ТОШКЕНТ ТИББИЁТ АКАДЕМИЯСИ УРГАНЧ ФИЛИАЛИ УАШ ТАЙЁРЛАШ КАФЕДРАСИ “Тасдиқлайман” ўқув ишлари бўйича проректор Доцент ________ Б.С.Юлдашев «____»_______________2016 йил Фан : ШИФОКОР НАЗОРАТИ
МАВЗУ : Тиббий назорат фани масалалари ва мазмуни. Болалар ва ўсмирларнинг жисмоний ривожланишини баҳолаш ва тиббий гуруҳларга ажратиш.
Педиатрия факультети 5 - курс талабалари учун
ўқув қўлланма
1- АМАЛИЙ МАШҒУЛОТ
1 – сон амалий машғулот Мавзу:Тиббий назорат фани масалалари ва мазмуни. Болалар ва ўсмирларнинг жисмоний ривожланишини баҳолаш ва тиббий гуруҳларга ажратиш. Жисмоний тарбия ва спортда врач назорати - бу жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчиларга тиббий ёрдам кўрсатиш усулидир. Умумий тармоқ касалликни олдини олиш муассасалари ва махсус Шифокор назорати хоналари томонидан амалга оширилади.
Замонавий спортнинг вазифаси спорт натижаларига таъсир этувчи омилларни жадал ўрганишни, шу омилларни турли хил спорт мутахассислиги вакиллари учун аҳамиятини, таъсирини аниқлашни тақозо этади. Шу сабабдан жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчиларнинг жисмоний ривожланиши чуқур ва ҳар томонлама тадқиқ этилади. Бўлғуси шифокорлар жисмоний ривожланишни аниқлаш ва баҳолаш бўйича бир қатор амалий малакаларга эга бўлишлари ва уни ўзлаштиришлари лозим. Чунки жисмоний ривожланиш спортчининг саломатлик ҳолатини энг мухим кўрсаткичларидан бири бўлиб, жисмоний тарбия ва спорт ишлари самарадорлигини баҳолашга имкон беради.
Жисмоний тарбия ва тиббиётнинг соғлиқлик илдизлари бир неча асрни ўз ичига олади. Шу вақт ичида врачлар жисмоний тарбия турларидан рационал фойдаланишда иштирок этадилар. Бу нарсаларни Ҳинд ва Хитой шифокорлари эрамиздан 3000 йил аввал ёзилган қўл ёзмаларида, Гиппократ қўл ёзмаларида кўришимиз мумкин. XV асрда Италияда Салернский соғломлаштириш кодексини ишлаб чиқди, у ўз ичига эрталабки бадан тарбияни олди. XVII-XVIII асрларда кўпгина шифокорлар жисмоний машқларнинг соғломлаштирувчи ва шифобахш таъсирга эга эканлигини ёзганлар. XIX асрда Фридрик Вильгелм IV Германия мактабларига жисмо-ний тарбия дарсларини киритди.
XIX асрда Петербургда биринчи марта жисмоний тарбия ўқитувчилрини тайёрловчи уч йиллик курслар очилди, кейинчалик революциядан сўнг у жисмоний тарбия институтига айлнди.
Жисмоний машқларнинг организмга таъсирини ўрганиш, жисмоний тарбия билан шуғулланувчиларни тиббий назорат қилиш – ҳозирги вақтда мустақил илмий фан ҳисобланган спорт тиббиёти фанининг шаклланишига сабаб бўлди.
Спорт тиббиёти – илмий фан бўлиб, соғлом ва бемор организмига ҳар хил даражали жисмоний юкламаларнинг ижобий ва салбий таъсирларини ўрганиш (гипо- ва гиперкинезия). Бундан мақсад организм саломатлигини яхшилаш ва мустахкамлаш, функционал ҳолатини ошириш, спортдаги натижаларни ошириш учун, шунингдек ҳар хил касалликларнинг олдини олиш ва даволаш учун оптимал даражадаги жисмоний активликни аниқлашдир.
Спорт тиббиётининг асосий қисми бўлиб врач назорати ҳисобланади. Врач назорати – бу ўтказилаётган машғулотларнинг организмга таъсирини аниқлаш мақсадида спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланувчиларни саралаш ва уларни доимий тиббий кузатилишидир.
Врач назортининг мазмуни қуйидагилардан иборат : саломатлик ҳолатини, жисмоний ривожланганликни ва ички органларнинг функционал ҳолатини аниқлаш; шуғулланувчининг организмига жисмоний юкламанинг таъсирини кузатиш ва ўрганиш; функционал текшириш, диагностика ва даволаш усулларини ишлаб чиқиш ва жисмоний юкламалардан норционал фойдаланилганда келиб чиқадиган асоратларнинг олдини олиш.
Врач назоратининг иш мазмунига қуйидагилар киради :
-айрим спортчиларни ва жисмоний тарбия билан шуғулланувчиларни диспансер кузатиб туриш (кузатиш, касалликни аниқлаб даволаш ва олдини олиш);
-спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш;
-ўқув-машқ дарсларини шифокор педагог билан бирга назорат ўтказиш;
-спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланиш шароитлари устидан доимий санитария назоратини ўтказиб бориш;
-спорт мусобақаларини тиббий ёрдам кўрсатиш тадбирлари билан таъминлаш;
-спорт ва жисмоний тарбия масалалари бўйича врач маслаҳатларини бериш;
-машғулотларда ва мусобақаларда юз берадиган спорт жароҳатларининг олдини олиш;
-аҳолининг жисмоний тарбия билан шуғулланишини тарғибот қилиш.
Кўрилиб чиқилган врач назорати асосан врач-жисмоний тарбия диспансерларида олиб борилади. Врач-жисмоний тарбия диспансерларида асосан спорт мастерлари, 1-разрядли спортчилар, шаҳар, вилоят ёки Республика терма жамоалари назорат қилинади. Қолган спортчиларнинг врач назорати поликлиника, медсанчасть, спорт жамиятлари, ишлаб чиқариш корхоналари ва олий ўқув юртларида ташкил этилган врач назорати хоналарида олиб борилади ёки поликлиниканинг врач-терапевти томонидан ўтказилади.
Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, жисмоний тарбия билан шуғулланиш организмни мустаҳкамлайди, ҳимоя – мослашув жараёнларининг биологик механизмларини оширади. “Ҳар доим жисмоний тарбия билан шуғулланишда шунга эриша оламизми?” – деган савол туғилади. Қачонки жисмоний машқ бажараётган шахс учун жисмоний юклама даражаси оптимал бўлгандагина ижобий таъсирга олиб келади. Агар жисмоний юклама даражаси паст бўлса, у ҳолда ҳеч қандай таъсирга олиб келмайди; агар катта бўлса у ҳолда ҳар хил касалликларга ва ҳатто юракнинг тез ва кўп ишлаб юбориши ҳисобига “тўсатдан ўлимга” олиб келади. Жисмоний юклама катта бўлганида ёки хаддан ташқари кўп шуғулланганда юрак, буйрак, қон, жигар ва ҳатто суякларда ҳар хил ўзгаришлар келиб чиқиши мумкин.
Жисмоний машқлар 3 та асосий йўналишларда қўлланилади :
1.Спорт йўналиши – спорт билан шуғулланишнинг асосий мақсади ўз устида ишлаб спортда эришган натижаларини яхшилаб боришдир, яъни бунда саломатлик ҳолати доимо яхшиланиб борилади. Спорт билан фақат соғлом одамлар шуғулланади, шунинг учун спорт билан шуғулланиш ўз олдига даволаш вазифасини қўймайди, яъни спорт билан даволаш ишлари олиб борилмайди. Врачнинг вазифаси маълум спорт тури учун зарур бўлган шуғулланиш юкламасини индивидуаллаштириш, спортчининг саломатлигига юкламанинг салбий таъсирида уни машғулотлардан четлаштиришдир.
2.Соғломлаштирувчи жисмоний тарбия йўналиши – унинг вазифаси умумий соғломлаштириш, организмнинг қаршилигини ошириш, касаллик-ларнинг олдини олиш ва ҳ.з. Бу йўналиш ўз олдига спорт натижаларига эришишни мақсад қилиб қўймайди. Соғломлаштирувчи жисмоний тарбия билан соғлом одамлар, шунингдек сурункали касали бор беморлар ҳам (касалликнинг ремиссия даврида) шуғулланишлари мумкин. Бунда жисмоний юклама миқдори врач ва жисмоний тарбия ўқитувчиси томонидан аниқланади ва кузатиб борилади. Машғулот давомида машқларнинг организмга таъсир этишига қараб ёки организм ҳолатининг ўзгаришига қараб врач ва педагог юклама миқдорини ошириши ёки камайтириши, ҳамда маълум вақтга машғулотлардан четлатиши мумкин.
3.Шифобахш жисмоний тарбия йўналиши – унинг мақсади ва вазифалари – ҳар хил жисмоний машқларни қўллаш ёрдамида беморларни даволаш, касаллик ва жароҳатлардан сўнг орган ва системаларнинг бузилган функцияларини тиклашдан иборатдир. Даволаш мақсадида жисмоний машқларни қўллаш фақат врач мутахассис томонидан тавсия этилади.
Врач назоратининг вазифалари 1.Спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланувчиларни машғулотларга қўйиш мақсадида жисмоний ривожланиш даражасини, саломатлик ҳолатини ва ички органларнинг функционал ҳолатини аниқлаш ва машқларни рационал тавсия қилиш.
2.Жисмоний машқлар таъсирида жисмоний ривожланиш, саломатлик ва функционал ҳолатларда бўладиган ўзгаришларни доимий кузатиб туриш.
3.Жисмоний машқлардан норационал фойдаланиш натижасида юзага келадиган патологик ҳолатларни ва ўзгаришларни эрта аниқлаш, даволаш ва олдини олиш.
Спорт билан шуғулланувчиларга “соғлом” деган диагноз қўйилиши керак, чунки саломатлик ҳолатларида ўзгаришлар бўлса, улар спорт билан шуғулланишга қўйилмайдилар. Сабаби ҳозирги вақтда спорт билан шуғулланувчилар жуда катта жисмоний юкламалар бажарадилар, масалан : штангист шуғулланиш вақтида 20000 кггача юк кўтарадилар; сузувчилар 12 кмгача сузадилар; югурувчилар 40 кмгача югурадилар. Тренировкалар ҳафтасига 10-12 мартагача, ҳар куни 1,5 – 2 соатгча давом этади.
Адабиётлардан шу нарса маълумки, жисмоний фаоллик иммунитет системасига таъсир кўрсатади. Агар жисмоний машқлар рационал қўлланил-са, иммунитетнинг носпецифик факторлари ошади, лекин норационал қўлланилса, яъни катта ва жуда катта жисмоний юкламалар организмнинг иммунобиологик реактивлигини пасайтиради. Кучли жисмоний юклама тери ва шиллиқ пардаларнинг ҳимоя факторларига таъсир кўрсатади.
Спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланувчиларда сурункали инфекцион ўчоқларининг бўлиши муҳим аҳамиятга эга, яъни кариес тишлар, сурункали тонзилит ва сурункали холецистит. Чунки шуғулланиш вақтида ҳар хил, баъзида оғир асоратларнинг ҳосил бўлишига сабаб бўлади. Врач назортида саломатлик ҳолатини аниқлаш ўзига хос хусусиятга эгадир. Спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш вақтида врач биринчидан уларнинг жисмоний ривожланганлигини, саломатлик ҳолатини ва ички органларнинг функционал ҳолатини аниқлаши муҳим аҳамиятга эга. Бу қилинган ишлар ҳар бир тиббий кўрикда албатта такрорланади ва хал этилади, чунки шу олинган натижаларга асосланиб, спорт билан шуғулланмоқчи бўлганларга спорт турлари тавсия этилади. Бундан ташқари педагогик саралаш усули ҳам қўлланилади. Тренер ёки педагог махсус педагогик синамалар ёрдамида жисмоний ривожланган ва қобилиятли шуғулланувчиларни аниқлайди, чунки улар спорт мусобақалари-да юқори натижалар кўрсатиши мумкин. Лекин уларнинг саломатлик ҳолатлари тиббий талабларга жавоб бериши шарт. Агар уларнинг саломатлик ҳолати спорт билан шуғулланишга имкон бермаса, улар спорт билан шуғулланишга ва машқлар бажаришга рухсат этилмайди, аммо уларга жисмоний тарбия билан шуғулланишга ва жисмоний машқлар бажаришга рухсат этилади. Жисмоний тарбия билан ҳар бир одам шуғулланиши мумкин, лекин бунда ҳар бир шуғулланувчи учун машқлар ҳажми алоҳида белгиланади, бундан мақсад машқларидан рационал фойдаланиб, ижобий таъсир олишдир.