45-модда. Пруденциал назорат
Банк фаолиятининг ўзига хос таваккалчиликларининг олдини олиш ва қисқартириш мақсадида Марказий банк, башарти банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилса, банклар фаолияти устидан пруденциал назоратни таъминлайди.
Пруденциал назоратни таъминлаш учун Марказий банк:
банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликнинг пруденциал талабларига мувофиқ бўлиши учун банклар томонидан фойдаланиладиган тизимлар, стратегиялар, тартиб-таомиллар ҳамда механизмлар устидан;
банкларга таҳдид солаётган ёки таҳдид солиши мумкин бўлган таваккалчиликлар, оқилона бошқарув таъминланганлиги ҳамда таваккалчиликларни мувофиқлаштирувчи механизмлар банкларнинг капитали ва ликвидлиги билан қопланганлиги устидан;
банкларнинг таваккалчиликни бошқариш, шунингдек корпоратив бошқарув жиҳатидан банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлиги устидан назоратни амалга оширади.
Банклар ўзининг банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликнинг пруденциал талабларига мувофиқлигини баҳолаш учун зарур бўлган ахборотни Марказий банкка тақдим этиши шарт.
Банкларнинг ички бошқарув механизмлари, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботларнинг юритилиши, шунингдек маъмурий тартиб-таомиллари банкларнинг пруденциал талабларга мувофиқлигини текшириш имконини бериши керак.
Банклар Марказий банк томонидан пруденциал талабларга мувофиқликни текшириш учун битимлар ва операцияларни Марказий банк томонидан белгиланган қоидаларга мувофиқ рўйхатга олиши шарт.
Марказий банк банклар капиталининг монандлигини уларнинг таваккалчиликлари соҳасидан келиб чиқиб баҳолаш учун уларнинг фаолияти, ташкил этилиши ва ички жараёнлари тўғрисида ахборот олиш мақсадида банклар билан ҳамкорлик қилади.
Зарур ҳолларда Марказий банк назорат вазифаларини бажариш учун ташқи экспертларни жалб этишга ҳақли.
46-модда. Текшириш ва баҳолаш жараёни
Марказий банк банклар томонидан фойдаланиладиган тизимлар, стратегиялар, тартиб-таомиллар ҳамда механизмларнинг банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини текширади, шунингдек банкларнинг мавжуд ва эҳтимолдаги таваккалчиликларини, шу жумладан алоҳида банклар томонидан банк (молия) тизимига хавф солувчи таваккалчиликларни баҳолайди.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган текширувлар ва баҳолашларда банклар томонидан банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларининг бажарилиши зарурлиги ҳисобга олинади.
Марказий банк ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган текширувлар ва баҳолашларнинг натижалари асосида банк фаолиятининг ихтисослашуви, миқёси ва мураккаблигини, шунингдек оқилона бошқарувнинг таъминланганлиги ҳамда таваккалчиликларнинг ўрни банкнинг регулятив мувофиқлик механизмлари, капитали ва ликвидлилиги билан қопланганлиги даражасини аниқлайди.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган текширувлар ва баҳолашларни ўтказиш даврийлиги ва даражаси Марказий банк томонидан мутаносиблик принципидан, шунингдек банк фаолиятининг тизимдаги аҳамияти, ихтисослашуви, миқёси ва мураккаблигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан келишувларсиз ва хабар берилмасдан мустақил равишда белгиланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |