Ўртача қийматлари (4-7 стенлар): шахснинг ўзига бўлган муносабатни танлашини ифодалайди. Бундай шахс ўзининг айрим сифатларини юқори баҳолашга, уларнинг ноёблигини эътироф этишга мойил бўлади. Бошқа сифатларини эса паст баҳолайди. Шу боис, атрофидагиларининг эътирозлари унда қадр-қимматсизлик ва лаёқатсизлик ҳиссини туғдириши мумкин.
Паст қийматлари (1-3 стенлар): шахснинг ўзини ноёб хислатлар эгаси эканига шубҳа қилишини ва маънавий «Мен»ини паст баҳолашини кўрсатади. Ўзига бўлган ишончнинг етишмаслиги муҳит таъсирига етарлича қаршилик кўрсата олмаслигини билдиради. У танбеҳ ва танқидларга таъсирчанлиги боис аламзада ва кўнгли ўксик бўлиб қолади, ўзига хос эканлигига шубҳа билан қарайди.
6. «Ўз-ўзини қабул қилиш» шкаласи шахснинг ўз ички майлларига қулоқ солишини, камчилик ва ожизликларига қарамасдан, аслида қандай инсон бўлса, ўзини худди шундай қабул қилишини билдиради.
«Ўз-ўзини қабул қилиш» шкаласининг юқори қийиматлари (8-10 стенлар): шахснинг ўз «Мен»ини ҳар томонлама қабул қилишга мойиллигини, хулқ-атворини тўла эътироф этишини характерлайди. Умумий ҳолда, у ўзини ижобий баҳолайди, ўз-ўзига самимий, барча инсоний сифатларини қадрлайди. Ўзининг камчиликларини бартараф этишга интилади. Омадсизлик ва низоли вазиятлар унинг учун ўзини ёмон инсон ҳисоблашга асос бўла олмайди.
Ўртача қийматлари (4-7 стенлар): шахснинг ўзига муносабатни танлашини билдиради. У ўзининг барча фазилатларини эътироф этавермайдиган ва ҳамма камчиликларини танқид қилавермайдиган инсон.
Паст қийматлари (1-3 стенлар): шахснинг ўз-ўзига нисбатан салбий ва ҳаддан ортиқ танқидий муносабатда эканини англатади. У ўзига ҳар доим ҳам ижобий муносабатда бўлавермайди, у ўзини турли йўналишларда салбий баҳолайди: ҳазил-мутойиба, киноя, ўз-ўзини таҳқирлаш ва бошқалар.
7. «Ўз-ўзига садоқат» шкаласи инсоннинг шахсий ўзгаришига бўлган муносабати даражасини аниқлайди.
«Ўз-ўзига садоқат» шкаласининг юқори қийматлари (8-10 стенлар): «Мен»-концепциясининг юқори даражада «қотиб қолганлиги»ни, ўз сифатларини ўзгаришсиз сақлашга интилишини, ўз-ўзига бўлган талабларни, энг муҳими, шахснинг ўз-ўзига берган баҳосини акс эттиради. Ўз-ўзидан қаноатланиш ва идеалга эришганлик ҳисси ўзини ривожлантириш ва камол топтиришга тўсқинлик қилади. Юқори даражадаги безовталик ва теварак-атрофни ўз-ўзини баҳолашга таҳдид солувчи сифатида идрок этиш шахснинг ўзлигини намоён этишига халақит беради.
Ўртача қийматлари (4-7 стенлар): шахснинг ўз шахсий сифатларига муносабатларни танлаб қабул қилишини, кўп сифатларини ўзгартирмасдан, фақат айрим хусусиятларинигина ўзгартиришга интилишини кўрсатади.
Паст қийматлари (1-3 стенлар): «Мен»-концепциясининг ўзгаришига, ўзини англашнинг янги тажрибаларини ўзлаштиришга, реал ва идеал «Мен»нинг мослигини излашга тайёргарликни ифодалайди. Ўз-ўзидан қониқмаслик оқибатида «Мен»ни ривожлантириш ва камол топтиришга интилиш истагини билдиради.
8. «Ички зиддият» шкаласи шахснинг ички зиддиятларини, гумон-шубҳаларини, ўзидан норозилигини, ўз-ўзини тафтиш ва таҳлил этиш ҳолатини ифодалайди.
«Ички зиддият» шкаласининг юқори қийматлари (8-10 стенлар): шахснинг ўзига нисбатан салбий муносабатда эканлигини билдиради. У ўз «Мен»ини доимо назорат қилади, ички кечинмаларини чуқур баҳолашга интилади. Ўз-ўзини таҳлил этишнинг ривожланиши ўзини тафтиш этишга, бу эса ўз навбатида, камчилик ва нуқсонларини тушуниб етишга олиб келади. Ўзига нисбатан ўта талабчанлик идеал «Мен» билан реал “Мен” ўртасида, истак-хоҳишлари ва амалда эришган ютуқлари ўртасида зиддиятларнинг юзага келишига, ўзининг қадр-қиммати унчалик юқори эмаслигини тан олишига олиб келади. Ўзини ютуқлари ва камчиликларининг асл сабабчиси деб билади.
Ўртача қийматлари (4-7 стенлар): вазиятга мослашув даражасига қараб, шахснинг ўзига нисбатан муносабат белгилашини характерлайлди. Бундай тоифадаги шахслар ўзи учун одатий бўлган, яъни яхши таниш ёки назарда тутилган шарт-шароитларда ўзига ижобий муносабатда бўладилар, ўз фазилатларини эътироф этадилар ва ютуқларини юқори баҳолашади. Кутилмаган қийинчиликлар, юзага келган тўсиқлар ўз ютуқларини етарлича баҳолашга имкон бермайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |