1- Мавзу: ”Ўзбекистоннинг энг янги тарихи” ўқув курсининг предмети, мақсади ва вазифалари, назарий-методик тамойиллари
Режа:
1. Кириш.
2."Энг янги тарих" тушунчасининг таърифи.
3. "Ўзбекистоннинг энг янги тарихи" курсининг предмети, унинг
мақсади, вазифалари ва назарий-услубий асослари.
1.Кириш.Ўзбекистон тарихи, шунингдек, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи жаҳон тарихининг ажралмас бир қисми бўлиб, у бизнинг замонамиздаги глобал жараёнлар билан чамбарчас боғлиқдир. Энг янги тарихни ўрганишнинг муҳимлиги шундаки, у мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-маънавий жиҳатдан барқарор ривожланишига таъсир қилувчи воқеа-ходисаларни тушунишга ҳамда теран идрок этишга ёрдам бериши билан белгиланади. Бундан ташқари, у бизга тарихий тараққиёт тенденцияларини олдиндан кўра билиш ва башорат этиша олиш имклониятини беради.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг мустақилликка эришиш жараёни собиқ совет ҳудудидаги бошқа мамлакатлар сингари мураккаб сиёсий ўзгаришлар шароитида юз берди. Давлат мустақиллигининг эълон қилиниши мамлакатнинг барча сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий тизимини тубдан ўзгартиришга йўл очди.
Демократик принципларга кўра миллий давлатчилик ва сиёсий тизимнинг асослари шакллантирилди, уларда ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари функциялари ва ваколатлари тақсимланди. Республиканинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётини эркинлаштириш босқичма-босқич, кескин инқилобий ларзаларсиз амалга оширилди. Ташқи сиёсатнинг миллий стратегияси ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон замонавий халқаро муносабатлар тизимига муносиб равишда кира олди. Ўзбекистон танлаган мустақил тараққиёт йўли халқимизнинг миллий хусусиятлари, урф-одатлари ва маданиятини ҳар томонлама ҳисобга олган ҳолда, тўпланган халқаро тажрибадан ижодий фойдаланишга асослангандир.
Замонавий тарихни ўта долзарблигини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримов 2012 йил январь ойида "Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Ўзбекистоннинг замонавий тарихи бўйича жамоат кенгашини ташкил этиш тўғрисида" қарор қабул қилди. Кенгашга тарихийлик ва объективлик, догматизмнинг олдини олиш, ўзбек халқининг тарихий ўтмиши ва бугунги кунини баҳолашга ҳар томонлама ёндошиш асосида Ўзбекистоннинг замонавий тарихини тизимли ўрганиш вазифалари юклатилди. Бунда замонавий тарихни илмий тадқиқ қилишда халқаро тажрибани ҳисобга олиш, янги авлод ўқув ва илмий адабиётларини тайёрлаш, Ўзбекистоннинг замонавий тарихи глобал ва минтақавий жараёнлар билан узвий боғлиқ эканлиги назарда тутилди.
Ўзбекистоннинг энг янги тарихи - бу тарих фанининг нисбатан янги йўналиши бўлиб, у 2020 йилда мустақил илмий фан сифатида ўзига хос методологияси, тадқиқот йўналишлари ва ўқув-услубий ишланмалари билан ажралиб чиқди. Шу муносабат билан, замонавий тарих мамлакатимизнинг мустақиллик арафасидаги ва мустақиллик тараққиёт даври тарихини, унинг ўзига хос тенденциялари, тарихий шарт-шароитлари ва ривожланиш жараёнларини илмий асосланган ҳолда ёритишни тақозо этмоқда.
Бинобарин, тарихшунослар ва, шунингдек, Ўзбекистон ижтимоий-гуманитар фанларининг бошқа вакиллари олдида жаҳон амалиётини бу борадаги тарихий тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, мазкур таълимни янги назарий ва методологик даражага кўтариш ҳамда янги илмий йўналишларни ўзлаштириш вазифаси турибди.
Do'stlaringiz bilan baham: |