Меҳнат ҳуқуқида иш вақти режими деганда ходимлар учун белгиланган иш вақти муддатининг муайян календарь давр (сутка, ҳафта, ой ва шу кабилар) доирасидаги тақсимоти тушунилади.
Иш вақти режими тушунчаси қуйидаги таркибий қисмларни ўз ичига олади: кундалик иш вақтининг (сменанинг) муддати, ишнинг бошланиш ва тугаш вақти, ишдаги танаффуслар вақти, сутка давомидаги сменалар сони, иш кунлари ҳамда ишланмайдиган кунларнинг навбат билан алмашиниши, ходимларнинг сменадан сменага ўтиш тартиби) корхонада ички меҳнат тартиби қоидалари ва бошқалар.
Ходимлар учун иш вақти режими корхонанинг локал норматив ҳужжатларида, бундай ҳужжатлар бўлмаган тақдирда эса корхонанинг иш режимини инобатга олган ҳолда, меҳнат шартномаси тарафларининг келишувига биноан белгилаб қўйилади. Белгилаб қўйилган иш режими, бир томондан, корхонанинг унга юклатилган вазифаларининг бажарилишини, иккинчи томондан эса қонун ҳужжатлари, локал норматив ҳужжатлар ёки меҳнат шартномасида ҳар бир ходим учун белгилаб қўйилган иш вақти муддатига риоя этилишини таъмин этилишини назарда тутади.
2-§. Иш вақтини ҳисобга олиб боришнинг тушунчаси ва турлари
Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида «иш вақтини ҳисобга олиш» атамаси икки хил маънода ишлатилади.
Улардан биринчиси иш вақти режимининг кунбай ҳисобига асосланган, иккинчиси эса, иш вақти жамлаб ҳисобга олинадиган турларини бирлаштиради
Иш вақти кунбай ҳисобга олинадиган ишларда иш режими ҳар бир иш куни ва ҳар бир иш ҳафтаси муддати тегишли тоифадаги ходимлар учун қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган иш муддати нормаси чегарасидан ортиб кетмаган ҳолда тақсимланади. Иш кунининг аниқ муддати умумий қоидага кўра ички меҳнат тартиби қоидалари ёки иш сменаси жадваллари билан белгиланади ва бошқа турларини назарда тутиши мумкин.
Масалан, олти кунлик иш ҳафтасида ходимларнинг ҳафтада беш кун 7 соатдан, дам олиш куни арафасидаги кунда 5 соат ёки тўрт кун 7 соатдан ва икки кун 6 соатдан ёхуд икки кун 7 соатдан ва тўрт кун 6,5 соатдан ишлашини назарда тутиш мумкин.
Беш кунлик иш ҳафтасида иш вақтининг қирқ соатлик муддати саккиз соатлик иш кунини белгилаш йўли билан таъминланади.
Иш вақтини жамлаб ҳисобга олишнинг моҳияти шундаки, ҳисобга олинадиган даврдаги иш вақтининг муддати иш соатларининг нормал миқдоридан ошиб кетмайдиган шарт билан корхонада иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш жорий қилиниши мумкин. (Масалан, ой, йил чораги, мавсум, йил ва шу каби муҳлатларда).
ЎзР МКнинг 122-моддаси биринчи қисмига биноан соат 22-00 дан то соат 6-00 гача бўлган вақт тунги вақт деб ҳисобланади5. Тунги вақтдаги ишнинг ўзига хос хусусиятларидан бири шуки, ходим учун белгиланган кундалик иш вақти муддати ёки иш сменаси муддатининг камида ярми тунги вақтга тўғри келса, тунги иш вақти муддати бир соатга, иш ҳафтаси муддати ҳам шунга мувофиқ равишда қисқартирилади.
Ишлаб чиқариш шароитларига кўра зарур бўлган ҳолларда, хусусан ишлаб чиқариш узлуксиз бўлган жойларда, шунингдек бир кун дам олинадиган олти кунлик иш ҳафтаси шароитида смена бўлиб ишланаётган жойларда тунги иш муддати кундузги иш муддатига тенглаштирилади.
Тунги пайтда иш вақтидан фойдаланишнинг бошқа бир ўзига хос хусусияти айрим тоифадаги ходимларни тунги вақтдаги ишга жалб этиш чеклангандир.
Масалан, ЎзР МКнинг 245-моддасига биноан ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни тунги ишларга жалб этиш тақиқланади. Бу қоида ўзгармас бўлиб, ўсмир йигит ёки қизларнинг тунги сменада ишлашигина эмас, балки унинг иш вақтининг бир қисмигина тунги иш вақтига тўғри келиб қолишининг ўзи ҳам қонун талабининг бузилиши деб ҳисобланади.
ЎзР МКнинг 228-моддасига биноан ҳомиладор аёлларни ҳамда ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни тунги вақтдаги ишларга фақатгина уларнинг розилиги билан жалб қилиш мумкин. Шу билан бирга, бундай розилик бўлган тақдирда ҳам, ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар тунги вақтдаги ишларга, бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина қўйилиши мумкин.
ЎзР МКнинг 220-моддасига биноан ногиронлар фақатгина уларнинг ўз розилиги билан, башарти улар учун бундай ишлар тиббий тавсияларда тақиқланмаган бўлса, тунги вақтдаги ишларга қўйилади.
Тунги вақтдаги ишларга тиббий хулосага биноан бундай иш соғлиги ҳолатига тўғри келмайдиган ходимлар ҳам қўйилмайди.
ЎзР МКга биноан тунги вақтдаги иш учун тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдори ҳам жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, – иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади. Тунги вақтдаги ишнинг ҳар бир соати учун камида бир ярим баравар миқдорда ҳақ тўлаш ҳамда оширилган миқдорда тўланган ҳақ тариф ставкаларига ва мансаб маошларига қўшилмаган ҳолда белгиланади.
ЎзР МК 124-моддасининг биринчи қисмига биноан ходим учун белгиланган кундалик иш (смена) муддатидан ташқари ишлаш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади.
Меҳнат кодекси дам олиш ва байрам кунларида ишга жалб этиш чекланганлиги тўғрисидаги умумий талабни назарда тутади. Бундай кунларда ишга жалб этишга умумий қоидадан истисно сифатида қаралади. Дам олиш ва байрам кунларидаги ишларга, биринчидан, корхонанинг фақат айрим ходимларини, иккинчидан эса алоҳида, олдиндан назарда тутилган ҳоллардагина жалб этишга йўл қўйилади.
ЎзР МКнинг 132-моддасига биноан алоҳида ҳолларда иш берувчининг фармойиши бўйича айрим ходимларни дам олиш кунлари ишга жалб этишга, ҳар бир корхона жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланган асослар бўйича ва тартибда йўл қўйилади.
Корхонада ходимларни дам олиш кунларидаги ишларга жалб этиш тартибини белгилашда қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган чеклашларга қатъий риоя этиш керак. Жумладан, ЎзР МКнинг 220-моддаси бешинчи қисмига биноан, ногиронларни дам олиш кунларидаги ишларга жалб этишга уларнинг розилиги билангина, башарти улар учун бундай ишлар тиббий тавсияларда тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади.
ЎзР МКнинг 228-моддасига биноан ҳомиладор аёлларни ва ўн тўрт ёшга тўлмаган (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон )боласи бор аёлларни ҳам иш берувчи дам олиш кунларидаги ишларга фақатгина уларнинг розилиги билангина жалб этишга ҳақлидир.
Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимлар, ЎзР МКнинг 245-моддасига биноан, ҳар қандай ҳолларда ҳам дам олиш кунларидаги ишларга қўйилмайди.
ЎзР МКнинг 124-моддаси иккинчи қисмига биноан иш вақтидан ташқари ишлар фақатгина ходимнинг розилиги билан қўлланилиши мумкин. Ходим иш вақтидан ташқари ишларга жалб этилганда ҳар бир ҳолда унинг розилиги олиниши керак.
Қуйидагиларни ҳатто ўзлари розилик берган тақдирда ҳам иш вақтидан ташқари ишларга жалб этилиши тақиқланади .
Do'stlaringiz bilan baham: |