорцияларнинг (нисбатларнинг) вужудга келаётганлиги, хўжалик юритувчи субъектлар ихтиёрига молиявий ресурсларнинг ўз вақтида келиб тушиши қандай таъминланаётганлиги хусусида маълумотга эга бўлиши керак. Агар молиянинг назорат функцияси амалиётда амалга оширилмаса, молия тақсимлаш функциясининг самарадорлигини баҳолашнинг ҳам иложи йўқки, бу нарса юқоридаги ҳар икки функция координация қилинишининг (мувофиқлаштирилишининг) зарурлиги тўғрисида дарак бераётир.
Бозор муносабатларига ўтиш шароитида молиянинг назорат функцияси ижтимоий ва хусусий ишлаб чиқаришнинг динамик ривожланишини таъминлашга, илмий-техника тараққиётини жадаллаштиришга, миллий хўжаликнинг барча бўғинларида иш сифатини узлуксиз яхшилашга йўналтирилган. У ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш соҳаларини тўлиқ қамраб олади. Иқтисодий рағбатлантиришни ошириш, моддий, меҳнат, молиявий ресурслар ва табиий бойликлардан оқилона ва тежамкор фойдаланиш, ноишлаб чиқариш харажатлари ва йўқотмаларни қисқар-тириш, хўжасизлик ва исрофгарчиликнинг олдини олиш молия назорат функциясининг мақсадларидандир.
Молия назорат функциясининг энг муҳим вазифаларидан бири молиявий масалалар бўйича қонунчиликнинг аниқ бажарилишини, бюджет тизими, солиқ хизмати, банклар олдидаги молиявий мажбуриятлар, шунингдек ҳисоб-китоблар ва тўловлар бўйича хўжалик юритувчи субъект-ларнинг ўзаро мажбуриятлари бажарилишининг ўз вақтидалиги ва тўлиқлигини текшириш ҳисобланади.
Молия органларининг кўп қиррали фаолиятлари орқали молиянинг назорат функцияси намоён бўлади. Молия тизими ва солиқ хизматининг ходимлари молиявий режалаштириш жараёнида, бюджет тизимининг даромадлар ва харажатлар қисмининг бажарилишида молиявий назоратни амалга оширадилар. Бозор муносабатларининг ривожланиши шароитида назорат ишларининг йўналиши, молиявий назоратнинг шакл ва методлари кескин ўзгаради.

Молиянинг функциялари молия механизми орқали амалга оширилади. Бу механизм миллий хўжаликдаги молиявий муносабатлар ташкилий шаклларининг мажмуини, марказлаштирилган ва марказлаштирилмаган пул маблағлари фондларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини, молиявий режалаштириш методларини, молия ва молия тизимини бошқариш шаклларини, молиявий қонунчиликни ўз ичига олади. Бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш шароитида сифат жиҳатидан янги бўлган молия механизми қўланилади. Бу, энг аввало, хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳолининг бюджет тизими, нобюджет фондлари, мулкий ва шахсий суғурта органлари ва бошқалар билан бўлган ўзаро муносабатларга тегишлидир.



Миллий даромад (МД)

Амортизация ва бизнесга эгри солиқлар

Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)

--- =

М
Моддий ишлаб чиқариш соҳасидаги корхоналарнинг даромадлари
Дни бирламчи тақсимоти




Моддий ишлаб чиқаришда банд бўлган барча ишчи-ходимларнинг иш ҳақи (даромади)

Бирламчи даромадлар


МДнинг қайта тақсимланиши



Ижтимоий соҳа (таълим, соғлиқни сақлаш, фан, маданият, спорт)

Ижтимоий суғурта фонди

Давлат бошқаруви ва мудофаа соҳасидаги ишчиларга иш ҳақи фонди

Суғурта фондлари

Резерв фондлари

Ишлаб чиқариш бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш фонди

Инвестиция ва капитал қўйилмалар фонди

Истеъмол фонди

Жамғариш фонди
Иккиламчи даромадлар

-савол баёни. Ижтимоий-иқтисодий формациялар (тузумлар) бир-биридан ишлаб чиқариш муносабатлари билан фарқланади. Ўз навбатида, янги ишлаб чиқариш муносабатлари ишлаб чиқариш кучларининг ривожланиш даражасидан келиб чиқади. Янги ишлаб чиқариш муносабатларига давлат тузилмаси ҳам мос келиши керак. Алоҳида олинган давлатда ўзгаришлар юқоридагидек кетма-кетликда ва боғлиқликда содир бўлмаслиги мумкин. Лекин бу жараёндаги умумий қонуният хусусий ҳолатларга боғлиқ бўлмайди. Ҳар бир ижтимоий формация ва шунга мувофиқ равишда, шу формациядаги (тузумдаги) давлатга маълум бир молиявий тузилма жавоб беради (мос келади). Турли ижтимоий-иқтисодий формацияларда (тузумларда) молиянинг фарқ-ланиши қуйидаги сабаблар билан белгиланади:



  • ҳар қандай ижтимоий формацияга (тузумга) жамиятнинг ўз синфий тузилмаси мос келади. Бунда молия МДни тақсимлаш муносабатларини ҳисобга олиб, уларнинг давлат фойдасига қайта тақсимланишини ташкил қилади;

  • ҳар қандай ижтимоий-иқтисодий формацияда (тузумда) молия ҳукмрон синфнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи давлатнинг мақсадлари ва вазифаларига бўйсунади;

  • ишлаб чиқаришнинг янги усули хўжалик муносабат-ларининг янги тизимини вужудга келтиради. Масалан, қулдорлик ва феодал формацияларда (тузумларда) натурал муносабатлар хос бўлган бўлса, шунга мос равишда давлат даромадларини шакллантириш ҳам натурал характер касб этган. Капиталистик хўжалик товар-пул муносабатларига таянади. Шунга мувофиқ давлат даромадларини шакллан-тириш ҳам пул шаклида амалга оширилади;

  • агар давлат бошқарув органи сифатида таркиб топган ишлаб чиқариш муносабатлари ва синфий тузумнинг вазифаларига хизмат қилса, шу вазифаларга молия ҳам хизмат қилади;

  • ХХ аср тажрибаси огоҳлантиради (ўқитади, таълим беради, тарбиялайди):

- аниқ синфларга бўлинган давлат мавжуд бўлмайди;
- турли ижтимоий тузилмага эга бўлган давлатлар бир тарихий даврда бўлиши мумкин;
- бир ижтимоий-тарихий формациядан (тузумдан) иккин-чисига ўтиш асрлар давомида содир бўлиши мумкин;
- фақат ижтимоий тузилма ва технологияларнинг эмас, балки молиянинг ҳам экспорт қилиниш эҳтимоли мавжуд.
Натурал муносабатлар устунлик қилган пайтларда ҳатто нисбатан ривожланган мамлакатларда ҳам пул ўзининг барча функцияларини бажараолмаган. Шунга мос равишда пул муносабатларининг тизими сифатида молия ҳам энг умумийлик касб этаолмаган. Ибтидоий-жамоа тузумининг хўжалик тузилмаси тўғрисида аниқ маълумотлар мавжуд бўлмаганлиги учун гумон (тахмин) қилиш мумкинки, доимий давлат аппарати йўқ бўлганлиги учун ана шундай давлатнинг даромадлари ва харажатларини шакллантириш ҳам бўлмаган. Давлат аппаратининг шаклланиши, унга тегишли бўлган функцияларнинг кенгайиши, хусусан, доимий қўшинларга асос солиниши, йўл қурилишининг жориш этилиши билан молиянинг роли ошиб борган. Қулдорлик давлатлари даромадларининг асосий манбалари контрибу-циялар, ҳарбий ўлжалар, натурал солиқлар ва бошқалар ҳисобланган. Маълум бир мамлакатда маълум бир давр мобайнида аҳолининг қандайдир гуруҳлари пул кўринишидаги солиқларни тўлаган бўлиши мумкин. Шундай бўлишига қарамасдан, қулдорлик формацияциясида (тузумида) пул кўринишдаги солиқлар фақат тасодифийлик характерига эга эди. Худди шунингдек, натурал хўжалик юритишга асосланган феодализмда ҳам пуллик солиқлар устуворлик касб қилиши мумкин эмас эди.
Шуни идрок этиш (тушуниш) энг муҳимки, жамиятнинг товар-пул муносабатларига ўтиши муносабати билан иқтисодий категория сифатида молия умумийлик характерига эга бўлади. Бироқ, ҳатто ана шундай шароитда ҳам давлат эҳтиёжларини қондиришнинг пулсиз характерга эга бўлган методлари сақланиб қолиши мумкин. Бунинг мумтоз мисоли сифатида ёппасига ҳарбий мажбуриятни кўрсатиб ўтиш мумкин.
Молиянинг тарихий характерга эга эканлиги ҳар қандай давлат ўз функцияларини амалга ошириш учун зарур бўлган фондларни шакллантириш ва улардан фойдаланишнинг тизимини яратади, деган хулосани чиқаришга имкон беради. Бунда фондларни шакллантириш ва улардан фойдала-нишнинг шакллари ва методлари бир-биридан кескин фарқ қилиши мумкин. Бироқ, фондларни шакллантиришнинг манбалари чекланган ва ҳеч бир давлат ўз эҳтиёжларини қондириш учун даромадларнинг янги манбаларини ихтиро қилиш мумкин эмас. Бу ерда гап ундиришнинг шакллари тўғрисида эмас, балки унинг объектлари тўғрисида кетаяпти. Ана шундай объектлар сифатида ҳар доим мулк ва даромад майдонга чиқади. Ундириш шакллари тўғрисида гапирила-диган бўлса, у ҳолда ҳатто антик грек давлатларидаёқ тўғри (бевосита) солиқлар билан биргаликда эгри (билвосита) солиқлар ҳам пайдо бўлган. Тўғри (бевосита) солиқлар ер ва мол эгаларидан олинган. Уруш даврларида эса мулкий солиқ жорий этилган. Эгри (билвосита) солиқлар божхона божлари ва савдога солиқ шаклларида майдонга чиққан.
Рим империясида армияда пулли тўланмалар (ёллан-малар ва офицерлар учун) жорий этилган. Бу ва шунга ўхшаш бошқа эҳтиёжлар (тамошаларни ташкил этиш, ишсиз фуқароларга ёрдам кўрсатиш ва бошқалар) пулли харажатларни талаб этган. Шунинг учун ҳам ҳарбий ўлжалар ва контрибуцияларга қўшимча равишда пулли солиқлар жорий этилган. Қулни сотиш ва сотиб олиш учун тўланадиган солиқ ана шундай солиқларнинг дастлабкисидир. Ноозиқ-овқат буюмларини сотганлик учун (1% миқдорида) ҳам солиқ ундирилган. Урушлар даврида ҳар бир фуқаро мол-мулкдан ундириладиган фавқулодда солиқни ҳам тўлаган. 5% миқдорида ундириладиган меросдан олинадиган солиқ жорий этилган. Ижтимоий тузум сифатида феодализм ё қулларга эгалик қилиш, ё патриархал тузум асосида ривожланган. Бироқ бу ерга хусусий эгалик ва деҳқонларнинг крепост-нойлигига (бириктирилганлигига) асосланган ижтимоий тузумга кескин таъсир кўрсатмаган. Крепостной (бириктирилган) деҳқонлар бўлмаган жойда феодализм ҳам мавжуд бўлмаган.
Ҳар бир мамлакатда марказлаштирилган ҳукуматнинг роли ва унинг функциялари феодалларнинг таъсири остида белгиланган. Феодал ўзи эгалик қиладиган жой чегаралари доирасида ўз солиқларининг тизимини жорий этган. Марказий ҳокимият хўжалик ҳаётига, хусусан, аҳолини солиққа тортиш масалаларини фақат феодал билан мувофиқлаштирилган чегара доирасида аралашуви мумкин эди. Европада феодал бўлинувчанликка биринчи марта салб юришлари орқали келиб чиққан рицарликларнинг кучсизланиши оқибатида барҳам берилган2. Алоҳида олинган давлатлар ўртасидаги урушлар бошқаларга нисбатан урушлар туфайли бойиган мамлакатларда қироллик ҳокимиятини мустаҳкамлаган. Ер эгаларини сақлашга сарф қилинган тўланмалардан ташқари деҳқонлар йўллар, қасрлар, қалъалар қуриш ва армияга хизмат қилиш билан боғлиқ бўлган бошқа ишларни ҳам бажаришга мажбур бўлганлар. Ҳунармандлар феодал ва шаҳар ҳокимиятларига солиқларни фақат ўзларининг буюмлари билан эмас, балки пуллари билан ҳам тўлаганлар. Савдогарлар феодалга совғалар ва даромадларидан тўловлардан ташқари транзит ва бошқа божларни тўла-ганлар.
Ўрта асрларнинг бошларида ҳар бир ҳукмдор ўз солиқлари ва ўлпонларини жорий этган. Ҳатто давлатнинг ичида ҳам солиқ ва ўлпонларни унификация қилиш тўғрисида гап бўлмаган. Абсолютизмнинг мустаҳкамланиши ва ишлаб чиқариш кучларининг ривожланиши пулли солиқларга ўтишга сабаб бўлди. Жамиятда товар муносабатлари қанча юқори бўлса, пулли солиқларнинг салмоғи ҳам шунча катта бўла борган. Феодализмнинг ўрта ва сўнгги даврларига хос бўлган ягона умумий белги сифатида сотиб олиш тизимининг мавжудлигини эътироф этиш мумкин. Сотиб олувчилар хазинага келишилган ёки қайд этилган суммани тўлаб, даромадларнинг катта қисмини ўз ихтиёрларига қолдирганлар. Шунинг учун ҳам сотиб олувчилар, савдогарлар, ҳунармандлар феодал муносабатларни буржуа муноса-батларига айлантиришда энг асосий манфаатдорлар шаклида майдонга чиққанлар.
Солиққа тортишнинг сотиб олиш тизими сотиб олувчиларнинг қўлида катта миқдордаги пул ресурсларининг тўпланишга имкон берди. Улар заводлар, фабрикалар ва банкларнинг биринчи мулкдорларига, буржуазиянинг биринчи вакилларига айланганлар. Турли солиқ имтиёзлари ва преференциялари, тўсиқли божхона божлари ва солиқ иммунитетлари капиталнинг жамғарилишига олиб келди. Ишлаб чиқариш кучларининг ривожланиши билан жамғарилган капитал эндигина туғилиб келаётган саноат сари йўл олиб, капиталистик муносабатларнинг ривожланишига ўз таъсирини кўрсатди. Ва ниҳоят, ҳукумат, узлуксиз феодал урушларини олиб бориб, қурол-яроқ, ҳарбий иншоотлар, флотни қуришнинг буюртмачиси сифатида майдонга чиқиб, МДни солиқ тизими орқали қайта тақсимлаб капиталнинг саноатда тўпланишига (жамғарилишига) олиб келди (имкон берди). Капиталнинг жамғарилишига саноатнинг ривожланишини рағбатлантирган, буржуазиянинг мустаҳкамланишига шароит яратиб берган мустамлакаларнинг босиб олиниши ҳам ёрдам берди.
Шаҳарлар ва саноатнинг ривожланиши ишчи кучи оқимини талаб этган. Ишчилар салмоғининг аҳоли умумий сонига нисбатан ортиб бориши жамиятдаги натурал муносабатларни қисқартирди. Буларнинг барчаси капита-листик муносабатларнинг ривожланишига ўз таъсирини кўрсатди. Буржуазия томонидан ҳокимиятнинг қўлга киритилиши монархиянинг емирилиши ёки унинг ҳоки-миятчилик ваколатларидан маҳрум бўлганлигини англатади. Ҳокимият тепасига келиб, буржуазия “солиқ зулми”ни пасайтиришга эмас, балки феодалларга тегишли бўлган имтиёзларга барҳам беришга ва солиқларни меҳнаткаш-ларнинг зиммасига юклашга интилди. Давлатдаги умумий солиқ юки енгиллашмайди. Турлича тарзда таъсир этадиган омилларнинг таъсири остида буржуазия капитални янада жамғариш ва ўз фойдасини янада ўстириш учун ўзини тегишли имкониятлар билан таъминлади.
Капиталлар ҳаракатидаги миллий чегараларга барҳам берилиши билан банклар, биржалар ва мустамлкачилик урушлари бундай вазиятнинг инструментлари бшлиб қолди. Буржуазия эксплуатация қилишнинг бутун оғирлигини босб олинган мустамлакалар ишчилари гарданига юклаб, ўз мамлакатлари ишчиларининг ашаддий ҳимоячиларига айланди. Ўз даромадлари учун ишчилар синфининг қарши кураши буржуазия қўлида капиталнинг янада концентра-циялашувига (тўпланишига) имкон берувчи янги молиявий институтларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Бу ерда гап тиббий ва социал суғурта, мол-мулк ва ҳаёт суғуртаси тизимлари тўғрисида кетаяпти. Барча мамлакатларда буржуазия давлат туфайли солиқларнинг жуда катта қисмини ўз қўлига қурол-аслаҳага, транспорт қурилишига, уй-жой қурилишига ва ҳ.к.ларга буюртмалар орқали тўплайди (концентрация қилади).
Хусусий-тадбиркорлик принципларига асосланган тизим сифатида капитализмнинг тараққий этиши билан халқаро меҳнат тақсимоти жараёнининг кучайиши ва шу асосда капиталнинг ривожланган мамлакатларда концентрация-лашуви кузатилади. На фақат солиқ имтиёзлари ва ҳукумат буюртмалари, балки божлар, имтиёзли кредитлар тизими, норентабелли корхоналар ва бутун тармоқларни сотиб олиш, ноишлаб чиқариш инфратузилмани молиялаштириш ва ҳ.к.лар орқали давлат ҳар доим миллий буржуазиянинг позицияларини мустаҳкамлашда ҳал қилувчи ролни ўйнайди. Иқтисодий таназзуллар ва иқтисодиётнинг стагнация даврларида солиқлар, кредитлар ва буюртмалар билан манипуляция қилиш асосида ўзининг тартибга солувчилик (регуляторлик) ролини фаоллаштиради. Бунинг мумтоз мисоли сифатида 1929 йилдаги иқтисодий таназзул пайтида АҚШ ҳукуматининг юргизган сиёсатини кўрсатиш мумкин.
Бугун кундалик турмушга “финансы” (“молия”) атамасини илк бор киритган муаллифни аниқлаш жуда мураккаб. Бу атаманинг биринчи муаллифи сифатида 1577 йилда “Республика хусусида олти китоб” асарини нашр эттирган француз олими Ж.Боденни қолдириш (ҳисоблаш) мумкин. Ундан сўнг бу атама дунёнинг барча бошқа тилларига кириб борган. Бироқ айрим адабиётларда бу атаманинг лотин тилидан олинганлиги тўғрисида исботланмаган қарашлар ҳам мавжуд. Бу нашрда “финансы” (“молия”) атамаси давлат ва такрор ишлаб чиқариш муносабатларининг бошқа субъектлари ўртасидаги муносабатлар тизимини ифодалаш учун фойдаланилган. Ҳозирги нуқтаи-назардан бу муносабатларни молияга киритиш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки улар пулли характерга эга бўлмаган. Бироқ, натурал муносабатлар устуворлик қилган иқтисодий формациялардаги (тузумлардаги) натурал солиқлар ва шахсий тўланмаларнинг иқтисодий моҳияти товар-пул муносабатлари ривожланган иқтисодий формациялардаги (тузумлардаги) пулли солиқларнинг иқтисодий моҳияти билан бир хилдир.
Молияга бағишланган ишнинг биринчи европалик муаллифи Ксенофонт (эрамиздан аввалги 430-355 йиллар) ҳисобланади. Унинг шу хусусдаги асари “Афина республи-касининг даромадлари тўғрисида” деб номланган. Аристо-тельда (эрамиздан аввалги 384-322 йиллар) молия соҳасидаги қарашлар унинг “Афина давлат тузилмаси” деб номланган асарида баён қилинган. Эрамизнинг 948 йилида солиқлар тўғрисида асар ёзган Қадам исмли араб олимининг номи ҳам фанда маълум. Молия муаммолари билан шуғулланган европалик олимларнинг узоқ рўйхатини Ф.Аквинский (1225-1274 йиллар) бошлаб беради. У илк марта қиролнинг солиқларни ундириш борасидаги ҳуқуқини асослашга уринган.
Молия бўйича ишларнинг биринчи муаллифлари қаторига Ф.Петрарка, Д.Караф, Бернардо, Ф.Гвиччардини, Дж.Ботеро, Н.Макиавели ва бошқа италияликларни киритиш мумкин.
ХVII асрда молия назариясининг ривжланишига инглиз иқтисодчилари катта ҳисса қўшган. Уларнинг орасидан Т.Мен, Дж.Локк, Т.Гоббс, П.Гаутонларни алоҳида ажратиб кўрсатиш керак.
Л. фон Секендорф, С.Пуфендорф, И.Юсти ва И.Зонненфельс каби немис олимлари ХVII-ХVIII асрларда молия фанини бойитишга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшганлар. Улар адабиётларда камералистиканинг немис мактаби вакиллари сифатида киритилган. И.Юсти 1746 йилда нашр этилган “Молия моҳиятининг тизими” асарида молия тўғрисидаги камералистик мактаб вакилларининг қараш-ларини умумлаштирди. Бу асрда биринчи марта молия фани ва молиявий сиёсат ажратилиб кўрсатилган (чегараланган).
Физиократларнинг ўтмишдошлари ҳам иқтисодиётни ўрганганлар. Уларнинг асарларида молиянинг турли йўналишлари (аспектлари) таҳлил ва тадқиқ қилинган. Бундай муаллифлар қаторига Т.Гоббс, Дж.Локк, Д.Юм, В.Петти, Г.Баугильбер, С.Вобан, Дж.Стюартларни кўрсатиш мумкин. Айнан В.Петти (1623-1687 йиллар) ўзининг “Солиқлар ва йиғимлар хусусида трактатлар” асари билан буржуа сиёсий иқтисодининг илк намояндаси (бошловчиси) ҳисобланади.
Мумтоз сиёсий иқтисоднинг вужудга келиши (туғилиши) ва ривожланиши ХVIII асрга тўғри келади. Бу мактабнинг вакиллари молияни сиёсий иқтисоддан ажратмаганлар ва уни мустақил фан сифатида эътироф этмаганлар. Бу мактаб муаллифлари (французлар – А.Тюрго, Ф.Кенэ ва В.Мирабо, инглизлар – А.Смит ва Д.Рикардо) ишларининг даражаси, ҳажми ва услуби хилма-хил бўлишига қарамасдан мумтоз мактаб вакилларининг молия тўғрисидаги таълимотларини қуйидаги тўртта асосий йўналишга келтириш мумкин:

  • давлат керак, чунки у “табиий тартиб”ни ҳасаддан ва тажовузлардан ҳимоялайди;

  • давлатни сақлаш (ушлаб туриш) арзон бўлмоғи лозим, чунки давлатнинг бошқарув харажатлари ноишлаб чиқариш характерига эга;

  • давлат “табиий тартиб”ни, яъни мулкчилик ва рақобат ҳуқуқини, буза олмайди, чекловчи божхона божлари ва монополияларни ўрнатиш йўли билан ҳам мамлакатнинг хўжалик ҳаётига аралашмаслиги керак;

  • давлат солиққа тортишнинг қуйидаги асосий принцип-ларига қатъий риоя этмоғи лозим:

- ўз даромадларига мувофиқ равишда барча солиқ тўлаши керак (бу қоида руҳонийлар ва асозодаларнинг солиқ иммунитетига қарши йўналтирилган);
- солиқни олдиндан аниқ белгилаш (аниқлаш) зарур;
- солиқни солиқ тўловчи учун қулай бўлган вақтда ундириш лозим;
- солиқларнинг ундирилиши (олиниши) арзон бўлиши керак.
Капиталистик тизимнинг феодализм устидан ғалабаси янги ишлаб чиқариш муносабатларини у ёки бу даражада ҳимоя қилувчи иқтисодий мактаблар ва қарашларнинг вужудга келишига олиб келди. Шўролар тарихнавислигида бу иқтисодий мактабнинг вакиллари вульгар иқтисодчилар гуруҳига бирлаштирилган эди. Чунки улар, асосан, давлат даромадларини шакллантириш масалаларига асосий эътиборни қаратиб, унинг харажатларини таҳлил этиш буржуа ҳукуматлари тўғрисида салбий тасаввур ҳосил қилиши мумкинлиги тўғри деб ҳисоблаган эдилар. Бу мактабнинг етакчи намояндаларидан бири “Сиёсий иқтисод асослари” деб номланган ўз асарини 1848 йилда чоп этган Дж.Миль ҳисобланади. ХIХ асрнинг охирларидаги молиячи-олимлар қаторига 1877 йилда молия фани курсини нашр этган француз П.Ле-руа-Больени ва 1892 йилда “Давлат молияси” китобини ёзган инглиз К.Бастблни киритиш мумкин. ХIХ асрда молия назариясининг ривожланишига катта ҳисса қўшиб, 1826-1832 йилларда учинчи қисми тўлиқ молияга бағишланган сиёсий иқтисод курсини нашр эттирган К.Раудир. Унинг “Молия фанининг асосий бошланиши” деб номланган асари 1867 йилда рус тилида нашр этилган ва Россияда молия фанининг ривожланишига ўзининг кескин таъсирини кўрсатган.
ХIХ асрнинг биринчи 1/3ида нашр этилган немис олимларидан Соден (1811 йил), Якоб (1821 йил), Мальхус (1830 йил) ва Шенларнинг (1832 йил) молия тўғрисидаги асарлари алоҳида машҳурликка эга бўлмаган бўлса-да, лекин бу ишлар “молия” тушунчасининг таркибига биринчи марта маҳаллий молияни киритган Л.фон Штейн ва молия фанининг мумтози А.Вагнерлар (унинг “Молия тўғрисидаги фан” асари 1880 йилда нашр этилган) дунёқарашларининг шакллани-шида катта роль ўйнади. ХIХ аср охирларининг етакчи молиячи-олимлари қаторига австриялик Э.Саксни, италиялик Ф.Ниттини, АҚШлик Э.Селигманни ва ниҳоят, “Молия фани асослари” деб номланган асари 1869 йилда (1900 йилда – рус тилида) нашрдан чиққан италиялик олим Л.Коссни киритиш мумкин. ХХ аср молиячиларининг қарашлари махсус адабиётларда етарли даражада баён қилинган. Биз учун эса, баъзи бир объектив ва субъектив сабабларга кўра, рус иқтисодий (молиявий) адабиётида “молия” тушунчасининг генезисини (тараққий этишини) кўриб чиқиш ҳам маълум бир аҳамиятга эгадир.
Молия соҳасидаги баённинг биринчи рус муаллифи Иван Грозный даврида яшаган И.С.Пересветов ҳисобланади. У давлатнинг ҳарбий қудратини кучайтириш мақсадида хазина даромадларини кўпайтириш ва давлат ресурсларини марказлаштиришнинг тарафдори бўлган.
ХVII асрдан бизгача Ю.Крижанич ва Г.Котошихинларнинг молия хусусидаги асарлари ҳам етиб келган. Ю.Крижанич ўз асарларида европалик муаллифларнинг иқтисод ва молияга оид қарашлари ва мулоҳазаларидан кенг фойдаланади, уларни Россиянинг эҳтиёжларига “боғлайди”. У давлатнинг бойиши усулларига (масалаларига) жиддий эътибор қаратиб, уларни икки гуруҳга – бойишнинг “тўғри” ва “нотўғри” усулларига бўлади ва бу нарсаларнинг дунёда аллақачан маълум эканлиги ва уларнинг янгиларини ўйлаб топмаслик керак деб ҳисоблайди.
Г.Котошихиннинг 1664 йилда ёзилган ва “Алексей Михайлович подшоҳлигидаги Россия тўғрисида” деб номланган асари орадан икки юз йил ўтгандан сўнг маълум бўлган. Унда ХVII асрнинг ўрталаридаги Россияга тегишли бўлган катта маълумотлар келтирилган.
ХVIII асрнинг бошларида молия назариётчиларининг йирик вакили И.Посошков ҳисобланади. Унинг молия соҳасидаги таклифини қуйидагича ифодалаш мумкин: боқимандани ундираётган пайтда унинг тўловчисини хонавайрон қилмасдан, тўловчидан тўловни амалга ошириш муддатлари хусусида ёзма равишда мажбуриятни олмоқ лозим.
ХVIII асрнинг иккинчи ярмида молия назариясига оид бир неча асарлар пайдо бўлди. Уларнинг орасида яққол кўзга ташлангани А.Поленовнинг “Россия деҳқонларининг крепостнойлик ҳолати хусусида” деб номланган асаридир. Бу асарда Россияда биринчи бўлиб “солиқ” атамаси ишлатилган, мулкий суғуртанинг зарур эканлиги исботланган, Россиянинг амалдаги солиқ тизими танқидий нуқтаи-назардан таҳлил қилинган.
А.Нарышкин 1767 йилда эълон қилинган ва “Иқтисод” деб номланган мақоласида солиқларга оид бир неча қизиқарли мулоҳазарларни олдинга суради, солиқлар ва давлат ўртасидаги боғлиқликни таҳлил қилади.
Россияда “молия” атамасининг пайдо бўлиши ХVIII асрга бориб тақалади. Бу атама рус тилига француз тилидан кириб келган бўлиб, қарийб ярим аср мобайнида “хазина” атамаси билан ёнма-ён ишлатилган. Биринчи марта Россия адабиётида “молия” илмий тушунчаси 1767 йилда Москва университети томонидан нашр этилган “Энциклопедиядан таржималар” китобининг сўзбошисида ишлатилган. Бу ерда “молия” тушунчаси “давлат даромадларига тегишли бўлган иш” деб талқил қилинган. Уни илмий муомалага биринчи марта Москва университетининг ҳуқуқ бўйича профессори С.Десницкий киритган. 1802 йилда Молия вазирлигининг ташкил этилиши билан бу атама илмий муомалаларда мустаҳкам ўрин эгаллай бошлади. Бироқ 1835 йилга қадар, яъни рус университетларида “Молиявий ҳуқуқ” курси пайдо бўлганча қадар молия мустақил фан сифатида эмас, балки сиёсий иқтисоднинг таркибий қисми сифатида қаралган. Амалиётда эса, кўпроқ “хазина” атамаси ишлатилган.
А.Радищев ўзининг “Жон йиғими хусусида” деб номланган асарида биринчи марта солиқларнинг моҳиятини, иқтисодий табиатини, турларини тадқиқ этган.
Молия тўғрисидаги биринчи рус монографияси 1810-1811 йилларда Н.Тургенев томонидан ёзилган.
Молия соҳасидаги ўзига хос асарларга граф Сперанскийнинг молиявий режасини, молия назарияси бўйича биринчи русча бўлган И.Горловнинг дарслигини, Ю.Гагемайстер, В.Кури, Д.Толстойларнинг молиянинг ривожланиш тарихига бағишланган тадқиқотларини, М.Орловнинг давлат кредити тўғрисидаги ишларини киритиш мумкин.
ХIХ асрнинг иккинчи ярмида эълон қилинган ва молиянинг назарий масалаларига бағишланган асарлар орасида И.Шильнинг монографияси алоҳида ўрин эгаллайди. Унинг фикрича, молия назарияси давлат хазинаси ғоясига бўйсундирилган.
Рус фанида Ф.Мильгаузен биринчи марта молия ва молия фанини чегаралаб берган. У биринчилардан бўлиб, молиянинг пулли табиатидан воз кечган.
Молиянинг моҳиятини идрок этишда Д.Львов ўзининг ўтмишдошларидан анча олдинга кетган ва у молия дейилганда ресурслар ва бойликларни эмас, балки маълум бир ижтимоий муносабатларни тушунган.
ХIХ асрнинг охирларида В.Лебедев, И.Янжул, Л.Ходский, С.Витте ва И.Озеровлар асарлари молия назариясини ривожлантиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган.
Капитализм илк давридаги Россиянинг молия фани академик И.Янжулнинг асарларида ўз ифодасини топган. Унинг фикрича, молия фанининг предмети давлатнинг моддий эҳтиёжларини энг яхши қондириш усулларини тадқиқ этиш ҳисобланади.
Россия молия фанининг оёққа туришида проф. И.Озеровнинг хизматлари ҳам катта. У молияга нисбатан янгича ёндошувни асослаб берган. Унинг назарида молия восита ёки ресурс эмас, балки муносабатлардир.
Проф. Л.Ходский молия фанининг чегараларини бироз кенгайтиради ва унинг таркибига пул муомаласи масалаларини ҳам киритади.
1882-1885 йилларда ўзининг “Молиявий ҳуқуқ” асарини нашр эттирган Санкт-Петербург университетининг профес-сори В.Лебедев ҳам молия назариясини ривожлантиришга муносиб хизмат кўрсатган. У молиянинг таркибига фақат пул даромадларини киритибгина қолмасдан, натурал солиқларни ҳам киритади, давлат харажатларини эса, унинг таркибидан чиқаради.
ХХ асрнинг бошларида молияга оид М.Боголепов, В.Твердохлебов, А.Буковецкий ва П.Гензелларнинг асарлари пайдо бўлади.
Шўролар даврида молия фанининг тараққий этишида этишида В.Дьяченко, А.Александров, А.Бирман, Э.Возне-сенский, В.Чантладзе, Б.Болдырев, В.Родионова, П.Николь-скийлар ўзига хос тарзда ёндошганлар. Уларнинг асарлари ҳозирги кунда ўз талабига эга бўлмаса-да, бизнинг фикримизча, кейинги йиллар тадқиқотчилари учун улар қизиқарли предмет бўлиши, шубҳасиз.
Молия генезисида (тараққиётида) ва унинг назарий масалаларини тадқиқ этишда ўзбекистонлик молиячи олимларнинг залвори, баъзи бир объектив ва субъектив сабабларга кўра, юқори бўлмаса-да, шундай бўлишига қарамасдан бу борада проф.Ҳ.Р.Собиров, доц.Х.М.Муратов, доц.Ҳ.Ҳ.Мухамедназаров, проф.Қ.А.Яҳъёев, проф.О.О.Олим-жонов, проф.Т.С.Маликов, проф.Н.Ҳ.Ҳайдаров, проф.О.К. Иминов, проф.А.С.Жўраев, проф. М.И.Альмардонов, проф. Н.Х.Жумаев, проф.Н.Р.Қўзиева ва бошқаларнинг қарашлари ҳам ўз ўрнига эга.


1 Бир вақтнинг ўзида молиянинг функциялари хусусида молиячи-олимлар ўртасида ҳамон бир тўхтамга келингани йўқлигини ҳам қайд этиб ўтиш керак. Айрим иқтисодчи-олимларнинг фикрича, молиянинг функциялари 2тадан 10тагача тебраниб боради. Масалан, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия Давлат хизмати академияси иқтисодчи-олимларининг фикрига мувофиқ молиянинг асосий функциялари қуйидагилардан иборат: тақсимлаш ва қайта тақсимлаш; рағбатлантириш (тартибга солиш); назорат; такрор ишлаб чиқариш; такрор ишлаб чиқаришнинг барча даражаларида унинг жараёнларини пул маблағлари билан таъминлаш. (Қаранг: Финансы, налоги и кредит. Учебник. Изд. 2-е, доп. и перераб. /Под ред. д.э.н., проф. И.Д.Мацкуляка. – М.: Изд-во РАГС, 2007. с.21).



2 Афсуски, Ўрта Осиёдаги вазият баъзи бир объектив ва субъектив сабабларга кўра тегишли мутахассислар томонидан етарли даражада тадқиқ этилмаганлиги ва мавжуд манбалар устида ишлашнинг жуда мураккаблиги муносабати билан масаланинг бу жиҳатларига ўз Ватанимиз мисолида тўхталиб ўтишга имконимиз йўқ. Дарсликнинг кейинги нашрларида бунга барҳам беришга ҳаракат қиламиз ва уни тегишли ишончли материаллар билан бойитиб, тўлдирамиз.

Download 74,61 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish