2. Кредит субектлари ва обектлари, ресурслари ва манбалари
Кредит муносабатларида 2 томон, яъни қарз берувчи (Кредитор) ва қарз олувчи иштирок этади. Уларни кредит субектлари дейилади. Кредит субектлари таркибига корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, банклар, давлатлар, халқаро ташкилотлар, турли фондлар ва аҳолининг турли тоифалари киради.
Кредит 2 шаклда, яъни пул маблағлари ёки товарлар шаклида берилади. Уларни кредит обектлари дейилади. Кредит обектлари ҳар қандай пул маблағлари ва товарлар эмас, балки вақтинча бўш турган, берилиши мумкин бўлган пул маблағлари ва товарлардир.
Кредитга зарурат туғилганда қуйидаги бўш пул маблағларидан кредит ресурслари сифатида фойдаланиш мумкин:
Асосий фондларни тиклаш ва капитал таъмирлаш учун ажратиладиган амортизасия фондлари сифатидаги пул маблағлари;
Товарларни сотиш ва зарурий ишлаб чиқариш ресурсларини сотиб олиш вақтларининг бир-бирига мос келмаганлиги туфайли вужудга келган бўш пул маблағлари;
Товарларни сотишдан тушган пул тушумлари билан иш ҳақини тўлаш вақтлари орасида вақтинча бўш туриб қолган пул маблағлари;
Кенгайтирилган такрор ишлаб чиқариш жараёнида йиғиладиган ва капиталлаштириш учун мўлжалланган қўшимча маблағлар;
3. Кредитнинг функциялари ва тамойиллари
Кредитнинг моҳияти унинг функцияларида янаям яққолроқ намоён бўлади. Кредитнинг функциялари турли иқтисодий адабиётларда турлича ва миқдорда келтирилади. Айрим адабиётларда иқтисодчи–олимлар кредитнинг функцияларини бешта эканлигигини таъкидлашса, айримларида унинг функциялари иккитадан иборатлигига даъвогарлик қилади. Иқтисодчи – олимларнинг кредит функциялари ҳақидаги фикрларига, шунингдек, кредитнинг товар–пул муносабатлари ва ижтимоий – иқтисодий жараёнлардаги иштирокига таянган ҳолда, унинг қайта тақсимлаш (1), муомала жараёнини тезлаштириш (2), пулларни муомалага чиқариш ва нақдлаштириш (3) ҳамда пул капиталини жамғариш ва марказлашувини жадаллаштириш (4) функцияларини бажаришини таъкидлаш мумкин.
Кредитнинг функциялари ичида қайта тақсимлаш функцияси асосий функциялардан бири ҳисобланади. Кредит ушбу функцияси орқали жисмоний ва юридик шахсларининг тақсимланган даромадларининг вақтинчалик фойдаланилмаган қисмини тегишли фондларга жалб қилади.
Жалб қилинган маблағлар иқтисодиётнинг қўшимча ресурсларга эҳтиёжи мавжуд тармоқларига қайта тақсимланади. Кредит ушбу функцияси орқали вақтинчалик бўш пул маблағларининг соҳибларига қўшимча даромад олиш имкониятини яратса, кредиторга қўшимча маблағларга эҳтиёжи мавжуд шахсларга тегишли фоизлар бериш асосида даромад олишга, кредит олувчиларга эса ишлаб чиқариш жараёнини узлуксизлигини таъминлаш натижасида қўшимча қиймат яратиш имкониятини яратади.
Демак, кредитнинг қайта тақсимлаш функцияси орқали ссуда капитали иқтисодиётнинг тармоқлари ўртасида, қайтаришлик асосида жойлаштирилади, бу кредит муносабатларида бевосита иштирок этаётган томонларнинг иқтисодий манфаатдорлигини таъминлаш билан бирга, вақтинчалик бўш пул маблағларини кредитор ихтиёрига йўналтирган шахсларга тегишли даромад олишига хизмат қилади.
Кредитнинг қайта тақсимлаш функциясини амал қилишида пулнинг жамғарма функциясининг бевосита ва билвосита таъсири мавжуд. Ушбу масалаг классик ва неоклассик мактаб вакиллари алоҳида эътибор қаратишган. Хусусан, А.Маршалл «одамлар сотиб олиш имкониятига эга бўлишига қарамасдан, улар уни (пулни) ишлатмасликлари мумкин», дейди.
Кўриниб турибдики, ушбу эътироф Сэй қонунини тўлиғича инкор этмайди. Аксинча, неоклассик – иқтисодчилар шундай тўхтамга келишдики, Сэй қонуни бир шарт билан бажарилади, бу вақтда фақат жамғарма (S) инвестиция (I) кўринишини олади. Уларнинг таъкидлашича, бу вақтда капитал бозоридаги талаб ва таклифнинг мувозанати фоиз ставкасининг барқарорлиги ҳисобига юз беради. Агар жамғарма (капиталнинг таклифи) ҳажми мўлжалланган инвестиция қилиш ҳажмидан кам бўлса, натижада фоиз ставкаси ошади, бунинг оқибатида инвестицияга бўлган талаб камаяди, жамғармага нисбатан таклиф эса ортади.
Ушбу ҳолат ўртасидаги ўзаро мувозанат жамғарма ва кредитнинг фоиз ставкаси асосида тартибга солинади. Агар классик мактаб вакиллари инвестиция ва жамғарманинг ҳажмига фоиз ставкасининг таъсирини асосий омил қилиб кўрсатсалар, кейнсчилар эса унинг ҳажмига уй хўжалиги аъзолари томонидан олаётган даромадлар миқдори таъсир қилади, деб таъкидлайдилар. Албатта, бу жараён кредитнинг қайта тақсимлаш функциясига билвосита таъсири мавжуд.
Кредитнинг муомала жараёнини тезлаштириш функцияси мамлакат пул муомаласи, пул массаси, пулнинг айланиш тезлигига бевосита таъсир қилади. Бу жамиятдаги вақтинчалик бўш пул маблағларини тегишли фондларга жалб этиш орқали уларни пул айланмасига киритади. Маълумки, мамлакат пул массасининг товар массасига нисбатнинг таъминланиши миллий валютанинг барқарорлиги ва сотиб олиш қобилиятига ижобий таъсир кўрсатади. Бу жараёнда кредит мамлакат пул массасининг умумий ҳажмини оширмаган ҳолда иқтисодиёт тармоқларининг қўшимча маблағларга бўлган эҳтиёжни таъминлайди.
Одатда берилаётган кредитлар асосан молия муассасалари орқали бир ҳисобварақдан иккинчи ҳисобварақларга ўтказилади. Бу ўз навбатида муомаладаги пулларнинг айланиш тезлигига ижобий таъсир кўрсатади. Кредит пайдо бўлиши билан бирга, кредит пулларининг оддий шакли бўлган векселларни пайдо бўлишига сабаб бўлди. Албатта, векселлар хўжалик юритувчи субъектларнинг вақтинчалик пул маблағлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда, кредит муносабатлари ёрдамида муҳим молиявий қурол сифатида майдонга чиқади.
Кредитнинг пулларни муомалага чиқариш ва уларни нақдлаштириш функцияси асосан Марказий банкнинг қайта молиялаш сиёсати орқали амалга оширилади. Маълумки, Марказий банк муомаладаги пул массасини тартибга солиш мақсадида қайта молиялаш ставкалари асосида тижорат банкларига кредитлар беради, берилган кредитлар иқтисодиётдаги пул массасини ошириш билан бирга, Марказий банк томонидан кредитлар кўринишида муомалага чиқарилган нақдсиз пулларни у ёки бу йўл билан нақдлаштиради.
Кредит пул капиталини жамғариш ва марказлашувини жадаллаштириш функцияси ёрдамида йирик ссуда капиталини тегишли фондларда жамғаради. Жамғармалар ёрдамида мамлакатлар, ҳудудлар, минтақалар, қитъалар ёки айрим компанияларда маблағларнинг марказлашуви рўй беради. Кредит маблағларининг марказлашуви ҳудуднинг иқтисодиёти ва молия – кредит тизими ривожланган жойларда юз беради.
Кредитнинг функцияларини тўлақонли амал қилишида унинг тамойиллари алоҳида ўрин тутади. Кредит муносабатлари иқтисодиётда мавжуд аниқ услубий асосларга таянади. Унинг асосий элементлари бўлган ссуда капитали бозори операциялари маълум тамойиллар асосида олиб борилади. Бу тамойиллар кредит ривожланишининг биринчи босқичида кўзга ташланган эди, кейинчалик эса улар умумдавлат ва халқаро кредит қонунчилигида яққол ўз аксини топди. Иқтисодий тушунча сифатида кредит бир неча тамойилларга эга. Булар кредитнинг қайтиб берилиши, кредитнинг муддатлилиги, кредитнинг таъминланганлиги, мақсадлилиги ва тўловлилик тамойилларидир. Қуйида биз ҳар бир тамойилнинг мазмунини қисқача таърифлаб ўтамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |